МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ИСБОТЛАШ ВА ДАЛИЛЛАР
Фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлари ошиб бораётган бир пайтда низоларни бевосита далилларга таянган ҳолда ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.
Қонун талабига кўра, суднинг у ёки бу низо бўйича қабул қилинган қарори аниқ далилларга асосланган ва қонуний бўлиши лозим.
Тақдим этилган далилларга тўғри баҳо бериш, зарурларини талаб қилиб олиш ва мавжудлари асосида низони ҳал этиш суд қарорларининг асосли ва қонунийлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (МСИЮтК) нинг 65-моддаси талабларига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар маъмурий иш бўйича далил ҳисобланади.
Бунда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Маъмурий органларнинг низолашилаётган ҳужжатларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қарорларининг, улар мансабдор шахслари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти тегишли органлар ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилади. Мазкур органлар ва мансабдор шахслар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт.
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўзининг арз қилинган талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар МСИЮтКда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши керак.
Суд ишни тўғри ҳал қилиш мақсадида далилларни ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан талаб қилиб олиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этаётган ёки иштирок этмаётган шахсдаги зарур далилларни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада ушбу далил билан иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва у турган жой кўрсатилиши керак.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиб, унда ушбу далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилади.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этаётган шахсларга, шунингдек суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга юборилади.
Агар шахс суд талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у шу муддат ичида бу ҳақда судни сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт.
Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, унга жарима солинади.
Талаб қилинаётган далилга эга бўлган шахсга жарима солиниши уни далилни судга тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди. Шунингдек, суд фақат ишга алоқадор бўлган далилларни қабул қилади.
Агар тақдим этилган далиллар кўрилаётган ишга алоқадор бўлмаса, улар иш материалларига қўшиб қўйилмайди, уларнинг далил сифатида рад қилинганлиги суд ҳужжатида акс эттирилиши қонун ҳужжатларида белгиланган.
Исботлаш суд тизимидаги асосий воситалардан биридир ва у мавжуд далиллар асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Айни пайтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 72-моддасида исботлашдан озод қилиш асослари белгиланган ва ишнинг маъмурий суд томонидан барчага маълум деб топилган ҳолатларини исботлаш талаб этилмайди.
Маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки иқтисодий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган маъмурий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга дахлдор бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича маъмурий суд учун мажбурийдир.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун нормаларига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ишончлилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллардир.
Ёзма далиллар асл нусхада ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхада тақдим этилади. Агар кўрилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми алоқадор бўлса, унинг тасдиқланган кўчирмаси тақдим этилиши мумкин.
Иш ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда суднинг талаби билан уларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
Судга тақдим этиладиган, тўлиқ ёки қисман чет тилида тузилган ёзма далилларга уларнинг тегишли тарзда тасдиқланган таржималари илова қилинади.
Чет давлатда олинган ҳужжат, агар у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легаллаштирилган бўлса, судда ёзма далил деб тан олинади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда чет давлатда олинган ҳужжат легаллаштирилмасдан судда ёзма далил деб тан олинмаслиги қонунчилик нормаларида мустаҳкамланган.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг иш учун аҳамиятга эга бўлган ўзларига маълум ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари текширилиши ва бошқа далиллар билан бирга баҳоланиши лозим. Ишда иштирок этувчи шахс суднинг таклифига кўра ўз тушунтиришларини ёзма шаклда баён этиши мумкин.
Бошқа шахс ўз талабларини ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг ишда иштирок этувчи шахс томонидан тан олиниши суд учун мажбурий эмас.
Суд тан олинган фактни, агар унда фактни тан олиш ишнинг ҳолатларига мувофиқ эканлигига, алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, чалғитиш таъсирида ёки ҳақиқатни яшириш мақсадида қилинмаганига шубҳа туғилмаса, аниқланган деб ҳисоблаши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахслар зарур далилларни тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб ҳисоблашга асоси бўлган ҳолларда ишни ўз юритувига қабул қилган суддан ушбу далилларни таъминлаш тўғрисида илтимос қилиши мумкин.
Далилларни таъминлаш тўғрисидаги аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, тасдиқланиши учун ушбу далиллар зарур бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимоснома билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди ва унга кўра, ҳеч ким қонун назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари шахснинг ёзишмалари ва телефонда сўзлашувлари сирини ошкор қилиши мумкин эмас.
Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ва низога оид гувоҳлик берувчи ҳолатлар акс этган видео ёки аудио ёзувлар арз этилган талаб ва эътирозларнинг асоси сифатида бошқа далиллар йиғиндиси билан бирга баҳоланади.
Видео ёки аудио ёзувларни тақдим этган шахс бундай ёзув қачон, ким томонидан ва қандай шароитларда амалга оширилганлигини кўрсатиши шарт.
Видео ва аудио ёзувларнинг қалбакилиги ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилинган ҳолатларда, суд тегишли экспертиза тайинлашга ҳақли.
Далиллар бошқа туман ёки шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, у ёки бу сабабга кўра уларни бевосита ишни кўраётган судга тақдим қилиш мумкин бўлмаса, суд бошқа судга суд топшириғи бериш орқали далилларни таъминлаш, талаб қилиб олиш ва текшириш бўйича процессуал ҳаракатларни амалга оширишни топшириши лозим.
Қонун нормалари билан таъминланиши мумкин бўлган далиллар доираси чекланмаган. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг далилларни тақдим этиш мумкин бўлмай қолиши ёки қийинлашиши ҳақидаги хавфи асосли бўлганда, суд далилларни таъминлаш чораларини кўриши лозим.
Суд процессида гувоҳларнинг сўзлари ҳам муҳим далил ҳисобланади. Суд гувоҳни сўроқ қилиш вақтида била туриб ёлғон кўрсатув берганлик, кўрсатув беришни асоссиз рад этганлик учун гувоҳ жиноий-жавобгар бўлишини тушунтириб, иш учун аҳамиятли маълумотларни олиши мумкин.
Эксперт хулосалари ҳам ишдаги асосий ҳужжатлардандир. Эксперт хулосаси маъмурий иш қўзғатилганидан сўнг қонун талабига мувофиқ тайинланган ва ўтказилган суд экспертизаси натижалари бўлиши мумкин.
Қонун талабларига риоя қилинмаган, процесс доирасидан ташқарида олинган ҳар қандай бошқа хулосалар эксперт хулосаси мақомига эга бўла олмайди ва судда бундан исботлаш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин эмас.
Ўктамжон Пўлатов,
Фарғона вилоят маъмурий
суди судьяси
Фикр қолдириш