ДИЛШОД ДАЛИЕВНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 2 ва 10 июнь кунлари Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Дилшод Далиев томонидан эълон қилинган видеомурожаатлар юзасидан маълумот

2020 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида даъвогар – Учкўприк тумани Бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Д. Далиевнинг манфаатида жавобгар – Халқ банки Учкўприк филиалига нисбатан ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 26 апрелдаги ажримига нисбатан Бош прокурори ўринбосари томонидан назорат тартибида келтирилган протест фуқаролик иши ҳужжатлари асосида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, даъвогар – Учкўприк тумани Бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқук инспектори Д. Далиевнинг манфаатида жавобгар – Халқ банки Учкўприк филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Халқ банки Учкўприк филиалининг 2019 йил 23 январдаги 9-к-сонли буйруғини бекор қилиб, Д. Далиевни ўз лавозимига ишга тиклашни ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 26 апрелдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра даъво қаноатлантиришдан рад қилинган.

Суд ҳужжатларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан назорат тартибида протест келтирилиб, унда апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилиб, ишни мазмунан кўриш учун шу инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг 2020 йил 28 мартдаги ажрими билан назорат тартибида берилган протест Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш учун ўтказилган.

Судлов ҳайъати иш бўйича маърузани, тарафлар, вакиллар ва адвокатларнинг тушунтиришларини, прокурорнинг протестни қувватлаш ҳақидаги фикрини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 3 ва 4-бандларига мувофиқ, ҳал қилув қарори, у процессуал ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ва ушбу ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига мос равишда қабул қилинган, зарур ҳолларда қонун ўхшашлиги ёки ҳуқуқ ўхшашлигини қўллашга асосланган бўлсагина, қонуний ҳисобланади. Ҳал қилув қарори, унда иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар, суд томонидан текширилган далиллар билан тасдиқланган, уларнинг алоқадорлиги ва мақбуллиги қонун талабларига жавоб берадиган ёки суд ҳаммага маълум деб топган, исботлашга муҳтож бўлмаган ҳолатлар, шунингдек, аниқланган фактлардан келиб чиқадиган якуний хулосалар акс эттирилганда, асослантирилган ҳисобланади.

Фуқаролик иши ҳужжатларидан кўринишича, Халқ банки Учкўприк филиалининг 2017 йил 1 августдаги 66-к-сонли буйруғи билан Д. Далиев ҳисобчи-назоратчиси лавозимига ишга қабул қилинган, кейинчалик у бошқа лавозимларга, хусусан, Халқ банки филиалининг 2018 йил 13 июлдаги 63-к сонли буйруғи билан филиал бошқарувчиси ўринбосари лавозимига ўтказилган.

Банк филиали бошқарувчисининг 2019 йил 23 январдаги 9-к-сонли буйруғи билан Д. Далиев билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3-бандига асосан (меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиб келинганлиги учун) бекор қилинган.

Бунга Халқ банки Учкўприк филиали раҳбариятининг Д. Далиев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқиш натижаси бўйича касаба уюшмасининг 2019 йил 21 январдаги Д. Далиев билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ҳақидаги қарори асос қилиб олинган.

Халқ банки Учкўприк филиалининг Д. Далиев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида розилик бериш тўғрисидаги касаба уюшмасига киритган тақдимномасида Д. Далиев ўзининг касб маданиятини пухта эгалламай туриб, банк мижозларига нисбатан банк ходимига хос бўлмаган феъл-атвор ва қўполлигини намойиш қилиб, банк биносида жамиятда ўрнатилган одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиб, фуқаро Х. Овчиевани ҳақорат қилганлиги кўрсатилган.

Маълум бўлишича, Учкўприк туман Маъмурий судининг 2018 йил 11 декабрдаги қарори билан Д. Далиевга фуқаро Х. Овчиевани ҳақорат қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Ушбу суд қарори қонуний кучда.

Муқаддам, Халқ банки Учкўприк филиали бошқарувчисининг 2018 йил 24 августдаги 75-к сонли буйруғи билан даъвогар Д. Далиевга хайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Бунга ички ишлар органининг 2018 йил 13 августдаги фуқаро М. Бекназарованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва ИИВга Д. Далиевнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган аризаси асосида ички ишлар томонидан суриштирув олиб борилиб, фуқаро М. Бекназаровани ҳақорат қилганлиги учун унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан тўпланган ва маъмурий ишлар бўйича судга юборилган маъмурий материал юзасидан ички ишлар органи томонидан ҳуқуқбузарлик сабаблари ва унинг содир этилишига имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида банкка киритилган тақдимномаси банк филиалида 2018 йил 24 августда муҳокама қилиниб, юқоридаги жазо учун асос қилиб олинган.

Чунки, Учкўприк туман маъмурий судининг 2018 йил 7 августдаги қарори билан Д. Далиев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун унга нисбатан суд томонидан огоҳлантириш берилган.

Шунингдек, Халқ банки Учкўприк филиалининг 2018 йил 12 декабрдаги 123-к-сонли қарори билан Д. Далиевга ўзининг иш фаолиятида йўл қўйган хато камчиликлари учун ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Даъвогарга интизомий жазо чорасини қўллашга Халқ банки бошқаруви томонидан режа асосида ўтказилган аудит текшируви натижаларига кўра, ўзининг иш фаолиятида йўл қўйган хато-камчиликлари мавжудлиги асос бўлган.

Халқ банки Учкўприк филиали томонидан Д. Далиев ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 4-бандига асосан бир марта меҳнат вазифаларини бузганлиги учун бекор қилишни сўраб касаба уюшмасига киритилган тақдимнома касаба уюшмаси томонидан муҳокама қилиниб, 2018 йил 14 ноябрда даъвогар билан меҳнат шартномасини юқоридаги асосларга кўра бекор қилишга розилик берилмасдан, интизомий жазони бошқа жазо чорасига ўзгартириш бўйича таклиф берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйи судлар Халқ банки филиали бошқарувининг даъвогарга муқаддам юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги, мазкур чораларни қўллаш ҳақидаги буйруқлар низолашилмаганлиги ва ўз кучида эканлигини инобатга олиб, иш берувчининг 2019 йил 23 январдаги даъвогар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 9-к-сонли буйруғи қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий таъсир чоралари асосли эканлиги ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

Протестдаги касаба уюшмаси органи ходимнинг мажлисда иштирок этиши учун етарли имконият яратиши лозимлиги, бироқ, касаба уюшмаси 2019 йил 21 январь куни соат 17.00 да ўтказиладиган йиғилишда иштирок этиши ҳақидаги огоҳлантириш хати шу куни почта тармоғи орқали юборилганлиги ва даъвогарнинг яшаш манзили бўйича 2019 йил 28 январда етиб келганлиги, шу билан даъвогар касаба уюшмасининг йиғилиши ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинмаганлиги ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмаган.

Ваҳоланки, қуйи судлар томонидан аниқланган ҳолатлар, яъни, Д. Далиев 2019 йил 21 январь куни соат 17.00 да бўладиган касаба уюшмасининг йиғилиши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилганда хатни олишдан бош тортганлиги, бу ҳақида тегишли тартибда икки маротаба далолатнома тузилганлиги, касаба уюшмасининг йиғилиши бўлишлиги ҳақида хабари бўлганлигини суд мажлисида ўзи ҳам тан олганлиги касаба уюшмасининг унинг огоҳлантирмасдан йиғилишда тақдимномани кўриб чиққанлиги ҳақидаги важларни инкор қилади.

Бундан ташқари, протестнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида назарда тутилган интизомий жазо қўллашнинг бир ойлик муддати ўтказиб юборилиб, даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси интизомий жазо тариқасида бекор қилинганлиги ҳақидаги важлари асоссиз ҳисобланади.

Халқ банки Фарғона вилояти Учкўприк филиалининг Ички меҳнат тартиби қоидаларининг 2.19-банди 4-қисмига кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини шунингдек, муддатли меҳнат шартномасини унинг муддати тугамасдан олдин иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир қилганида (Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисми 3 ва 4-бандлар) йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 182-моддаси 5 ва 6-қисмларига кўра, интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, – содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик 2018 йил 13 ноябрда содир этилган бўлса ҳам, мазкур ҳаракат айбли эканлиги фақат Учкўприк туман маъмурий судининг 2018 йил 11 декабрдаги қарори билан ўз тасдиғини топган.

Шундай экан, судлар, юқоридаги қонун нормаси талабларидан ва корхонанинг Ички меҳнат тартиби қоидалари шартларидан келиб чиқиб, ходимнинг ҳаракатлари айнан айбли эканлиги аниқланган кундан (2018 йил 11 декабрь) эътиборан, ходимнинг касал бўлган вақти (736604-сонли меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан 2019 йил 8 январдан 20 январга қадар) ҳисобга олинмаган ҳолда, касаба уюшмасининг 2019 йил 21 январдаги розилигига асосланиб, иш берувчининг 2019 йил 23 январдаги 9-к-сонли буйруғи қабул қилинган кунга қадар интизомий жазо қўллаш муддати ўтмаганлиги ҳақида тўғри ва қонуний тўҳтамга келган.

Шунингдек, протестдаги апелляция инстанцияси томонидан ишни кўриш жараёнида судлов ҳайъати аъзоси ўзгарганлиги сабаби тарафларга эълон қилинмаганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 18, 21-22-моддалари талаблари бузилганлиги ҳақидаги важлар билан ҳам келишиб бўлмаган.

Ваҳоланки, ушбу процессуал қонунчилик нормаларида, суд таркибининг ўзгарганлиги сабаби тарафларга эълон қилиниши назарда тутилмаган.

Шунингдек, суд мажлиси баённомасидан апелляция инстанцияси таркиб ўзгарганидан сўнг иш кўришни бошидан бошланганлиги ва ишда иштирок этувчи шахсларга таркиб ўзгарганлиги ҳақида ҳамда суд таркиби, котиб ва прокурорга рад қилиш тўғрисида арз қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги кўринган (и. в. 252).

Протестдаги Д. Далиев ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаганлиги тўғрисидаги важлари асоссиз ҳисобланади, боиси даъвогар буйруқ билан танишиб, имзо қўйишдан ва нусхани олишдан бош тортганлиги ҳамда меҳнат дафтарчасини ўша куни олганлиги ҳолати юзасидан 2019 йил 23 январда далолатнома тузилган.

Шунингдек, протестдаги Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида” ги 12-сон Қарорининг 17-бандида, судларнинг эътибори иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимнинг огоҳлантирилгани (хабардор қилгани) ни, Меҳнат кодексининг 102-моддасида белгиланган огоҳлантиришнинг муддатлари ва тартибига риоя этилган-этилмагани масаласини аниқлашга ҳамда шу ҳақида ходимни ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шартлигига қаратилганлиги, ушбу ҳолатда иш берувчи ходимни меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳақида эмас, балки касаба уюшмасининг йиғилиши ҳақида огоҳлантирилганлиги ҳақидаги важлар ҳам асоссиз ҳисобланади.

Чунки, ушбу Пленум Қарорининг 20-бандида, иш берувчи ходимнинг айбли ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида уни камида уч кун олдин хабардор қилишга мажбур (Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3, 4 бандлари). Бунда, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари асосида меҳнат муносабатларини бекор қилишдан фарқли ўлароқ ходим билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3 ёки 4-бандлари бўйича бекор қилишда ходимни албатта ёзма шаклда хабардор қилишни кўзда тутмайди. Шунга кўра, бундай асослар бўйича ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилишда ходим ёзма ёки оғзаки хабардор қилиниши мумкинлиги тушунтирилган.

Шу билан бирга, протестда иш берувчи томонидан Меҳнат кодекси талаблари ҳам бузилганлиги ва Д. Далиев меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилинмаганлиги ўрнига унга мутаносиб компенсация тўланмаганлиги ҳақидаги важлар келтирилган.

Судлов ҳайъати протестдаги ушбу важлар билан қуйидагиларга асосан келишган.

Юқоридаги Пленум қарорининг тушунтиришига кўра, судлар шуни ҳисобга олишлари лозимки, иш берувчи ўз хоҳишига қараб, меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича бекор қилиш ҳақидаги хабарни унга мувофиқ келадиган пул компенсацияси тўлашга алмаштиришга ҳақли. Шунга кўра, агар ишни кўриш жараёнида Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимни ишга тиклашга асослар мавжуд эмаслиги аниқланса, аммо иш берувчи ходимга у билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақида хабар бермаган ёки унга мос келадиган пул компенсацияси тўламаган бўлса, суд иш берувчига, ходим учун тўланиши лозим бўлган компенсацияни тўлаш мажбуриятини юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 375-моддаси 3-қисмига кўра, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги суд ҳужжатини апелляция, кассация ва назорат тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлади.

Мазкур кодекснинг 436-моддаси 3-бандига кўра, назорат инстанцияси суди ишни назорат тартибида кўриб чиққанда, ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва ишни янгидан кўришга юбормасдан, янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга ҳақли.

Шундай экан, судлов ҳайъати, Д. Далиев билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга компенсация тўлови амалга оширилмаганлигини инобатга олиб, қуйи судларнинг ишга тиклашни рад қилиш ҳақидаги хулосалари билан келишган ҳолда, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги хабарни ўрнига ходим учун тўланиши лозим бўлган 3 кунлик компенсацияни тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги қисм билан тўлдириб, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.

Баён этилганларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2020 йил 2 июнь куни мазкур иш юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 26 апрелдаги ажрими ҳамда Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори, жавобгар – Халқ банки Учкўприк филиалига Дилшод Далиевга меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги хабарни ўрнига ходим учун тўланиши лозим бўлган 3 кунлик компенсацияни тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги жумла билан тўлдирилиб, суд ҳужжатларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилиш ҳақида ажрим чиқарган. Шу билан протест қисман қаноатлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: