НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ҲУҚУҚШУНОС ЎН ТЎРТ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ
Ҳаётда инсон ҳамма нарсага чидаши, ҳар қандай оғир синов ва машаққатларни енгиб ўтиши мумкин. Аммо одам боласи адолатсизлик, ноҳақликни ҳеч қачон қабул қилолмайди. Бошқача айтганда, адолатсизликка учраган киши ҳақ жойида қарор топганга қадар ҳаловат нима эканини билмайди.
Асли мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган, Олтиариқ туман ҳокимлигининг Ижтимоий кўникма маркази раҳбари лавозимида фаолият юритиб келган Мақсуджон Маҳмудов ҳам 2005 йилда адолатсизликка рўбарў келганда шундай оғир аҳволга тушганди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, М. Маҳмудов қандай хатти-ҳаракати учун айбдор деб топилганди?
Гап шундаки, М. Маҳмудов ўз касбидан ташқари компьютер билан ишлаш, ҳатто уни таъмирлашни ҳам яхши биларди. Шу боис 2005 йил 16 июнь куни тушдан сўнг туман прокуратураси терговчиси И. Шамсиддинов хизмат компьютерини кўздан кечириб беришини илтимос қилиб, уни ўз хонасига таклиф қилади. Бинобарин, М. Маҳмудовни жавобгарликка тортилиши айнан шу ҳолат билан боғлиқ.
Яъни тергов ва судда эълон қилинган айбловга кўра, соат 16.30 ларда терговчи унга хонадаги китоб жавонида турган 3 000 АҚШ долларини ташқарига олиб чиқиб, яшириб қўйишни буюрган. Шунга биноан жамоатчи ёрдамчи айтилган пулни идора ошхонасидаги газ плитасининг ичига яшириб қўяди. Шу вақтда прокуратура биносига тегишли идора ходимлари кириб келиб, И. Шамсиддиновни қўлга олишади. Сўнг фуқаро Ш. Тўхлиевдан олинган 3 000 АҚШ долларини қаерга яшириб қўйганлигини сўрашади. Валютани яширган М. Маҳмудов эса, пулнинг пора тариқасида берилганидан бехабар экани ва уни кўрмаганини билдиради. Лекин тезкор тадбир иштирокчилари прокуратура биноси, ошхона ва бошқа жойларни кўздан кечиришганда яширилган пул топилади ва далилий ашё тариқасида олинади.
Оқибатда М. Маҳмудов мазкур жиноят иши доирасида Жиноят кодексининг 241-моддаси 2-қисми (оғир ёки ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш) билан айбланади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2005 йил 3 октябрдаги ҳукми билан ана шу моддага биноан иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига тортилади. Суднинг 2006 йил 20 сентябрдаги кассация ажримига мувофиқ эса, ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.
Албатта, юқорида баён этилган тафсилотлар айблов хулосаси ва суд ҳукмида ўз ифодасини топган. Бироқ орадан йиллар ўтса-да, М. Маҳмудов ўзига қўйилган айбловга барибир тоқат қилолмади. Охир-оқибат у ҳақиқатни қарор топтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилди.
Дарҳақиқат, жиноят ишидаги ҳар бир ҳолат Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан батафсил ўрганиб чиқилганда марказ раҳбарини айблашда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарори талаблари бузилгани ўз тасдиғини топди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2006 йил 20 сентябрдаги кассация ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун шу инстанцияга юборилди.
Жиноят ишини кассация инстанциясида кўриш жараёнида аён бўлдики, биринчи босқич суди Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасидаги «Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим» деган талабларига риоя этилмаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, М. Маҳмудов терговчининг кўрсатмасига асосан пулни яширганда унинг пора тариқасида олинганини билмаган. Аниқроғи, терговчининг олдига қайтиб кирган пайтда хонада турган тезкор ходимларни кўриб, улар пул ҳақида сўрашгандагина гап нимада эканини тушунган. Сўнг бўлган воқеани айтиб бериб, пулни яширган жойини кўрсатган. Бундай ҳолатда эса, шахсни ўта оғир жиноятни олдиндан ваъда бермасдан яширганликда айблаб бўлмайди.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг юқоридаги ҳукмини бекор қилиб, М. Маҳмудовни айбсиз деб топиб, оқлади. Натижада унинг қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблари олдида юзи ёруғ бўлди. Энг эътиборлиси, М. Маҳмудов оқланганидан сўнг суд тизимига ишга ўтган — айни пайтда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида судья ёрдамчиси вазифасида меҳнат қилиб, жамиятда қонун устуворлиги ҳамда одил судловни таъминлашдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш лозимки, айни пайтда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамиятда адолатни қарор топтиришдек эзгу ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу борада эса, судларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш судлар фаолиятининг бош мезонидир.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти
судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш