МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК СОДИР ЭТИШ САБАБЛАРИ

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш борасида ҳар қайси мамлакатнинг ўз ёндашуви, тажрибаси ва усуллари бор.

Энг ривожланган давлатлар қаторида бўлган Америка Қўшма Штатларида ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилган. Бундай дастурлар орасида жамоатчилик ўртасида энг муваффақият қозонгани «Синдирилган ойналар» концепцияси ҳисобланади.

Мазкур таълимот асосчилари «Агар бинонинг битта ойнаси синган бўлса ва уни ҳеч ким таъмирламаса, қисқа вақт ичида бинонинг қолган ойналари ҳам синдирилади, бинонинг ўзи тўлиқ харобага айланади ва бу жой жиноятчилар макони бўлиб қолади», дея ўз таълимотларига таъриф берадилар.

Концепция муаллифлари кўчаларда тартиб ва озодаликнинг мавжуд эмаслиги девиант хулқ-атворнинг намоён бўлишига олиб келишини қайд этади. Яъни, ойналар, электр чироқларининг сингани, қаровсиз ташлаб кетилган автомобиллар, бинолар ва йўлларнинг узоқ вақт таъмирланмагани, чиқиндилар кўчанинг исталган жойига ташланиши ўша ҳудудда жамоатчилик назоратининг йўқлиги, ахлоқсизлик ва ҳуқуқбузарлик учун таъсир чоралари қўлланмаслиги ҳамда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқариш тузилмалари мазкур ҳолатга бепарво қарашларидан далолат беради.

Бундай белгилар эса, одамлар онгида ушбу ҳудуд назоратдан ташқари, бу ерда давлат ва жамоат ҳокимиятининг кучи йўқ, деган фикрни шакллантиради. Агар битта ойна синган ва бу ҳеч кимни безовта қилмаётган бўлса, демак  бошқа ойналарни ҳам синдириш мумкин. Шу тариқа одамнинг ичидаги яширин девиант хулқ-атвор унинг хатти-ҳаракатларига кўчади.

Мазкур гипотезага асосланган ҳолда ушбу дастурда аҳоли пунктларида тозалик ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, қаровсиз автомашиналар, бино ва иншоотлар пайдо бўлишига, чиқиндиларнинг тўпланиб қолинишига йўл қўймаслик чоралари белгиланади. Бунда, дастлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳоли пунктларидаги ҳолатни доимий равишда ўрганиб борадилар, аста-секин аҳолининг ўзи ушбу дастурнинг ҳам ижрочиси, ҳам назоратчисига айланади. Дастурнинг ўзи эса, аҳолининг кундалик турмуш тарзига сингиб боради.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида махсус дастурлар, шунингдек бир қарашда оддий кўринган ташкилий чора-тадбирлар ҳам келгусида ўзининг самарасини бериши мумкин. Хусусан, ўтган асрда Европанинг қатор давлатларида йўловчиларнинг ҳаво кемаларига қурол-яроғ ва бошқа хавфли буюмлар олиб киришини қаттиқ назорат қилиш орқали ҳаво кемаларини олиб қочиш билан боғлиқ жиноятларнинг кескин камайишига эришилган.

Футбол бўйича бўлиб ўтадиган мусобақаларда икки жамоа мухлисларининг алоҳида секторларда ўтириши ва турли эшиклардан кириб-чиқишини йўлга қўйиш орқали эҳтирос билан тўлиб-тошган мухлислар содир этадиган ҳуқуқбузарликлар сезиларли даражада камайганлиги кузатилган.

Ҳуқуқ тизимида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этиш масалалари ҳақида  сўз юритилганда, мазкур масала ҳуқуқшунос олимлар томонидан етарли даражасида ўрганилмаганлигини, уни илмий жиҳатдан асослантириб бера оладиган тадқиқотлар, мақолалар, рисолалар, монографиялар жиноятнинг олдини олишга нисбатан сезиларли даражада кам эканлигини эътироф этиш зарур. Бу маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасининг енгилроқ экани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Шу нуқтаи назардан, биз амалиётчи сифатида мазкур масалани кенг кўламли ва батафсил ўрганиш натижалари бўйича назарий таълимот яратилиши тарафдоримиз. Чунки, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши сабаблари ва унга олиб келадиган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таълимот яратилиши келгусида маъмурий ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилишда, уларга қарши курашишда, барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари бу ҳуқуқий онг ва маданиятнинг етишмаслиги, ишсизлик, таълим-тарбия ва муҳит билан узвий боғланади, деб ҳисоблаймиз.

Зотан, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахсларнинг аксарияти маълумоти ўрта, ўрта-махсус эканлиги тўғрисидаги статистик маълумотлар мавжуд. Ҳуқуқий билимга эга бўлмаса-да, олий маълумотли шахслар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари кам учрайди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 313-моддасига кўра, ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаганда бу сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги тақдимномани тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига киритади. Раҳбар тақдим келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида уни киритган органга (мансабдор шахсга) кўрилган чоралар ҳақида маълум бериши шарт.

Мазкур талабдан келиб чиққан ҳолда маъмурий судлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлашлари зарур ва ҳуқуқбузар фаолият олиб бораётган корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига, агар у ҳеч қаерда ишламаса, суд амалиёти бўйича у яшаётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раҳбарига тақдимнома киритади.

Бундай тақдимномалар корхона, муассаса, ташкилот, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоавий тарзда муҳокама қилиниши зарур, бу келгусида мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, маъмурий судлар томонидан жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қабул қилинган суд ҳужжатларини тушунтириш мақсадида ҳар ойда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида чиқишлар юзасидан медиа-режа тасдиқланган. Ҳар ойда камида бир маротаба очиқ мулоқотлар ташкил этиш дастурига асосан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса, ташкилотлар ва аҳоли ўртасида маърузалар қилинади.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш биргина судларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Қачонки давлат ва жамият ўзаро бирлашиб, мазкур иллатларга қарши қатъий кураш олиб борсагина, самарали натижага эришиш мумкин.

Отабек Мирзамаҳмудов,

Андижон вилоят

маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: