НОҲАҚЛИК УЧУН ИККИ ЮЗ МИЛЛИОН

Бугун ҳаётимизда биров пайқаб, биров пайқамаётган катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Катта-катта қурилишлар билан бирга янги жамият ҳам қурилаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Қисқа қилиб айтганда, кўнгилга ёруғлик берадиган ислоҳотлар ҳар бир соҳада самара бера бошлади. Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам.

Буни кейинги йилларда судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмларининг бир неча баробар ошганидан ҳам англашимиз мумкин. Мисол учун, фуқаро Д. Салировга ҳам оқлов ҳукми эълон қилинган.

Маълум бўлишича, Д. Салиров 2008 йилдан 2010 йилга қадар пойтахтдаги акциядорлик жамиятларидан бирининг раиси лавозимида ишлаган. У жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2011 йил 22 июндаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми, 28, 209-моддаси 2-қисми «а» банди ҳамда 175-моддаси «в» банди билан жиноий жавобгарликка тортилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Кейинчалик Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 29 январдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг 2011 йил 22 июндаги ҳукми бекор қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2 ва 3-қисмига асосан айбсиз деб топилган.

Шундан сўнг Д. Салиров фуқаролик ишлари бўйича судга Мирзо Улуғбек тумани молия бўлимига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилди. У аризасида ноқонуний судлангани оқибатида 2010 йил 22 сентябрдан 2019 йил 29 январга қадар, яъни 3 051 кун қамоқда ноҳақ ўтиргани учун жавобгардан умумий ҳисобда 940 млн. 186 минг 500 сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 19 декабрдаги ажримига кўра Д. Салиров реабилитация қилиниши муносабати билан даъвогарга етказилган моддий зарар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилган. Ҳозир даъвогар судга мурожаат қилиб, ноҳақ судланиб, узоқ вақт қамоқда ўтиргани учун унга етказилган маънавий зарарни қоплаб беришни сўраган.

Суд тарафларнинг тушунтиришини эшитиб, иш материалларини ўрганиб, қуйидаги хулосага келди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси 2-қисмига кўра агар зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олиш, маъмурий жазо қўллаш ва ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланади. Мазкур кодекснинг 15-моддасига кўра давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдорларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдорларининг айби билан етказилган зарарни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдорлар зиммасига юкланиши мумкин.

Қайд этилган қонун талабидан келиб чиқиб, суд ишга ҳуқуқий баҳо берди.

Ҳақиқатан ҳам, бу фуқаро ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилиши ва узоқ вақт давомида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтагани оқибатида маънавий зарар кўрган. Мазкур ҳолат инобатга олиниб, унинг даъвосини қонуний ва асосли деб топилди ва уни қисман қаноатлантирган ҳолда давлат бюджетидан Тошкент шаҳар молия бошқармаси орқали даъвогарга 200 млн. сўм товон пули ундиришни лозим топди.

Олимжон Шамсиев,

фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

(“Huquq” газетаси,

2020 йил 11 июнь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: