ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШГАНЛАР ҚОНУН ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРИШДИ
Якшанба кунини ҳисобга олмаганда, Учқудуқ тумани марказида ҳаёт бир зайлда кечади: эрталаб соат еттилардан бошлаб, бир-икки ишга кетувчилар кўзга ташланади. Ярим соатлар ўтгач, пиёда, велосипедда, енгил автомашиналарда ишга кетаётганлар билан кўча бирдан гавжум тортади.
Ўтган йилнинг 18 сентябрь куни ҳам худди шундай бошланганди.
Лекин кутилмаганда эрталаб соат тўққизларда туман ички ишлар бўлими навбатчилик қисми хизмат телефони безовта жиринглади.
Қўнғироқ қилувчи аёл ғоятда ташвишли оҳангда Геологлар кўчаси, 20-уйда яшашини айтаркан, хонадонида ўғирлик юз берганини хабар қилди.
Жиноят уч қаватли уйнинг биринчи қаватидаги фуқаро Олим Бобожонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) га тегишли хонадонда юз берганди.
Изқуварлар етиб келишганида воқеа жойида хонадон соҳибаси, ички ишлар идорасига қўнғироқ қилган Гулсанам билан унинг вояга етмаган, ўн ёшли ўғли Алижон бор эди.
Уйнинг меҳмонхонасига қўшилган балкон қисмида «болгарка» ускунаси электрузайтиргичга уланганича темир сейфнинг ёнида, гилам устида турарди. Бир қарашда сейф эшиги ана шу «болгарка» ускунаси билан қирқиб очилганини англаш қийин эмас эди.
Гулсанамнинг изоҳ беришича, сейфда асосий қисми 10 минг сўмлик, қолгани 5 минг сўмлик купюрада 26 миллион 500 минг сўм пул, бундан ташқари оила аъзоларига тегишли шахсий ҳужжатлар ҳамда бир дона аёллар узуги бўлган. Узук билан ҳужжатлар жойида қолган, пуллар эса, ўғирланган.
Ҳолатни ўрганиш, воқеалар ривожи ушбу жиноят ўғирлик эмас, балки оғир қилмиш — босқинчилик эканлигини тасдиқлади. Негаки, дастлабки суриштирув чоғида худди туман тарқаб, атрофга қуёш нур сочгани каби асл ҳақиқат равшан торта бошлаганди…
Ўша оқшом Гулсанам тунги ишда эди. Оила бошлиғи Олим эрталаб соат еттию, ўттизлар чамаси ишга, қизи Нафосат отасидан сўнг бироз вақт ўтиб, мактабга ўқишга кетган эди. Бу пайтда уйда Алижон ёлғиз қолган, дарси куннинг иккинчи ярмида бўлгани сабаб ҳали у уйқудан турмаганди.
Айни шу маҳал кутилмаганда, эшик тақиллаб қолади. Ётган жойидан туриб, эшик олдига борган Алижон «ким?» деб сўрайди. Нариги томондан «Сантехник» деган жавобни эшитгач, у эшикни очади. Эшик бўсағаси олдида юз қисми рўмолча билан тўсилган бир киши турганди.
— Уйда ким бор? — сўрайди у. Кейин уйда ҳеч ким йўқлиги, ёлғиз ўзи эканлигини боладан эшитгач, ичкарига киради, сув билан электр токини текширишини айтиб, бир варақ қоғоз билан қалам олиб келишни сўрайди. «Даданг ишга кетдими, аянг қаерда?» — яна савол беради у боланинг қўлидан қоғоз-қаламни оларкан.
Алижон дадаси ишга кетгани, онаси бугун кечки сменада ишлагани сабабли соат ўн бирларда уйга келишини айтади. Бу пайтда «сантехник» ошхонага киради ва Алижонга чироқни ёқиш, сувни очиб кўрсатишни сўрайди.
Шу тариқа «сантехник» Алижон билан бирга ювиниш хонаси ва ҳожатхонага ҳам кириб, электр чироқларини ёқиб ҳамда сув жўмракларини очиб кўради.
Меҳмонхонага кирганларида Алижон электр чироқни ёқиб кўрсатади.
У ердан балконга чиқиб, чироқни ёқмоқчи бўлганида ҳалиги одам уни тўхтатади, «шарт эмас» дейди. Худди шу паллада Алижон бу одамдан ташқари уйга яна кимдир киргани ва у бурчакдаги темир сейф олдида худди сичқонни пойлаган мушукдек эгилиб турганига кўзи тушади.
Бу одамнинг ҳам юзида қора матодан ниқоб бўлиб, эгнида енги узун қора кўйлаги бор эди, қўлига эса, қўлқоп кийиб олганди.
Алижон уларнинг қабиҳ ниятини дарров пайқади ва жонҳолатда: — Тезда уйдан чиқиб кетинглар! — деб қичқиради.
— Овозингни чиқарма, — деди «сантехник» болани қўлидан тортиб ётоқхонага олиб кираркан. — Бизга сейфнинг калити керак, уни топиб бер!
Аммо Алижон калитни қаерда эканлигини билмаслигини айтгач, ҳалиги кимса уни қулоғига қўли билан уради. Сўнг уни силтаб-силтаб ташларкан, яна калитни топиб беришни талаб қилади.
Сейф олдида турган шериги «тезроқ калитни топ!» — дегач, у қўрқса, калитнинг жойини айтади, деган фикрда болани гилам устига юзтубан ётқизди-да, устига ўтириб олди, бақир-чақир қилмаслиги учун бошини ёстиқ билан ёпди.
«Болгарка» ускунаси билан металл жисмни кесаётганда баланд овоз чиқишини ёш бўлса-да, Алижон биларди. Алижон юзтубан ётган, яна денг, боши ёстиқ билан ёпилган бўлса-да, босқинчилар «болгарка» ускунаси билан сейфни кесиб очишга уринилаётганини аниқ билиб турарди.
Кўп ўтмай «болгарка»нинг овози тинди. Балкондаги одамнинг «иш битди» дегани қулоғига чалинади. Шунда Алижонни босиб турган одам ҳам ўрнидан турди. Аммо у болани шундай ҳолатда ташлаб кетиш ниятида эмасди. Шунинг учун у Алижоннинг аввал қўли, кейин оёғини «скотч» билан маҳкам боғлайди. Шундан сўнг улар уйдан чиқиб кетишади. Босқинчилар О. Бобожоновга тегишли нархи 2 миллион сўмлик «Samsung J-4» русумли мобилл аппаратини ҳам олиб кетишганди.
Гулсанам эрталаб соат саккизу ўттизларда ишдан чиққач, йўл-йўлакай «Голден сити» қаҳвахонасининг биринчи қаватидаги кийим-кечаклар дўконига кириб ўтмоқчи бўлди. Аммо дўкон ҳали очилмагани туфайли соат тўққизда уйига етиб келди.
Бу пайтда Алижон бир амаллаб боғлаган қўл-оёғини ечиб, йиғлаган кўйи онасини қарши олди. Алижон қаттиқ қўрқувга тушганидан ранг-рўйи оқариб кетган, ҳуши ҳам ўзида эмасди. Буни кўриб, онаси азбаройи хавотирга тушганидан ички ишлар идорасига хабар бергач, «Тез тиббий ёрдам» бўлимига ҳам қўнғироқ қилди.
Шифокорлар текширувидан сўнг ўғлининг саломатлиги ҳақида она кўнглини эгаллаб турган хавотир кўтарилди. Фақат туман суд тиббий экспертиза бўлими жабрланувчи, вояга етмаган А. Очилов енгил тан жароҳати олгани, унинг муддати воқеа рўй берган соатга тўғри келиши тўғрисида хулоса берди.
Босқинчилик жинояти содир этилган Геологлар кўчаси 20-уйнинг олди, орқаси ва икки ён томонига кузатув камералари ўрнатилганди.
Изқуварларга жиноятни очишда ана шу кузатув камералари жуда асқотди. Яъни ўша куни ким, қачон уй ёки унинг атрофига келгани, қайси эшикдан киргани, кимлар билан учрашгани обдан, синчковлик билан кўриб чиқилди. Ҳеч бир ҳолат, икир-чикиригача назардан четда қолмади.
Шундан сўнг ушбу жиноят рўй берганининг иккинчи куни туман марказидаги Амир Темур кўчасида яшовчи, ўрта мактаблардан бирида чақириққа ёшларни тайёрлаш бўйича ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган Пирназар Облоқулов гумонланувчи тариқасида ички ишлар идорасига келтирилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари П. Облоқуловнинг жиноий шериги, Мустақиллик кўчасида яшовчи, ҳеч қаерда ишламаётган Зариф Тожиддиновни қидириб боришганда, у уйида йўқ эди. З. Тожиддинов босқинчилик йўли билан қўлга киритилган пулнинг ўзига тегишли қисмини чўнтагига солиб, унаштирилган, яқинда тўйи бўлиши кутилаётган Райҳона билан Самарқанд шаҳрига кетганди. Ўша кун улар Учқудуққа қайтмаган, Райҳонанинг холасиникида меҳмон бўлиб қолишганди.
Бироқ ички ишлар ходимлари меҳмонни ҳам, мезбонларни ҳам тинчини бузишига тўғри келди. Зариф Самарқанддан Учқудуққа ушлаб келтирилди. Ундан жиноий йўл билан топилган 2 миллион сўм тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Олим Бобожоновнинг хонадонига Пирназар Облоқулов билан Зариф Тожиддинов босқинчилик уюштиргани кузатув камералари орқали ўз исботини топган, жабрланувчи Алижон Очиловнинг кўрсатмаси ҳам буни тўлиқ тасдиқланаётганидан юқорида муҳтарам ўқувчи хабардор бўлган эди. Аммо тергов чоғида парда ортида ушбу жиноий қилмишнинг яна бир иштирокчиси борлиги маълум бўлди. Бу — Доноқул Жумабоев эди.
Д. Жумабоев 1994 йилда туғилган, оилали, бир нафар фарзанди бор.
У Зариф билан мактабда, Пирназар билан эса, коллежда бирга ўқиган. Шундай қилиб, Доноқул Жумабоев терговга чақирилди, иш бўйича унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди…
Ҳаётда баъзи одамлар ўта очиқкўнгил бўлади: бундай кишилар эртанги режаси, орзу-ҳавасини ишхонада, кўпчилик олдида ҳаммани ўзига дўст билиб, очилиб-сочилиб гапираверади. Буни қарангки, баъзан ана шундай очиқкўнгиллик ҳам кишига панд берар экан.
Юқорида баён этилган босқинчилик жинояти содир этилиб, суриштирув ва қидирув ишлари тезкорлик билан олиб борилаётган паллада Олим бу кутилмаган ташвишларга ўзининг тили сабабчи эканлигидан бехабар эди.
Кейинчалик эса, ўзи билан бирга ишлайдиган Д. Жумабоевнинг иштироки, шерикларига жиноят содир этишга кўмак берганидан хабар топгач, гап нимада эканини тушуниб етди.
У тоғ ускуналарини таъмирлаш цехида электр пайвандловчи бўлиб ишлар, ишга велосипедда қатнар, енгил автомашина сотиб олиш учун маблағ йиғаётган эди.
Бир гал цех ишчилари билан суҳбат чоғида автомашина сотиб олмоқчи эканини айтган бўлса, бир ҳафта ўтгач, гап очилганида, «Кобальт» русумлиси яхши бўлса керак-да» деганди. Ўшанда бу гапни Д. Жумабоев ҳам эшитганди.
Жиноятнинг келиб чиқиш сабабига тўхталадиган бўлсак, босқинчилик рўй беришидан ўн кун олдин Пирназарнинг уйида тўй бўлган, синглиси Моҳияни турмушга узатишган эди. Тўйдан икки ой бурун уйни таъмирлаш бошланган, бу ишга ҳам анча-мунча чиқим қилинганди. Оила уй таъмирию тўй билан моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолганди.
Пирназар, Зариф, Доноқуллар қалин дўстлиги боис бир-бирларини яхши тушунишар, ўрталарида яширадиган сирлари ҳам йўқ эди.
Ишдан сўнг улар бўш вақтларини кўпинча болалар ва ўсмирлар соғломлаштириш марказида ўтказишарди.
Синглисининг тўйидан сўнг кўп ўтмай Пирназар дўстларига «дарди»ни ёради. Ўшанда улар соғломлаштириш марказидан қайтишаётганди.
Пирназар моддий жиҳатдан қийналиб қолганидан ёзғириб, ўғирлик йўли билан бўлса-да, каттароқ бойликни эгаллаши кераклиги, бундай жойни топиб бўлмаётганини айтади.
— Енгил автомашина сотиб олиш ниятида уйида пул сақлаётган одам ҳақида менда маълумот бор, — дейди Д. Жумабоев. — Ўша одам билан битта цехда ишлаймиз. Аканинг ўзи ҳам, хотини ҳам кўпинча кундузи уйда бўлмайди, қизи билан ўғли мактабда ўқийди.
Шундан сўнг Д. Жумабоев Олим Бобожоновнинг яшаш манзилини аниқлайди. Унинг жиноий режаси Пирназар билан Зарифга ҳам маъқул тушади.
17 сентябрь куни соат ўн тўртда Пирназар Зарифга қўнғироқ қилиб, Олим Бобожоновнинг уйи яқинига келишини, ўзи ишдан чиқиб, ўша ёққа бораётганини айтади. Улар учрашишгач, Пирназар О. Бобожоновнинг уйи олдидаги ўриндиққа ўтиради, Зариф эса, уйнинг ёнида туриб, кузатишни давом эттиради.
Уйда одам бор-йўқлигини аниқлаш жуда зарур эди. Агар ҳеч ким бўлмаса, балкон деразаси орқали ичкарига киришни мўлжаллашганди. Кузатув натижа бермагач, тоқатсизланганича Пирназар О. Бобожоновнинг уйи эшигини тақиллатади.
Эшикни хонадоннинг қизи Нафосат очади. Пирназарнинг «Рая опанинг уйи шуми?» — деган ёлғон саволига «йўқ» жавобини айтиб, эшикни ёпиб қўяди.
Уйда одам борлиги боис жиноий режани амалга оширолмаслигига кўзлари етгач, улар жимгина ортларига қайтишга мажбур бўлишади.
Эртасига, яъни жиноят содир этилган куни эрталаб соат еттию қирқда Зариф Пирназарнинг уйига келади. Йўлга ғараз мақсадда отлана туриб, Пирназар қора рангли трико, тўқ қизил кўйлак, бошига яшил кепка, оёғига оқ рангли кетасини кийиб, юзини ёпиш учун оқ-қизил рангли рўмолчасини олганди.
Зариф эса, қўлқоп, скоч бўлаги, қора матодан тайёрланган ниқоб билан жиноят қилишга, бойлик орттиришга жаҳд қилади.
Қисқаси, О. Бобожоновнинг хонадонига «сантехник» сифатида кирган, Алижонни алдаб, вақт ўтказишга, шеригининг бойликни жиноий йўл билан эгаллаб олишига имкон яратиш чорасини ахтарган ва бунга эришган шахс бу — Пирназар эди.
Пирназар Алижон билан ошхонага кириб кетган пайтда Зариф очиқ қолган эшикдан сездирмай уйга кирган, ўнг томондаги меҳмонхона, у ердан эса, балконга ўтган эди. Кейин эса, темир сейфни кўриб, калитни излашга тушган, аммо калитни топа олмагач, «болгарка» билан сейфнинг эшигини кесиб очган эди.
Қисқаси, сейфнинг эшигини очгач, Зариф пулларни аёллар сумкасига солади. Сиғмай қолганини эса, балконда турган қора целофан пакетга жойлайди. Серванд устидаги сариқ рангли мобиль аппаратни ҳам олишни унутмайди. Эшикдан кўчага аввал Зариф, кейин Алижоннинг қўл-оёғини скоч билан боғлаган Пирназар чиқади. Улар босқинчилик йўли билан 26 миллион 500 минг сўм маблағни ўмаришганди.
Зариф П. Облоқуловнинг уйида баковуллик қилади, пулдан 9 миллион 200 минг сўмни Пирназарга беради. Қолган 17 миллион 300 минг сумдан 9 миллионини ўзига, 8 миллион 300 минг сумни Д. Жумабоевга ажратиб, уйига олиб кетади.
Энди оғир қилмиш — босқинчилик жиноятининг бошқа турдаги жиноятлардан фарқли жиҳатларини ушбу мисол асосида таҳлил қиладиган бўлсак, П. Облоқулов билан З. Тожиддиновлар воқеа жойига босқинчилик жиноятини содир этиш учун олдиндан тайёргарлик кўриб боришган. Эшикни О. Бобожоновнинг вояга етмаган ўғли Алижон очгач, уйда одам борлигини билиб, улар орқага қайтишмаган. Аксинча, уйда катталар йўқлигидан фойдаланиб, жиноий мақсадларини амалга ошириш учун хонадонга бостириб киришган.
Олий суд Пленумининг «Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 2-бандига кўра, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан сезиб қолинганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, қилинган ҳаракатлар талончилик деб, ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса, босқинчилик деб тавсифланиши назарда тутилган.
Шу ўринда Олий суд Пленумининг ушбу қарори 6-бандига ҳам тўхталиш жоиз. Унда ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда, унинг ишлатилиши жабрланувчининг ҳаёти учун аниқ бўлган хавфни вужудга келтирувчи ҳолат (масалан, жабрланувчини бўғиш, бошини сув остида ушлаб туриш сингарилар) тушунилиши, соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш деганда, жабрланувчига соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган тан жароҳати етказиш ёки шундай тан жароҳати етказиш хавфини туғдирувчи ҳаракатлар (чаккага, қуёш ўрилмасига уриш ва бошқалар) тушунилиши, қонун мазмунига кўра, босқинчиликда зўрлик ҳам жисмоний, ҳам руҳий бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Судланувчи П. Облоқулов ва З. Тожиддиновларнинг жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан тўғри малакаланган.
Бироқ дастлабки тергов органи Д. Жумабоевнинг жиноий ҳаракатига баҳо беришда хатоликка йўл қўйган. Жиноят қонунчилигига кўра, жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади. Бундай ҳолда жиноятни содир этишда ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи сифатида иштирок этган шахс ҳаракати Жиноят кодексиниг 28-моддаси билан квалификация қилиниши керак.
Судланувчи Д. Жумабоев жиноий шериклари П. Облоқулов билан З. Тожиддиновга О. Бобожонов уйида пул сақлаб келаётгани, унинг иш тартиби ва келиб-кетиш вақти тўғрисида маълумот бериб, босқинчилик жиноятини содир этишга ёрдамлашган. Юқоридаги асосларга кўра, суд судланувчи Д. Жумабоевнинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» бандидан Жиноят кодексининг 28, 164-моддаси 3-қисми «в» бандига қайта малакалади.
Суд ҳукми билан П. Облоқулов ва З. Тожиддинов — олти йилдан, Д. Жумабоев эса беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, қалтис йўл — ўзгалар бойлигига кўз тикиш ғофил бандаларнинг ҳаётини заҳар-заққумга айлантирди, яроқсиз кемага чиққан йўловчи каби ҳалокатга йўлиқтирди.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навоий вилояти суди
раисининг ўринбосари
Фикр қолдириш