АРОСАТ КЎЧАСИНИНГ БОШИ БЕРК ЁКИ БУЗҒУНЧИЛИККА ДАЪВАТ ЖОҲИЛЛИКДИР

Мамлакатимизнинг амалдаги қонунларида қайд қилинганидек, ўзгалар қалбини бузғунчи ният йўлида куч ёки руҳий таъсир остида эгаллаш, бошқариш, измига юргизиш, тазйиқ ўтказиш, азоблаш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.

Дарҳақиқат, шундай: бутун жаҳон, жумладан, юртимизда тан олинган ва устувор саналган демократик тамойилларга кўра, инсон ўз ҳаёт йўлини ўзи танлаши, онг-тафаккурини ҳам ўзи бошқариши, ёт ва ғализ қарашлардан ўзи­ни асраши, унинг қулига айланмаслиги даркор. Бу борада унга таъсир ўтказишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат қаттиқ қораланади.

Афсуски, хонқалик Мурод Эшчонов (1993 йил туғилган, ҳали уйланмаган) ана шу тамойил — қонун талабини билиб туриб, поймол этди. У бу қора қилмишга жиноят қонунчилиги талабларини билмаган, англамаган ҳолда эмас, аксинча, идрок этган, ҳатто оқибатларини яхши билган ҳолда қўл урди.

Юртимиз қонунчилиги дин ва виждон эркинлигини эъ­ти­роф этибгина қолмайди, унга тўла-тўкис амал қилинишини ҳам кафолатлайди.

Бунинг учун кенг ҳуқуқ, етарли имконият ва зарур шарт-шароитлар яратади. Ва уқдирилганидек, ёт ҳамда ёвузлик руҳи билан йўғрилган диний ақидалар, бузғунчиликка ундовчи ғализ ва ға­разли қарашларни хусусий йўл билан руҳий тазйиқ, даъват остида ўзга бировлар онгига сингдиришга қаратилган ножоиз амал ва уринишлар қонунга зид ҳолат ҳисобланади.

Хонқа туманининг Навхос қишлоғида яшовчи М. Эшчонов қонуннинг ана шу тамойилини 2018 йил поёнига етар чоғи Туркия Республикаси сарҳадини кесиб ўтгач, бирдан унутди. Аниқроқ айтганда, у кўра-била туриб, буз­ғун­чилик йўлига кирди. Атиги бир муддат новвойлик, сўнгра тикувчилик корхонасида ишлар экан, кунлардан бир кун у узоқ Хо­разм­га сим қоқди. Яқинлари: отаси, онаси, синг­лиси ва унинг қаллиғи Муродбекнинг даъватини ерда қолдиришмади. Туркияга ҳаялламай етиб келишди. Муродбек ўзи­ни шу ернинг хўжайинларидек ҳис эта бошлади, дадиллиги қўзиди. Кўнгли тинч ва осуда меҳнатни эмас, буз­ғунчиликни қўм­сади. Тақводорликни касб қилсаям, кошкийди. Йўқ, бу йўл унга маъ­қулмас. Оддий тақводорликдан иш чиқмайди. Бундай алфозда инсон қалбини забт этиш, уни диний ақидапа­раст­лик кўчасига етаклаш амри маҳол.

Биласиз, эзгу мақсадлар: ялпи тинчлик, осойишталик, аҳиллик, баҳамжиҳатлик, муросаю мадора, бағрикенглик, меҳр-оқи­бат, кечиримлилик, саховатпешалик ҳислари ва амалларига йўғ­рилган.

Афсуски, бундай ибратли ҳаёт йўли Муродбекка ўхшаганларга хуш келмайди.

Муродбек диний ақидапарастлик, зўравонлик, бузғунчиликнинг қўланса ҳиди ан­қи­ётган ёвуз ғоялар, қарашларни ўз она юрти ва бошпана топган манзил-макондаги яқинлари, узоқ-яқин танишлари онгига сингдириш билан кифояланмади. Ўнларча юртдошлари ва Туркиядаги таниш-билишларга мобил телефони ва юзма-юз ҳолда учирма қилинган даъватларни оз билди. Орадан кўп ўт­маёқ, тегишли интернет маконида «Alhamdulillah», «www.facebook.com» ижтимоий тармоғида «Murod Eshcha­nov», телеграмм каналида эса, «Alhamdulillah Muslim» деб номланган профиллар пайдо бўлди. Унинг асосчиси Муродбекнинг шахсан ўзи эди.

Сиёсат ҳамда дин олами табиатидан бохабар бўлганлар ислом дунёсидаги номатлуб ақидапараст муллалар, шахсий мақсади, жумладан, мўмай бойликни кўзлаган ғараз ниятли корчалонлар, ўзини уламо сифатида танитишга уринаётган ғаламис сафсатабозлар ва уларнинг қилмишлари тафсилотини бирмунча аниқ билишади. Мурод мусулмон оламининг нафрати ва тавқи-ланъатига учраган ана шу бузғунчи кимсаларнинг булғанган этагини тутди. Уларнинг бузғунчи «даъвати», «маъруза»лари, жонли овози битилган аудио ёзувлар, видеороликлар, ёвузлик, қотиллик, қаттоллик, зўравонлик манзаралари акс эттирилган даҳшатли тасвирларни ҳеч иккиланмай ўз ихтиёридаги ана шу тармоқларга жойлади ва уни кўриш, эшитишни барча танишу-нотанишларга тавсия этди. Шу аснода ўзини аллома, олим, уламо деб эълон қилган ўнга яқин бузғунчи муллаларнинг маъруза ва даъватларига тў­либ-тошган аудио ёзув ва видеотасвирлар зикр этилган сайтлардан жой олди. Бу ка­би руҳий таъсир, тазйиқ воситаларини тўплаш, тарқа­тиш борасидаги номатлуб фаолият эса, қизигандан-қизиди. Ўтган йилнинг биргина 3 ярим ойи: 4 апрелидан 20 июлигача ўтган вақт мобайнида атиги бир киши — А. Жабборовнинг уяли телефонига қўпорувчилик руҳидаги 12 та видеоролик ва яна шунча аудио файллар юборилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Пировардида тергов органи томонидан ўтказилган тадбирлар Муродбек хорижда экстремизм ва террорчиликни тарғиб қилаётган 40 номдаги бузғунчи тармоқларнинг электрон манзилларини ўзининг таниш-билишларига ошкор этгани, ушбу манбалар орқали тарқатилаётган ёлғон-яшиқ, иғво ва бўҳтондан иборат даъват ва маърузалар билан ҳар куни ва мунтазам танишиб боришга ундаганини кўрсатди. Тасвирлардаги даҳшатли уруш, қирғин, зўравонлик манзаралари, таҳ­қирлаш, очлик, қаҳатчиликни ифодаловчи лавҳалар инсон кўнглини хуфтон этиши, дилида бу янглиғ ҳолатларга нисбатан қаҳр ва ғазаб туйғуларини жунбушга солиши турган гап. Бироқ Муродбек одамийликнинг бу каби неъматларидан аллақачон масуво бўлган. Башарти, шундай бўлмаганида, жирканч ва аянч­ли манзаралар, пуч ғоя ва даъватлар битилган ёзув ва тасвирларни ўзгаларга асло раво кўрмасди.

Муроднинг даъватларидан ўзга юртда бирга яшаётган ота-онаси, синглиси ва унинг умр йўлдоши ҳам «баҳраманд» бўлишди. Бундай даъват ва чақириқларидан унинг ушбу мамлакатда яшаб ишлаётган амакиси О. Эшчонов, қайноғаси Ў. Хў­жаниёзов, синфдоши Т. Отажонов, яна икки нафар яқини С. Рўзиматов, С. Панаевалар ҳам четда қолишмади.

Сохта диний «арбоб» М. Эшчоновнинг чет элдаги «юриши» кечмиш йили куз, аниқроғи, ўша йилнинг 6 ноябрь куни поёнига етди.

«Истамбул-Тошкент» авиа йўналиши орқали юртимизга етиб келди.

Ёнидаги уяли телефони хотираси ёт ақидаларга бой даъват ва маърузалар, видео тасвирлар билан тўлиб-тошганига қарамай самовий бандаргоҳдаги божхона ва чегара кўригидан бирон-бир монеликсиз ўтиб олди. Бунга чиқиш жойидаги деярли назорат қилинмайдиган «яшил йўлак» бўйлаб ҳаракатлангани сабаб бўлди.

Қа­рийб минг чақиримлик Тошкент-Хонқа йўли ҳам силлиқина кечди.

Аммо қуюшқондан чиққан қилмиш силлиққина йўқолмайди, изсиз ҳам кетмайди. Муродбекнинг диний ақидапарастлик бобидаги анчайин «самарали» фаолиятининг бор тафсилоти тергов-ўрганиш тадбирлари жараёнида юзага чиқди. Устомон даъватчи Жиноят кодексининг жамоат хавф­сизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тар­қатишга оид 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди ва контрабандага доир 246-моддаси 1-қисмига биноан айбдор, деб топилди ва эҳтиёт чораси сифатида суд томонидан вақтинчалик ҳибсга олинди. Суд ушбу айбни асосли деб ҳисоблади. Бундай вазиятда айбга муносиб жазо тайинланмоғи зарур. Лекин масаланинг узрли тарафлари бор ва ишни батафсил кўриб чиққан жиноят­ ишлари бўйича вилоят суди мазкур ҳолат, чунончи, айбланувчи ўз қилмишига астойдил иқрорлиги, пушаймонлиги, машъум ҳа­ракатга оқибатини чуқур ва обдон ўйламаган, идрок этмаган алфозда қўл ургани, оилавий шароити, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан ижобий тавсифланганини инобатга олди. Масалага бағрикенглик, кечиримлилик тамойили асосида ён­дашди. Пировард натижада унга нисбатан Жиноят кодексининг жазони сезиларли даражада енгиллаштирувчи 57-моддасини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди. Табиийки, жазо ҳам ана шу модда талаби доирасида тайинланди. Судланувчи 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. У бу жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Хулоса шуки, инсон – эзгулик учун яратилган зот. Зеро, эзгуликка қўл берганлар доимо Яратганнинг марҳаматига сазовор бўлишади. Унга шак келтирган, хоҳиш-иродасига қарши борганнинг ҳолига эса, ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки улар наинки худонинг ғазаби, нафратига учрайдилар, балки эл-улус қарғишига ҳам дучор бўладилар.

Муродбекнинг айни палладаги қисмати бошқалар учун ҳам ҳаёт сабоғига айланса, айни муддао бўлади.

Музаффар Самандаров,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: