ЎРИНСИЗ БАҲОНА ЎТМАДИ ВА ЖИНОИЙ ҚИЛМИШ МУҚАРРАР ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Бебаҳо саналган ҳаёт инсонга фақат бир марта берилади. Ҳаёти давомида кимдир — хайрли, эзгу амаллари билан одамлар орасида яхши ном қолдиради. Яна кимдир қонунга хилоф қилмиши ёки ман этилган фаолияти билан жамиятга зарар етказади.

Одам соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиб, ҳалол яшаса, умрини эзгу амаллар билан безаса, оилада тинч-тотувликни таъминлаб, меҳр-оқи­батли, салоҳиятли, соғлом фарзандларни тарбияласа, ҳеч шубҳасиз, унинг ҳаёти фароғатли кечади.

Тўғри, одамларнинг тақдири турлича. Лекин ҳар ким ҳам ҳалол ва заҳматли меҳнати, ях­ши хулқи туфайли эга бўл­ган обрў-эътибори, оилада ўғил-қизларига берган муносиб тарбияси туфайлигина роҳат кўради.

Ҳаёт ҳамиша ҳам силлиқ кечавермайди. Одамнинг иродаси сустлиги, баъзан эса, оқи­батни ўйламаслиги уни турли ножоиз ҳаракатлардан тийиб қолмаслиги ҳам мумкин.

Шу ўринда мақсадга ўтадиган бўлсак, инсоннинг юқори асаб тизимини издан чиқарувчи, руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказувчи гиёҳвандлик балоси ер юзида аллақачон глобал муаммога айланган. Дунёнинг барча давлатлари инсоният учун ўта хавф­ли ва хатарли иллат — гиёҳвандликнинг пайини қирқиш йўлида кескин кураш олиб бормоқда.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, гиёҳвандликка ружу қўйган одам ўзича исталган пайтда ундан воз кечаман деб ўйларкан. Аммо бу балодан қутулиш осон эмас. Бунинг учун инсонда мустаҳкам ирода, метиндек куч-қувват бўлиши керак.

Акс ҳолда, гиёҳвандлик ўз домига тушганларнинг ширин ҳаётини заҳар-заққумга айлантиради. Соғлиғини кемиради, ақлий ва жисмоний қувватини заифлаштиради. Бир пайтлар ҳамма ҳавас билан қараган оила гиёҳванд­лик балоси туфайли барбод бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар устидан назорат бошқармаси маълумотларига қараганда, бугун гиёҳвандликка ружу қўйганлар сони дунё бўйича 300 миллиондан ошган. Дунё миқёсида ҳар йили гиёҳ­ванд­ликка чалинган 200 минг нафардан ортиқ киши ҳаётдан бевақт кўз юммоқда.

Дунёда, одатда, инсон ўлимининг 43 та сабаби қайд этилади ва бу рўйхатда гиёҳванд­лик оқибатида содир бўладиган ўлим ўн тўққизинчи ўринда туради. Ёвуз ниятли гуруҳларнинг наркобизнес савдосидан топаётган даромади миқдори эса, йил сайин­ ошиб бормоқда.

Гиёҳвандлик балоси инсоният учун ўта хатарли бўлиб, дунё мамлакатларида содир этилаётган жиноятларнинг қарийб 60 фоизи гиёҳвандликка қарам шахслар ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг ёмони, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўл­моқда. Яна бир ниҳоятда хавф­ли жиҳати шундаки, гиёҳвандлик оилалар ва миллат генофондининг бузилишига олиб келади.

Тарихий манбаларда ёзилишича, гиёҳвандликка қар­ши курашиш борасида давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларига юз йилдан ошган. 1909 йил февраль ойи­да ўн учта давлат вакиллари Осиё­да гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши курашиш мақсадида Шанхайда йиғилганлар. Ўшанда илк маротаба гиёҳвандликка қарши курашиш комиссияси ташкил этилган.

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёти хавфсизлигига эришиш, саломатлигини асрашга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Бу борада барча зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар изчиллик билан амалга жорий этилмоқда.

Хусусан, салкам чорак аср­дан буён Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази фаолият юритиб келмоқда. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона конвенцияси, Психотроп моддалар тўғрисидаги ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича конвенциялар ратификация қи­линди.

Ўтган даврда «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўл­ган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунлар амалга киритилди.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 270-276-моддаларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга нисбатан жазо чоралари белгилаб қўйилган.

Ушбу турдаги жиноят ишларини судларда кўришда қонунларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш борасида Ўз­бекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорлари қабул қи­линган. Олий суд Пленумининг 2017 йил 28 апрелда қабул қилинган «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қо­нунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори шулар жумласига киради.

Мазкур Пленум қарорининг 3-бандига кўра, мамлакат қо­нунларида белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўз­бекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш қонунга хилоф муомала саналади.

Шуниси аниқки, ҳар бир қонунбузилиш ҳолати ўз нав­батида, тегишли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Судлар томонидан эса, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар қандай жиноий қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Яқинда тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 25, 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айб­дор деб топилган Аслиддин Жавлоновга (исм-шарифлар ўз­гартирилган) нисбатан жиноят иши судда мазмунан кўриб чиқилгани бунга яна бир ҳаётий мисолдир.

Суд А. Жавлоновни юқоридаги моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан судланувчини узил-кесил тўрт йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Мулоҳаза қилиб қаралса, бу дунёда борига қаноат қилган, тинч яшашни мақсад билган, ўз саломатлигини асрашни одатга айлантирган одамдан ножоиз ишлар чиқмайди. Бу — биринчидан.

Иккинчидан, орамизда гиёҳвандлик воситалари билан қо­нунга хилоф равишда муомала қилиш жиноят эканлигини билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Яна ким денг, бир пайтлар туман ички ишлар бўлими Қўриқлаш хизматида ишлаб, нафақага чиққан собиқ ходим бундай қилмишни содир этса?!

Таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд экинни экиш ва етиштириш, уни кўп миқдорда ўтказишга суиқасд қи­лиш жиноятига қўл урган шахснинг жиноий кирдикорини оқлаб ёки кечириб бўладими?!. Йўқ, албатта.

Аслиддин нафақага чиққанидан кейин бекор қолмаган. Уйи яқинидаги фермер хў­жалиги билан ўзаро келишув асосида ўн гектар ер майдонидаги ғў­за­­ларга сув тараб, уларни суғориш билан шуғулланган. Хизмати эвазига ана шу ер майдонининг бир четидаги икки қатор тут плантацияси орасига экин экиб, фойдаланиб келган.

Ҳар ойда олаётган нафақаси, дала-деҳқончиликдан кўрилаётган фойда билан А. Жавлонов ҳеч кимдан кам яшамаётганди. Бундан ташқари у яқин атрофдаги маҳаллаларда халқ­нинг тўй-ҳашамлари ва маъракаларида ошпазлик қи­ларди, хизмати ортидан эл орасида ҳурмат-эътибори ҳам баланд эди.

Аслиддиннинг қонунга тамомила зид қилмиши фош бўл­гандагина уни таниган, билган одамлар ҳайратланишди, унга ачинишди.

Шу ўринда воқеа тафсилотларидан ўқувчини хабардор этадиган бўлсак, ўтган йилнинг 29 сентябрь куни ички ишлар бўлими ходимлари томонидан туман ҳудудида «Қо­радори — 2019» тезкор профилактик тадбири ўтказилган. Тадбир чоғида А. Жавлоновнинг томор­қаси кўздан кечирилганда, 35 туп «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлиги парвариш қилинаётгани аниқланган.

Экиш ва етиштириш тақиқланган ана шу ўсимликлар суғуриб олиниб, торозига тортилганида унинг нам ҳолатдаги оғирлиги 460 граммни ташкил этган.

Томорқасига экканидан қа­ноатланмаган Аслиддин фермер хўжалиги тутзорлари орасида ҳам 6 туп «канна­бис»­ни парваришлаган экан.

Ўлчаб кўрилганда, уларнинг оғирлиги 194 грамм тош босган.

Гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш бўйича Ўзбе­кис­тон Республикаси давлат комиссиясининг 2018 йил 27 октябрдаги 878-сонли қарорида «каннабис» гиёҳвандлик воситалари туркумига кириши кўр­сатилган. Демак, «каннабис» билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш қатъиян таъқиқланади.

Жиноят ишини судда кў­риш чоғида судланувчи гиёҳвандлик воситаларини ўзи истеъмол қи­лиши учун эк­канини айтди. Уни бирон-бир шахсга ўтказиш ёки сотиш мақсади бўлмагани ҳа­қидаги важларни келтирди.

Судда ушбу важлар муҳокама қилинди. Суд аниқланган ҳо­латлардан келиб чиқиб, бу важларни жиноий жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида судланувчи томонидан берилган ёлғон кўрсатмалар, яъни ўринсиз баҳона, деб ҳисоблади.

Албатта, суд судланувчи А. Жавлоновга нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олди ва жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб баҳолади.

Унинг айбига иқрорлиги ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойи­дан ижобий тавсифланганлиги ва маҳалла аҳолиси томонидан берилган илтимосномани, ёлғиз оила боқувчилигини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топди.

Шу боис суд А. Жавлоновга нисбатан жазо тайинлашда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо белгилади.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишнинг ҳар қандай кўриниши билан ҳам муроса қилиб бўлмайди. Гувоҳи бўлганингиздек, бунда ўринсиз баҳоналар ўтмайди, жиноий қилмиш учун албатта, жазо муқаррардир.

Авазжон ИБОДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навбаҳор тумани судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: