МЕҲНАТ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАР

Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар меҳнат низолари ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, республика фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2019 йилда 4 233 та меҳнат низоларига оид иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1 964 таси ишга тиклаш, 1279 таси иш ҳақини ундириш, 196 таси ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш ва 700 таси бошқа низолар билан боғлиқдир.

Йил мобайнида суд қарори асосида 775 нафар ходим ишга тикланган, 873 нафар ходимнинг иш ҳақи ундириб берилган.

Шунингдек, 2019 йилда Олий судда жами меҳнат низолари билан боғлиқ 242 та фуқаролик иши назорат тартибида ўрганилган бўлиб, 22 та фуқаролик иши бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, даъвогарларнинг даъво талаблари қаноатлантирилган, яъни фуқаролар аввалги лавозимларига ишга тикланиб, ишламаган кунлари учун иш ҳақлари ундириб берилган.

Кўриниб турибдики, судда кўрилган меҳнат низоларининг аксарияти ишга тиклаш ҳақидаги даъволар билан боғлиқдир. Шу боис, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда.

Меҳнат низоларининг судда кўриб чиқилишида мазкур тоифадаги ишларга хос алоҳида хусусиятлар инобатга олиниши керак.

Биринчидан, судга тааллуқлилик масаласи муҳим аҳамиятга эга. Амалдаги Меҳнат кодексининг талабларига асосан, меҳнат низолари фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларида кўрилади.

Судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, даъво аризалари жавобгар, яъни иш берувчи – юридик шахс жойлашган ердаги судга берилади.

Меҳнат кодексида меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга қуйидаги шахслар белгиланган:

– ходим, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи;

– меҳнат ҳуқуқи бўйича инспектори;

– иш берувчи, меҳнат низолари комиссия­сининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, шунингдек унга ходим томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низолар бўйича;

– прокурор.

Меҳнат кодексининг 277-моддаси ва Солиқ кодексининг 329-моддасига асосан ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар.

Назарда тутиш керакки, давлат божини тўлашдан фақатгина даъвогар озод этилади, даъво қаноатлантирилган тақдирда суд давлат фойдасига жавобгардан давлат даромадига божни ундиради.

Иккинчидан, судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш муддатларига ҳам эътибор қаратиш зарур. Меҳнат кодексида судга мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:

ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича – зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

Меҳнат кодексининг 97-моддаси меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини бир неча турга бўлган, яъни:

– тарафларнинг келишувига кўра;

– тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

– муддатнинг тугаши билан;

– тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар;

– меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра;

– янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйи­ча ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Тарафларнинг келишувига биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин. Бунинг учун иккала тарафнинг ҳам хоҳиши талаб этилади.

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда ходим икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириши лозим (келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин).

Икки ҳафта ёки тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризани қайтариб олишга ҳақли.

Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларига эса қуйидагилар киради:

– технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

– ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

– ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги;

– ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги;

– ўриндошлик асосида ишламайдиган бош­қа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;

– корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;

– ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳ­натни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Бунда ҳам ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши лозим (тарафларнинг келишувига кўра огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин).

Огоҳлантириш муддати даврида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади.

Иш берувчи камида икки ой олдин ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига ҳам маълум қилиши шарт.

Шунингдек, мазкур вазиятда ходимга бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.

Иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Ходимни огоҳлантириш муддатига вақ­тин­ча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди.

Башарти, жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олиш талаб этилади (корхонанинг тугатилганлиги бундан мустасно).

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштириш маҳаллий меҳнат органи томонидан амалга оширилади.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Бунда ҳам ходим камида икки ҳафта олдин огоҳлантирилиши, унинг қонундаги бошқа ҳуқуқларига риоя этилиши зарур (тарафларнинг келишувига кўра огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин).

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан так­роран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади.

Ушбу асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчи ходимни камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга мутаносиб компенсация тўлайди.

Башарти, жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олиш талаб этилади.

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Интизомий жазо чораси қўлланилишидан олдин ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим.

Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги муносабати билан  меҳнат шартномасини бекор қилишда ҳам худди шундай тартибга амал қилиниши лозим.

Ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли, ўриндошлар билан ҳам меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган баъзи ҳолатларда ҳам бекор қилиниши мумкин.

Гулнора Парпиева,

Мухаббат Рабиева,

Олий суд судьялари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: