АЛДОВ ТЎРИ «ОВЧИ»НИНГ ЎЗИГА АТАЛГАН БАЛО
Самариддин (исм-шарифлар ўзгартирилди) ишдан қайтгач, уйда кутилмаган хушхабарни эшитди. Нима эмиш, у «Грин-карта» лотереясида ғолиб бўлибди, шунинг учун ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида зудлик билан Самарқанд шаҳрига, айтилган манзилга етиб бориши керак эмиш.
Бу воқеа 2018 йилнинг июль ойида бўлиб ўтганди.
Бир йил бурун — 2017 йилнинг ёзида Самариддин олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун Самарқандга борган пайти кўчада аллақандай нотаниш кимсалар АҚШ давлатига бориш учун «Грин-карта» лотерея ўйинида иштирок этишга таклиф қилишганди.
Самариддин қизиқиб, улар берган анкета саволларига ўзи ҳақидаги маълумотларни ёзиб берганди. Энди эса, лотерея ўйинида ғолиб бўлгани тўғрисида хуш хабар келиб турибди.
У буни эшитиб, қувончдан боши осмонга етди ва эртаси куни эрта тонгда Самарқандга отланди. Шаҳарнинг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган «Фарм медикал люкс таблетка» хусусий корхонасини топиш унчалик қийин бўлмади. Хусусий корхона хўжайини Сами Сиддиқов Самариддиннинг келишидан хабардор экан, дарров мақсадга кўчди.
— Аввало «Грин-карта» лотереяси ўйинида ғолиб чиққанингиз билан табриклайман, — деди у йигитга бош-оёқ разм солиб. — Бундай омад ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Энди контракт-шартнома расмийлаштирсак, бас.
Ўшанда Самариддин контракт-шартномани тўлдирса бўлди, шу билан хорижга ишга жўнатиб юборишади, деб ўйлаганди. Аммо бундай бўлмади. Ҳамма савдолар ҳали олдинда экан. Аввало ҳужжатларни расмийлаштириш учун қарийб 5 минг АҚШ долларига тенг маблағ зарурлигини айтишди. Контракт-шартнома тўлови, элчихонадан виза олиш, тиббий кўрикдан ўтиш, авиачипта харажатлари, хуллас, буларнинг барига 5 минг АҚШ долларига тенг маблағ керак экан.
Бундай катта миқдордаги маблағни эшитиб, Самариддиннинг бирдан ҳафсаласи пир бўлди. Оилавий шароити қийинлиги туфайли бунча пулни тополмаслигини очиқ-ойдин айтди.
— Хорижга ишга боришингизнинг яна бир йўли бор, — деди С. Сиддиқов бироз сукунатдан сўнг. — АҚШга кетиш ниятида юрган бир қиз бор. Агар у билан никоҳдан ўтсангиз, барча харажатларни унинг ўзи кўтаради.
Буни эшитиб, Самариддин ўйланиб қолди ва у уйдагилар билан маслаҳатлашиб, жавобини айтишини билдирди.
Албатта, Самариддиннинг ота-онаси ўғлининг нотаниш қиз билан никоҳдан ўтишига қарши бўлишди. Лекин ўғли уммон ортидаги юртга ишга борса, ҳар ойда яхшигина даромад топишини ўйлаб, охир-оқибат розилик беришди.
Шундан
сўнг Самариддин яна Самарқандга, С. Сиддиқовнинг ҳузурига
борди. Чамаси, олдиндан келишилган, шекилли, орадан кўп ўтмай хонага бир қиз
кириб келади. С. Сиддиқов Самариддинга уни таништирди, исми Фароғат экан.
Шу қиз билан никоҳдан ўтса, барча тўловларни унинг ўзи амалга оширажагини
Фароғатнинг олдида очиқ айтди.
Ўша куни бўлажак «келин-куёв» никоҳдан ўтиш тўғрисида ФҲДЁ идорасига ариза беришди, сўнг оилавий поликлиникага бориб, тиббий кўрикдан ҳам ўтишди. Қисқаси, бир ой деганда, Самариддин билан Фароғатнинг никоҳи ФҲДЁ идорасида расмийлаштирилди.
Шу ўринда ўқувчида Фароғатга қалбаки никоҳ нега зарур бўлди, деган савол туғилиши баробарида, хусусий корхона раҳбари С. Сиддиқов нима учун қонунга хилоф ишларга бош қўшаяпти, бундан унга қандай манфаат бор, деган фикр ҳам пайдо бўлиши табиийдир.
Энди бу сирли воқеаларга ойдинлик киритадиган бўлсак, дастлаб «Фарм медикал люкс таблетка» хусусий корхонаси раҳбари С. Сиддиқов жанобларига тўхталиш лозим. С. Сиддиқов 1983 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, маълумоти олий, оилали, уч нафар фарзанднинг отаси. Гап шундаки, у ўзининг «Грин-карта» лотереяси бўйича катта мутахассис эканлигини давраларда оғиз кўпиртириб мақтанган. Ўйиннинг нозик томонларини мукаммал билишини айтиб, ғолиб чиқиш учун ҳужжат тайёрлашда унга ҳеч ким тенг келолмаслигини айтган. Шу сабаб содда, ўта ишонувчан одамлар хорижга ишга боришнинг амалда белгилаб қўйилган тартиб-қоидасига амал қилиш ўрнига фирибгар С. Сиддиқовдан ёрдам сўраб келишган.
Самариддин билан сохта никоҳдан ўтган Фароғат Носированинг онаси М. Солиева Америка Қўшма Штатларида яшаб, ўша ерда ишлаётганди. Фароғат АҚШга чақириб олишни сўраб, онасини ҳол-жонига қўймайди. Шундан сўнг М. Солиева таниш-билишларидан сўраб-суриштириб, телефонда С. Сиддиқовнинг аммаси З. Толипова билан боғланади ва С. Сиддиқов қизи Фароғатни қай йўл билан бўлса-да, Америкага жўнаб кетишига ёрдам беришини илтимос қилади. Суҳбат чоғида харажатлардан қочмаслиги, қуруқ қўймаслигини айтади.
Ўзини холис воситачи санаган З. Толипова жияни С. Сиддиқов билан Фароғатни таништириб қўяди.
— Гап бундай, — мақсадини Фароғатга очиқ баён қилади С. Сиддиқов. — 17 минг 500 АҚШ доллари берсангиз, «Грин-карта» лотерея ўйинида ғолиб чиққан шахс билан расман турмуш қурдириб, сизни хорижга чиқара оламан.
Фароғат унинг таклифига рози бўлади, онаси хориждан 8 минг 100 АҚШ доллари жўнатган эди, қолганини танишларидан қарз кўтариб, С. Сиддиқовнинг қўлига тутқазади.
Орадан кўп ўтмай С. Сиддиқов яна 4 минг АҚШ доллари зарурлигини айтади. Аммо ҳали бирон-бир натижа кўрмаётгани туфайли Фароғатнинг С. Сиддиқовга нисбатан ишончи йўқолаётганди. Шу сабаб у 4 минг АҚШ долларини беришни пайсалга солади. Орада онаси М. Солиева хориждан уйга — Самарқандга қайтади ва С. Сиддиқов билан учрашади.
Сўзамол, ўзини билағон қилиб кўрсатган С. Сиддиқов М. Солиеванинг ишончига киради. Она қизини АҚШга жўната олишига қаттиқ ишониб, С. Сиддиқовга сўраган 4 минг АҚШ долларини ўз қўли билан беради.
Бироқ орадан нафақат ойлар, балки йил ўтиб кетаётган бўлса-да, расман никоҳдан ўтган Самариддин билан Фароғатнинг хорижга ишга кетиши ҳануз номаълумлигича қолаётганди. Аслини олганда ҳам, С. Сиддиқов фирибгарлик йўли билан жабрланувчи М. Солиевани «чув» туширган, унинг 13 минг 800 АҚШ долларини алдов йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборганди.
Бу фирибгар кимса нафақат М. Солиевани, балки Т. Сирожевни ҳам боплаб алдайди.
С. Сиддиқов содда ва ишонувчан Т. Сирожевга АҚШ давлатига бориш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилади.
Унинг алдовига ишонган Т. Сирожев 2018 йилнинг июнь ойида 10 минг 700 АҚШ доллари, яъни Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида 84 миллион 226 минг 762 сўмга тенг миқдордаги маблағни унинг қўлига тутқазади.
Буёғини сўрасангиз, бу фирибгар Т. Сирожевдан оғзаки келишувларига кўра, 20 минг АҚШ доллари олиши керак эди. Аммо жабрланувчи М. Солиеванинг ички ишлар идорасига ёзма мурожаати бунга халал беради. Шу сабаб С. Сиддиқов ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатга кўра, Т. Сирожевдан қолган маблағни ололмайди.
Дастлабки суриштирув ва тергов чоғида С. Сиддиқов жабрланувчи М. Солиевани ўзининг ишхонасига чақиради ва 13 минг 800 АҚШ долларини қайтариб беради. Т. Сирожевдан фириб йўли билан олган 10 минг 700 АҚШ долларидан 5 минг 500 долларинигина қайтаради.
Қолган 5 минг 200 АҚШ долларни турли баҳоналарни рўкач қилиб, бермасдан алдаб келади.
Мазкур жиноят иши судда мазмунан кўрилиш чоғида жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди, ишда мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо берилди.
Суд судланувчи С. Сиддиқовга нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 9-банди, Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги қарори 37-бандидаги раҳбарий тушунтиришларга асосланди. Ҳукм қонуний кучга киргач, вилоят ИИБ депозит рақамида сақланаётган 41 миллион сўм пулларни жабрланувчи Т. Сирожевнинг фойдасига ўтказишни лозим топди.
Шундай қилиб, суд С. Сиддиқовни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жарима жазоси тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан, тайинланган жарима жазоларини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари — 20 миллион 273 минг сўм жарима жазоси тайинлади ва давлат даромадига ундирди.
Воқеа тафсилотларидан ойдинлашдики, фирибгарликни ўзига касб қилиб олган С. Сиддиқов алдовлари билан ҳеч нарсага эришолмади.
Фақат унга ишонган кишиларнинг сарсон-саргардон бўлгани қолди, холос.
Шу ўринда кўнгилдан бир қатор фикрлар кечади. Бугунги кунда хорижий давлатларга чиқиб ишлаш учун ҳеч кимга бирон-бир монелик йўқ. Фақат хорижга чиқиб ишлашнинг амалда белгилаб қўйилган тартиб-таомилига амал қилиш керак, холос.
Бу ҳақда қисқача фикр юритадиган бўлсак, фуқароларимизнинг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириши, хорижлик фуқароларнинг эса, бизда меҳнат қилишининг ташкилий-ҳуқуқий томонлари билан асосан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуғулланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан Ўзбекистон Республикасида ташқи меҳнат миграцияси масалаларини қонуний жиҳатдан ҳал этиш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ваколатли идора — Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг Тошкент, Фарғона, Нукус, Бухоро, Қарши минтақавий бюролари зиммасига юклатилган.
Агентлик қошида чет элга кетаётган фуқароларни ўқитиш, мослаштириш маркази фаолият кўрсатмоқда, улар номзодни ишга юборилаётган мамлакат қонунчилиги, тили, урф-одатлари, ишга юборишга мўлжалланган корхона ёки ташкилотдаги техника хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари билан яқиндан таништиради.
Қисқаси, шу тариқа қонуний йўл билан ишга борган фуқаро давлат ва қонун ҳимоясида бўлади. Демакки, алдов йўли билан ўзгалар бойлигини қўлга киритишни кўзлаган С. Сиддиқовга ўхшаш фирибгарларга эмас, балки қонунга таяниб иш тутган афзал.
Хулоса қилиб айтганда, билағонлик ниқобидаги алдов фирибгарга иш бермади. Алал-оқибат, жиноий қилмиш юзшувутлик билан якун топди.
Жонибек РАУПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш