ҚАРЗ ШАРТНОМАСИНИНГ ШАКЛИ ВА МАЗМУНИ

Суд амалиётидаги аксарият низолар битимларни, шунингдек шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар билан боғлиқ. Кўп ҳолларда улар қарз шартномаларидан келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (ФК) нинг 732-моддасида қарз шартномасининг тушунчаси қуйидагича ифодаланган: «Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади».

Таърифдан кўриниб турибдики, пул ва турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёлар шартнома объектидир. Қарз олувчининг пул ва турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёлардан фойдаланиши фақатгина уларни истеъмол қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Шу сабабли, қарз олувчига қарз объектидан фойдаланиш муддати тугагандан сўнг айнан шу пул ёки ашёни қайтариш мажбурияти юкланиши мумкин эмас. Қарз шартномасининг конструкциясига яқин бўлган баъзи шартномалар (текин фойдаланиш, мол-мулкни ишончли бошқариш)да эса шартнома объекти фойдаланиш жараёнида ўзининг хусусиятларини йўқотмайдиган индивидуал – белгиланган ашёлар бўлганлиги сабабли айнан олинган ашёнинг ўзи қайтарилиши талаб қилинади.

Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи талаб қилган вақтда қайтарилиши керак.

ФКнинг 733-моддасида қарз шартномасининг шакли кўрсатилган бўлиб, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бундан эса, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган пул суммаси қарзга берилган ҳолатларда шартнома оғзаки шаклда ҳам тузилиши мумкинлиги англашилади.

Амалда қарз шартномаси қарз олувчи томонидан қарз берувчига тилхат бериш орқали расмийлаштирилади. Бу қоида ҳам фақат фуқароларга нисбатан қўлланади. Чунки, юридик шахснинг раҳбари ёки бош ҳисобчиси ва вакил сифатида бирор ходими юридик шахснинг муайян суммадаги пулни қарзга олганлиги хусусида тилхат бериш ҳуқуқига эга бўлолмайди. Қарз тилхати қарз олувчининг имзоси билан тасдиқланади ва процессуал жиҳатдан далилга тенглаштирилади.

ФК 733-моддасининг учинчи қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёхуд муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Албатта, қарз шартномаси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда мажбуриятни ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, ФКнинг 735-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтаришни талаб қилган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши кераклиги инобатга олиниши лозим.

Қарз шартномаси умумий қоидага кўра ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисоб­ланади, фоиз миқдори эса (агар фақат қонун ёки шартномада фоиз тўланмаслик хусусияти ўрнатилмаган бўлса), ФКнинг 734-моддасига биноан шартнома билан белгиланади. Ушбу шартномада фоиз миқдори ҳақида тўғридан-тўғри кўрсатмалар бўлмаса, бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз тўлаш  ФКнинг 327-моддасидаги қоидаларга биноан амалга оширилади. 

Ушбу моддада белгиланган бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, қайтариб беришдан бош тортиш, тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ундиришни фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг алоҳида, ўзига хос бир чораси деб ҳисоблаш мумкин.

Тарафларнинг келишувига биноан фоизлар пул ёки натура шаклида тўланиши мумкин, бу қарзнинг предметига боғлиқ бўлмайди.

Қарз шартномаси бўйича фоизлар тарафлар томонидан келишилган ҳар қандай ҳолатда тўланиши мумкин, махсус кўрсатма бўлмаган тақдирда эса ҳар ойда, аммо шартномада қарз суммасини қайтариш муддатигача эмас, балки унинг ҳақиқий қайтарилиши кунигача тўланиб борилиши лозим.

Умумий қоидага биноан асосий сумма охирги навбатда қопланади. Демак, қарз фоизлари ҳам қарз суммасининг тўлиқ қоп­ланганлигига қадар тўлаб борилади.

Қарз шартномаси пул мажбурияти бўлганлиги сабабли ҳам, ушбу шартнома шартларини бузишга нисбатан пул мажбуриятлари учун жавобгарлик тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Бу ҳақда ФК 736-моддасининг биринчи қисмида аниқ кўрсатма берилган.

Ҳуқуқий адабиётлардаги қарз шартномасининг мазмуни хусусидаги фикрлар асосан шартноманинг бир томонламалик табиатидан келиб чиқиши ва шу сабабли қарз олувчида қарз объектини қайтариш ва фоизларни тўлаш мажбурияти мавжудлиги, қарз берувчи эса қарзни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги билан боғлиқ. Бироқ, қарз шартномасининг асосий мазмуни деганда, шартнома нарсаси ва тарафларнинг хатти-ҳаракатларига оид шартлар мажмуи тушунилади.

Шартнома объекти турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бўлган вазиятларда қарз шартномаси матнида ушбу ашёларга боғлиқ қуйидаги жиҳатлар кўрсатилиши лозим: 1) қайтарилиши лозим бўлган ашёларнинг номи ва миқдори; 2) ашёларнинг ассортименти, сифати ва туркуми (комплектлилиги); 3) ашёларнинг қарз берувчидан олинган ашёларга мувофиқлигини текшириш тартиби; 4) ашёларни қарз берувчига етказиб бериш; 5) қарз берувчига қайтарилган ашёлардаги нуқсонларни аниқлаш, уларни қайд этиш ва қарз берувчига эътироз билдириш муддати ва тартиби.

Қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини исбот қилиб, қарз шартномаси юзасидан даъволашишга ҳақли (ФКнинг 737-моддаси).

Қарз олувчи қарз шартномаси бўйича умуман пул олмаслиги ёки шартномада кўрсатилган пулнинг бир қисмини олиши мумкин. Бундан ташқари қарздордан алдов йўли билан тилхат олиниши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолларда қарздорни қарз берувчидан ҳимоя қилувчи восита шартнома бўйича пул берилмаган деб қарашдир.

Ушбу қоидаларни ФКга киритишдан мақсад, қарз шартномасининг реал табиатга эга эканлиги билан изоҳланади. Қарз беришга нисбатан томонларнинг келишуви қандай бўлганлигидан қатъи назар, ҳуқуқий муносабатлар шартнома предмети қарз олувчига берилган тақдирдагина юзага келади ва шу вақтдан бошлаб қарздорнинг қарз берувчидан олган нарсаларини қайтариш мажбурияти келиб чиқади.

Қарз шартномаси бўйича пул берилмаган деб топилиши қарздорга бошқа ҳолларга нисбатан анча енгиллик туғдиради. Агар қарз шартномаси алдов, зўрлаш, қўрқитиш, ғаразли мақсадлар билан ёки оғир шароитларда тузилган бўлса ва мажбурий ёзма шаклга риоя қилинмаган бўлса, у ҳолда қарз олувчи қарз шартномасини бекор қилиш учун гувоҳ кўрсатмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Лекин, ФКнинг 737-моддасида қарз шартномасини гувоҳ кўрсатмаларидан фойдаланиб бекор қилиш асослари тўла санаб ўтилган ва томонлар бу қоидаларни тўғридан-тўғри талқин қилишга мажбур.

Агар томонлардан бири пул олмаганлигини исботлай олса, у ҳолда шартнома тузилмаган деб ҳисобланади. Агар ҳақиқатда берилган пул шартномада кўрсатилганидан кам бўлса, шартнома шу суммага тузилган ҳисобланади.

Шу ўринда бир мисол.

Даъвогар С. Раҳимованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишончли вакили Д. Курязов судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Ф. Йўлдошевдан даъвогар С. Раҳимова фойдасига 37 602 810 сўм асосий қарз, 1 504 113 сўм тўланган давлат божини  ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2019 йил 25 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилган.

Жавобгар Ф. Йўлдошевдан даъвогар С. Раҳимованинг фойдасига 4 500 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати ҳисобида 37 602 810 сўм асосий қарз, 1 504 113 сўм давлат божи учун тўланган сумма, жами 39 106 923 сўм ундирилиши белгиланган.

Кассация инстанцияси судининг 2020 йил 23 январдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг 2019 йил 25 февралдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъвогар С. Раҳимованинг фойдасига жавобгар Ф. Йўлдошевдан 4 196 100 сўм асосий қарз, 167 844 сўм тўланган давлат божи, 14 190 сўм почта харажатлари, жами 4 378 134 сўм ундирилган.

Аниқланишича, жавобгар Ф. Йўлдошев даъвогар С. Раҳимовадан 2014 йил 29 сентябрда 2 000 АҚШ доллари олганлиги, ушбу олган қарзини олти ой ичида қайтариб бериш тўғрисида тилхат ёзиб берган.

Шунингдек, жавобгар Ф. Йўлдошев томонидан 2015 йилда С. Раҳимовадан олган пулнинг қолган қисмини 2 500 АҚШ долларидан 2018 йилда ишлаб май ойидан бериб бориши тўғрисида тилхат ёзиб берилган (2018 йил январь ойида).

Биринчи инстанция суди низони ҳал этишда жавобгар Ф. Йўлдошев томонидан даъвогардан қарз олганлиги юзасидан ёзилган тилхатларга, хусусан, бўяб ёзилган тилхатга ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш ҳолатларини синчковлик билан текширмасдан, жавобгар Ф. Йўлдошев даъвогар С. Раҳимовадан 2014 йилда 2 000 АҚШ долларини қарзга олиб, қарзини ҳали қайтармаган бир ҳолатда яна даъвогар унга 2018 йилда 2 500 АҚШ долларини қарзга бериши мумкинлигини синчковлик билан текширмасдан, ўз хулосаларини фактик жиҳатдан асосламасдан, даъвони тўлиқ қаноатлантириб, хатоликка йўл қўйган.

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2019 йил 7 июндаги хулосасида «Ф. Йўлдошев томонидан санасиз ёзилган 2 500 АҚШ доллари сўзлари билан бошланиб, қўлим билан ёздим Ф. Йўлдошев» сўзлари билан тугаган тилхатдаги 500 АҚШ доллари сўзлари биринчи ёзилган бўлиб, 2 рақами қўшиб ёзиш билан асосий матн ёзилгандан кейин амалга оширилганлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2019 йил 13 ноябрдаги ҳукми билан С. Раҳимова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддасининг биринчи қисми ва 25, 168-моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан тегиш­ли жазо тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 11 декабрдаги ажримида Ф. Йўлдошев С. Раҳимовадан 2 500 АҚШ долларини қарзга олмаганлиги, балки илгари олган қарзидан қолган 500 АҚШ долларини май ойидан бера бошлаши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 75-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги ёки этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди даъвогар С. Раҳимованинг жавобгар Ф. Йўлдошев ундан 2 500 АҚШ доллари қарз олганлиги ҳақидаги важлари билан келишмасдан, Ф. Йўлдошев томонидан 2018 йилда ёзилган тилхатдаги «2» рақами 500 рақамидан кейин ёзилганлиги ҳақидаги эксперт хулосасини инобатга олиб, ҳозирги кунда Ф. Йўлдошевнинг даъвогар С. Раҳимовадан 500 АҚШ доллари миқдорида қарзи мавжуд деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини ўзгартирган.

Хушнуд Балтаев,

фуқаролик ишлари

бўйича Хоразм вилоят

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: