СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Жамият тараққиёти қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Бинобарин, Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни  қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу омиллар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини оширишда янада тўлароқ намоён бўлади.

Шу билан бирга, ушбу Мурожаатномада суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан эканлиги ва судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлиши алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда ўтган уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилди, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Шунингдек, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди.

«Хабеас корпус» институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди, шунингдек судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони билан ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

207 та маъмурий суд ташкил этилди, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган туманлараро ва туман (шаҳар) миқёсида ҳам жами 85 та иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 2018 йилнинг январь ойида тасдиқланди ва 2018 йил 1 апрелдан кучга кирди.

Таъкидлаш керакки, ушбу кодекслар дунёнинг тараққий этган давлатларининг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажриба асосида ишлаб чиқилган.

Тўртинчидан, 2018 йил 4 апрелдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Унда Жиноят кодексига далилларни, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини янада оширди.

Ушбу ислоҳотлар натижасида турли тазйиқлар остида олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишга чек қўйилди. Суд ишларини кўриб чиқишда фақат суд тергови жараёнида атрофлича текширилган ва ўз тасдиғини топган далилларга асосланилмоқда.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Судьялар олий мактабининг асосий мақсади бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда малакали судьялар ва судлар аппарати ходимларини тайёрлаш ҳамда одил судловнинг юқори даражасига эришишдир.

Олтинчидан, 2019 йил 14 январдаги «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини ҳимоя қилишнинг қонуний кафолатларини белгилаб берди.

Қайд этиш лозимки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 270-моддасида жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга доир умумий қоидалар белгиланган бўлса-да, бироқ қўлланиладиган хавфсизлик чоралари турлари, уларни қўллашнинг тартиби аниқ белгиланмаган эди.

Ушбу Қонуннинг аҳамияти шундаки, унда жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганда қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олишга ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизими, шунингдек уларни қўллашнинг асослари ҳамда тартиби аниқ белгиланди.

Мазкур Қонун билан жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларига нисбатан тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганда қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олишга ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизими назарда тутилди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасидаги юқорида кўрсатилган туб ўзгаришлар, энг аввало, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, шу орқали халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини ошириш ва муносабатини ўзгартиришга қаратилган бўлиб, уларнинг амалиётга жорий этилиши бугунги кунда ўзининг аниқ самарасини бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 декабрь куни Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, ушбу маърузада 2020 йилдан бошлаб суриштирув ва дастлабки тергов жараёни устидан суд назоратини ўрнатиш лозимлиги, яъни прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилиши ҳақида сўз борди. 

Амалдаги Жиноят-процессуал кодексига кўра, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, унинг муддатини узайтириш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ва унинг муддатини узайтириш, эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш каби тергов ва процессуал ҳаракатларни ўтказишга рухсат бериш суднинг ваколатига тааллуқли.

Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар суриштирув ва дастлабки тергов устидан тўлақонли суд назоратини ўрнатиш имконини бермайди.

Жиноят процессида суд назоратининг энг муҳим белгиси фақатгина айрим процессуал ва тергов ҳаракатларини ўтказишга рухсат беришдан иборат бўлибгина қолмасдан, балки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келиб тушган шикоятларнинг суд томонидан кўрилиши бўлиб ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Президентимизнинг ушбу таклифлари миллий жиноят процессуал қонунчилигимизни мутлақо янги сифат даражасига олиб чиқади. Яъни, эндиликда мамлакатимизда ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган тартиб жорий қилинади.

Ушбу тартибнинг жорий қилиниши натижасида жиноят ишини қўзғатиш босқичидан бошлаб терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни барвақт аниқлаш ва уларни зудлик билан бартараф этиш, фуқароларни асоссиз айблаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ноқонуний чеклашга йўл қўймаслик кафолатланади.

Шунингдек, мамлакатимизда «хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботнинг янада мустаҳкамланишига эришилади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади.

Мурожаатномада судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олиш мақсадида суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб ўрганиш амалиётини чеклаш таклифи ҳам илгари сурилди.

Маълумки, суд мустақиллигини таъминлашга оид халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилигимизга кўра, судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар, мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.

Шу мақсадда давлат органлари, бошқа институтлар ва хусусий шахслар судьяларни мажбурлаш ёки уларни муайян қарорлар чиқаришга оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари керак.

Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш, яъни иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлигини белгилаш бўйича таклифи суд мустақиллигини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шунингдек, Президентимиз томонидан мазкур Мурожаатномада тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттириш лозимлиги, жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш, шунингдек божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартибини белгилаш таклифи илгари сурилди.

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш учун ушбу турдаги қонун бузилишини содир қилган шахсларга нисбатан жиноий таъқибни эмас, балки молиявий ва фуқаролик-ҳуқуқий чораларни қўллаш самарали йўл бўлиб ҳисобланади. 

Қайд этиш лозимки, ушбу таклифларнинг амалга оширилиши келгусида тадбиркорларнинг асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилинишини таъминлайди, фуқароларимизда «тадбиркорлик билан шуғулланиш хавфли экан» деган тушунча пайдо бўлишининг олдини олади.

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан 2020 йил 2 март куни имзоланган «2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5953–сонли Фармон билан тасдиқланган Давлат дастурида юқорида қайд этилган масалаларни ҳал қилиш вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилган.

Зеро, ушбу вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса, судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунлардан ҳамда адолат тамойилидан оғишмай амалга ошириш юклатилади.

Дилшод Таджибаев,

жиноят ишлари бўйича

Тошкент вилоят суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: