АДАШГАНЛАР НАИНКИ ЎЗЛАРИ ЗАВОЛ ТОПДИ, БАЛКИ БОШҚАЛАРНИ ҲАМ ЧОҲГА ТОРТИШГА УРИНИШГАНДИ
Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунё жамоатчилигини қаттиқ ташвишга солаётган иллатлардан бири — гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик аталмиш иллат иродаси, иймон-эътиқоди заиф кимсалар онгини тезда забт этиб олади. Оқибатда эса, улар бу машъум оғунинг қулига айланади.
Инсон табиатидаги бу янглиғ заифлик гиёҳфурушлик йўли билан бойишни кўзлаган кимсаларга, айниқса, қўл келди. Ва «дори»га ружу қўйиб, унга «банди» бўлганлар беихтиёр гиёҳфурушларнинг қулига айланишади. Албатта, барча замонларда ҳам бу жирканч қилмишга қўл уриб, ўзгалар ҳаётини заҳарлаш, одамларни унинг қулига айлантиришга қаратилган ҳаракатлар қаттиқ қораланган. Масаланинг узил-кесил ечими эса, суд жараёнида рўёбга чиқади. Унда адолат ва ҳақиқат устуворлиги тамойилига қатъий амал қилинади. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган навбатдаги суд жараёнларида жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди томонидан 2015 йилнинг декабрь ойида кўрилган бир жиноят иши Олий суднинг протестига асосан қайта кўриб чиқилди.
Мазкур жараёнда айнан юқорида уқтирилган ҳолат: «оғу»нинг қулига айланган бир гуруҳ шахсларнинг қилмишига қонуний баҳо берилди.
Айтиш керакки, бундан тўрт йил муқаддам чиқарилган суд ҳукмида қайд этилишича, Нукус туманининг Узункўл қўрғони, Каттагар овулида яшовчи Баҳром Аминов, Ниятулла Торебоев, Тўрткўл туманининг Оққамиш овулида истиқомат қилувчи Амангелди Аразматов, Бобомират Тағановлар 2013-2015 йиллар давомида жами 9 та ҳолатда оғир оқибатли гиёҳвандлик жиноятига қўл уришган. Улар жиноий қилмишларини уюшган, ўзаро тил бириктирган ҳолда амалга оширишган. Бу жараёнда турли хуфя йўллар билан қўлга киритилган 224 грамм «таръяк» гиёҳвандлик моддасини сақлаб келиб, 16 миллион 940 минг сўмга сотиб юборишган. Албатта, уларнинг бу қилмиши жиддий жазога сабаб бўлган. Яъни уларнинг ҳар бири Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига мувофиқ 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Аммо айбдор деб топилганлар суд ҳукмидан норози бўлиб, юқори инстанцияга мурожаат қилишди. Хусусан, улар Олий судга кассация тартибида мурожаат қилишди.
Жиноят иши Олий судда батафсил ва атрофлича ўрганиб чиқилгач, уни биринчи босқич судида қайта муҳокама қилиш зарур, деган хулосага келинди.
Шундан сўнг маҳкумлар шикояти замиридаги ҳақиқат юзага қалқиб чиқди.
Дастлабки босқич суди томонидан жами 9 маротаба содир этилгани баён қилинган жиноий кирдикорларнинг 8 таси маҳкумлар гарданига асоссиз юклангани, шу юзасидан чиқарилган ҳукм эса, шубҳа-гумон ва тахминларга асосланган ҳолда, айбланувчиларнинг иқрорлигига кўра, чиқарилгани маълум бўлди. Аниқланишича, айбланувчилар ушбу 8 та жиноий қилмишни тасдиқловчи далил-исботларсиз суд қилинган. Бу эса, табиийки, қонун талабига зид. Маҳкумлар ана шу аснода 2013-2015 йиллар давомида амалга оширилгани қайд қилинган бир қатор айблардан халос бўлишди. Лекин айб бутунлай асоссиз эмас. Судланганлар 2015 йилнинг 2 сентябрь куни ашаддий жиноий қилмиш устида қўлга олинган ва бундай кирдикор учун қонун олдида жавоб бермоғи, пировардида эса, ўз қилмишининг қидирмишини татимоғи, шу аснода жазонинг муқаррарлиги таъминланмоғи шарт.
…Нукуслик Б. Аминов ўша куни каллаи-саҳарлаб таниши Н. Торебаевга сим қоқди. Зарур иш чиқиб қолганини айтаркан, автомашинасида тезда етиб келишини илтимос қилди. Ниятулла ҳам ҳаялламади. Орадан 5-10 дақиқа ўтмаёқ бошқарувидаги 95 J 087 ВА давлат рақамли «Нексия» русумли автомашинасини Баҳромбойнинг хизматига шай қилди. Танишлар вақтни беҳуда ўтказишмади. Ниятулла Баҳромнинг кўрсатмасига мувофиқ автомашинасини Тўрткўл томон ҳайдади. Шериклар узоқ йўл босиб, чошгоҳ маҳали кўзланган манзилга етиб келишди. Баҳром овлоқроқ жойда автомашинадан тушиб, у ёғига якка ўзи кетди. Ниятулла йўл ёқасида қолди.
Мижоз ўзини кўп куттирмади. Ярим соат ўтмаёқ яна Ниятулланинг автомашинаси олдида пайдо бўлди: қўлида алланима жойланган елим халта. «Нексия» яна пойтахт — Нукус сари йўл олди. Бироқ автомашина ортга катта магистраль йўл бўйлаб эмас, балки ички ва айланма йўллар орқали қайтди.
Аммо «Нексия» Беруний тумани бўйлаб ҳаракатланиб бораётган пайтда кутилмаганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари уни тўхтатишди.
Иш тескарисига кетди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари автомашинани кўздан кечирамиз, дейишди. Ниятулла эса, бунга ҳожат йўқлигини айтди ва Баҳромбой томонидан ҳали қўлига тутқазилган елим халтани автомашина ичидан олиб, тезкор ходимлар қўлига тутқазди.
Машъум жиноятнинг совуқ турқи ана шу аснода кўринди. Автомашинанинг хуфя жойидан топилган матоҳ эса, вазни 48,48 граммдан иборат ҳақиқий оғу – «қорадори» бўлиб чиқди. Изқуварлар фурсатни бой беришмади.
Автомашина ичидан топилган «дори»нинг изини қувишди. Ипнинг учи тағин Тўрткўл, аниқроғи, ушбу туманнинг «А.Дурдиев» овули сари етаклади.
Пировардида судга айбланувчи сифатида жалб қилинган Бобомурод Тағанов ана шу манзилда истиқомат қилади. У вазни юқорида зикр қилингани миқдоридаги «дори»ни ўша куни 2 миллион 700 минг сўм эвазига харид қилгани ва шу куниёқ нукуслик Б. Аминовга жами 3 миллион 500 минг сўмга сотганини тан олди. Изқуварлар яна йўлга тушишди ва туманнинг узоқ «Оққамиш» овулига етиб боришди. Шу манзилда яшовчи Амангелди Аразматов ҳам қилмишидан тонмади. Машъум воқеа рўй берган куни Б. Тағановга 50 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик моддасининг ҳар граммини 55 мингдан, жами 2 миллион 700 минг сўмга сотганини тан олди. Яхшиямки, бу гиёҳвандлик воситаси ўз вақтида тўхтатиб қолинди. Йўқса, яна қанчадан-қанча одамларни ўзига тобе, хор ва афгор этиши, не-не оилалар кулфат ва аросат домига тушиши мумкин эди.
Кейинги босқичда ўтказилган суд жараёнида масаланинг ушбу жиҳати олдингги маррага чиқди. Қилмиш атиги бир марта содир этилгани аниқланган, бошқалари эса, ўз исботини топмагани боис муқаддам қўйилган айбдан чиқарилган бўлса-да, жиддий таъсирий чора учун шунинг ўзи етарли эди. Ушбу босқичда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти судлари томонидан ўтказилган такрорий тергов-суриштирув жараёнларида Жиноят кодексининг 273 моддаси 5-қисми бўйича аввалги судлов тадбири асносида қўйилган айб асосли, деб топилди. Гарчи дастлабки судлов маҳали айбланувчилар зиммасига жами 9 та ҳолат бўйича юкланган айбларнинг 8 таси улар гарданидан соқит қилинган бўлса-да, мазкур модда талаблари бу гал ҳам татбиқ этилди. Суд ажрими ушбу моддага биноан чиқарилди.
Суд жараёнида айбланувчилардан яна бир айб — «уюшган гуруҳ» «ёрлиғи» ҳам олиб ташланди.
Такрорий суд мажлислари чоғи ушбу ҳолатларнинг бари инобатга олинди.
Айбланувчиларни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга қарата муқаддам чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилди, улар зиммасидаги жазо муддатлари сезиларли тарзда қисқартирилди ва уни ўташ шартлари енгиллаштирилди. Бунинг устига Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил12 октябрдаги амнистия актига мувофиқ жазо муддати яна учдан бирига қисқартирилди. Бироқ шу озгина жазонинг ўзи ҳам оғир ҳамда аянчли қисмат ва инсон учун исноддан бўлак ҳеч нарса эмас. Чунки чинакам бахтли ва тотли ҳаётни эса, уқтирилгани янглиғ ҳалоллик, поклик, фидойилик, меҳнатсеварлик, чин инсонийлик аталмиш нурли ва истиқболли манзиллардан изламоқ жоиз.
Музаффар Самандаров,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти
судининг судьяси
Фикр қолдириш