ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Баъзи ҳолатларда судга мурожаат қилиш лозим бўлганда келгусида қабул қилинадиган суд қарорининг  ижро этилишини таъминлаш асосий масала ҳисобланади. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда мулкий низолар бўйича жавобгар тараф унга нисбатан судга даъво аризаси тақдим этилганлиги тўғрисида маълумотга эга бўлганидан сўнг келгусида суд қарорини ижро этиш мумкин бўлмай қолиши учун ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини бошқа шахсларга ўтказишга, мол-мулкини яширишга, сотиб юборишга, ҳадя қилишга ва бошқа усулларда бегоналаштиришга ҳаракат қилади.

Шунинг учун қонунчиликда иқтисодий процессуал тартибда тикланадиган талабларни ҳимоя қилиш мақсадида даъвони таъминлаш бўйича чоралар тизими назарда тутилган. Даъвони таъминлаш чораларини кўришдан мақсад келгусида суд қарорининг ижросини жавобгарнинг пул маблағлари ёки мол-мулкига қаратиш учун унинг айни пайтдаги мулкий ҳолатини сақлаб туришдир.

Даъвони таъминлаш чораларини қўллашдан манфаатдор бўлган шахс, аввало, мазкур чораларни ижро этиш аниқлиги, уларни қўллаш мақсадга мувофиқлиги ва билдирилган талабларга мутаносиб бўлишини инобатга олиши зарур.

Иқтисодий суд ҳал қилув қарори ижросининг қийинлашиши ёки кечиктирилишининг олдини олиш мақсадида суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш чораларини кўради.

Ҳуқуқшунос М. С. Шакаряннинг фикрича, даъвони таъминлаш чоралари даъвогарнинг жавобгарга нисбатан келтирган даъво талабини олдиндан ҳимоялаб қўювчи воситадир. В. В. Ярков даъвони таъминлаш – даъво аризасига асосан ёки даъвогарнинг илтимосига кўра, суд томонидан унинг ажримига асосан, қонун нормаларига биноан жавобгарнинг  маълум ҳуқуқлари чекланиши деб ҳисоблайди.

Н. Ю. Круглова даъвони таъминлашга қонунда кўрсатилган, суд томонидан ёки прокурорнинг илтимосига кўра қўлланиладиган, суднинг ҳал қилув қарорини таъминлашга қаратилган ҳаракат деб таъриф беради.

Айрим ҳуқуқшунослар даъвони таъминлаш чораларини кенг талқин этиб, даъвони таъминлашдан кўра кўпроқ даъво­ни таъминлаш чораларига эътиборларини қаратадилар.

Назаримизда, иқтисодий процессда даъвони таъминлаш келгусида суд томонидан чиқариладиган ҳал қилув қарори ёки ажримининг ижросини таъминлашни кафолатлайдиган чора-тадбирлар тизимидир. Шу билан бирга, бу даъвогар даъво талабларининг кафолатидир.

Иқтисодий процессда даъвони таъминлаш учун маълум бир даъво бўйича талаб қилинаётган, у ёки бу ҳуқуқни таъминлаб бера оладиган, суднинг процессуал қонунчилик доирасида мумкин бўлган чораларни қўллаш тақозо этилади. Суд қўлланилган чораларни амалга ошириш ва белгиланган тартибга риоя этиш ёки олдин қўлланилган чораларни бошқаси билан алмаштириш масаласини ҳал этади. Шундай қилиб, даъвони таъминлаш фақат бу билан боғлиқ чораларини қўллаш тўғрисидаги процессуал ҳаракатларни эмас, даъвони таъминлаш турларининг қўлланиш тартиб-қоидалари, уларни бекор қилиш тартиби, ушбу чораларни қўллашнинг шарт-шароитларини ҳам назарда тутади.

Даъвони таъминлаш чоралари институти иккита масалани ҳал этишга қаратилади: олдиндан бузилган ҳуқуқни тиклаш; келажакда мумкин бўлган ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш. Бугунги кунда амалдаги қонунчиликда фақат суд томонидан келажакдаги ҳуқуқ бузилишининг олдини олишга қаратилган даъвогарнинг зарар кўришига  имкон бермаслик мақсадида қўлланиладиган даъвони таъминлаш чорасига урғу берилган.

Ушбу институтнинг тўғри қўлланилиши суд қарорлари ижросининг келажакдаги самарадорлигини таъминлайди, даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Айни пайтда, суднинг ҳал қилув қарорини ёки суд ҳужжатининг ижросини таъминлашга қаратилган чораларга фуқаро ва юридик шахсларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи восита сифатида қарамаслик лозим.

Давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжати қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунга зид ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъвони кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт. Бундай ариза билан тадбиркорлик субъекти манфаатида даъво киритган ваколатли органлар мурожаат қилганда ҳам суд даъвони таъминлаш чораларини кўриши зарур. Тадбиркорлик субъекти ҳисобланмаган бошқа шахслар томонидан тақдим этилган бундай аризалар умумий тартибда кўриб чиқилади.

Даъвони таъминлаш чоралари биринчи ва бошқа суд инстанцияларида қўлланилиши мумкин. Бундан ташқари, бу чоралар суд қарорлари ижросини таъминлашда ҳам қўлланилади.

Даъвони таъминлаш чоралари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

– бу чора ҳақиқатан ҳам зарурий бўлмоғи, жавобгарнинг фаолиятида қийинчилик келтириб чиқармаслиги керак;

– даъво предмети билан боғлиқ бўлиши лозим;

– даъво талабига мутаносиб бўлиши зарур.

Шу билан бирга, даъвони таъминлаш чораларининг бошқа белгиларини ҳам қайд этиш мумкин.

Биринчидан, тезкорлик, бунда даъвони таъминлаш юзасидан берилган аризага зудлик билан жавоб қайтариш лозим.

Иккинчидан, вақтинчалик хусусияти, бу вақтинчалик бирор ҳаракатни содир этишни чеклашни ифода этади.

Учинчидан, мулкий манфаатларни ҳимоя қилиш. Агарда даъвони таъминлаш чорасини кўриш зарур бўлса, бу аризачи томонидан асосланиши, агар суд томонидан ушбу чора кўрилмаса, даъвогарнинг кўрадиган ва кўриши мумкин бўлган зарари, зарарнинг қанча ва қай даражада кўриши мумкинлиги, сўралаётган даъвони таъминлаш чорасининг даъво предметига алоқаси, қўлланилиши лозим бўлган даъвони таъминлаш чораси тури, унинг зарурийлиги ва етарлилигини исботловчи далиллар келтирилиши керак.

Тўртинчидан, қўлланиладиган даъвони таъминлаш чораси даъво предметига мос ва суднинг ҳал қилув қарори ижроси билан боғлиқ бўлиши лозим. Даъво талабларига мутаносиб бўлмаган даъвони таъминлаш чорасини қўллаш суд томонидан рад этилади.

Даъвогар даъвони таъминлаш чорасини қўллашни сўраб ариза берганида унга асослар келтириши лозим. Зотан, даъвони таъминлаш юзасидан чиқарилган ажрим фақатгина жавобгарнинг инсофсиз ҳаракатларини акс эттирувчи далилларга асосланмайди.

Келажакда суд қарорининг ижроси юзасидан муаммолар туғдириши мумкин бўлган жавобгарнинг хатти-ҳаракатларини аниқлаш учун судга алоҳида мурожаат қилиш ёки суд таркиби тузиш ортиқчадир. Суд бундай ҳолатларда юзага келиш мумкин бўлган жиҳатларни инобатга олиб, ажрим  чиқаради (масалан, мулкка хавф етказилиши мумкинлиги, мол-мулкни яширишга уриниш кабилар). Бироқ, бу ҳолатларни олдиндан аниқлаб бўлмайди. Бундан ташқари, одатда, жавобгар хатлаб қўйилиши мумкин бўлган мулкини ёки муайян фаолият турига суд жараёни бошланиши хавфи туғилиши билан уни беркитишга ҳаракат қилади.

Шунинг учун ҳам айрим ҳолларда кўрилаётган даъвони таъминлаш чораси самарасиз бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Даъвони таъминлаш юзасидан чиқарилган ажримлар ижроси давлат ижрочилари томонидан суд ажримида кўрсатилган даъвони таъминлаш чорасининг турига қараб амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, ижро иши юритуви жараёнида ҳам ўзига хос ижрони таъминлаш чоралари мавжуд. Масалан, қарздорнинг мол-мулкига хатлов қўйиш ёки бирор хатти-ҳаракатни амалга оширишига чеклов қўйиш.

Судда даъвони таъминлаш билан боғлиқ ишларни юритишда ижрони амалга ошириш учун ихтиёрий муддат берилмайди.

Даъвони таъминлаш чорасини қўллаш тўғрисидаги иш юритувида даъвони таъминлаш чораси даъво аризаси бўйича  иш юритувидан алоҳида олиб борилади. Бу чоралар суд томонидан алоҳида ажримга асосан қўлланилади ва ижрога юборилади. Шунинг учун ҳам даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризалар суднинг иш юритувида алоҳида институт сифатида тавсифланади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқ соҳасида даъвони таъминлаш институти иқтисодий суд иш юритувида фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимояловчи, бузилган ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилувчи муҳим воситадир.

Авазжон Пайғамов,

Судьялар олий мактаби

тингловчиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: