ЯНГИ ВА ОҚИЛОНА ТАРТИБЛАР ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАЙДИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жи­ҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кў­ламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш масалалари доимий эътиборда турибди.

Ўтган даврда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишнинг мукаммал тизими яратилди. Содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўз­дан кечириш, тинтув ўтказиш жараёни, олинган кўр­сат­ма­ларни ҳодиса содир бўл­ган жойда текшириш, тергов экс­пери­менти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвир орқали қайд этиш шартлигининг қонуний асослари белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонун имзоланди. Янги қонун ушбу йў­налишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур қонун талабларига мувофиқ, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноят иши бў­йича гумон қилинувчига, айб­ланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қа­моғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаган тақдирда, бу ҳақда уларнинг оила аъзолари ёхуд бошқа яқин кишиларига дарҳол хабар бериши шарт.

Бундан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими жиноят содир этишда гумонланаётган шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, шунингдек, ушланган шахсни шахсий тинтув қилиш ҳамда унда бўлган нарса-буюмларни олиб қўйиш тарзидаги тергов ҳаракатларини ўтказаётганида, бу жараёнлар видеоёзувга қайд қилиниши лозим.

Шу билан бирга, амалиётда шахсни ушлаш чоғида видеоёзув воситаларини қўл­лаш имкони бўлмайдиган турли вазиятлар бўлиши мум­кинлиги инобатга олинди. Қонунда ушлаб туришни видеоёзув орқали қайд этишнинг мажбурийлигини белгиловчи қоидага истисно ҳам назарда тутилмоқда.

Яъни шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни ўтказишнинг кечиктириб бўл­майдиган ҳолларида, масалан, жиноят содир этилган жойда шахсни ушлаш, қидирувда юрган шахсни ушлаш каби тезкор жараёнларда уш­бу амалиётларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг ва­колатли шахс видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини мажбурий тартибда тушунтиради.

Маълумки, жиноят процессуал қонунчилигига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир.

Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, эндиликда ҳимоячидан воз кечиш жараёни ҳам видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Мазкур жараён туширилган видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади.

Мазкур қонун билан амалиётда юзага келаётган кўплаб тушунмовчиликлар ҳамда норозиликларнинг олди олинади. Шу билан бирга, қонуннинг тўлиқ амал қилиши ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан берилаётган шикоятларнинг камайишига олиб келади.

Энг муҳими, белгиланган ушбу янги ва оқилона тартиблар жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: