ҚИНҒИРЛИК КЎЧАСИДАН ИЗЛАНГАН ОМАД АСЛИДА ОҒИР ҚИСМАТ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Одам боласи худо берган ақлни эзгуликка эмас, тор ва чиркин манфаатлар йўлида сарфлашнинг оқибати ҳеч қачон хайрли якун топмайди. Аммо ҳаётда нафс қутқусига учиб, жиноят кўчасига кираётган кимсалар ҳам учраб туради. Бундай кимсалар тотли турмуш йўриғи бўлакча экани, унга фақат эзгу ўй-фикр, эзгу амал ва эзгу сўзни дилига жо этганларгина ета олишини, таассуфки, билишмайди.

1979 йил Урганч шаҳрида туғилган Адҳам Бобожоновни ҳам ақлини ана шундай чирқин манфаатлар йўлига сарфлаганлар тоифасига қўшиш мумкин. У шу пайтга қадар ўзи­ча омад санаган мўмай бойликни хўп ва кўп излади. Шу ҳой-у ҳавас йўлида хорижий давлатлар, аниқроғи, Россияга бориб келди. Ана шу тариқа шумлик ва қувлик йўлларига кирди, моғорлаган кўнгли бемеҳнат бойликни қумсади. Одамийликка ҳам, қонунийликка ҳам хилоф амалларни ихтиёр этди. Аммо ҳар гал шум ниятининг неъматини эмас, балки нордон «данаги»ни татиди. 2009 йилдан 2013 йилгача ўтган вақт ичида уч марта жиноий жавобгарликка тортилди.

А. Бобожонов қонунбузарлик кўчасидаги «дадилона юриш»ларию унинг ортидан татиган шум қисматига шу билан нуқта қўйгандир, дерсиз. Йўқ, аксинча, давомли қилмишидан ҳам, шу боис тайинлаган жазодан ҳам ор қилмади. Шум ниятли кимсанинг қилмиши энди ёт элларда эмас, ўз юртида давом этди. У навбатдаги жиноий ҳаракатини ўзига ўхшаган ва шу пайтгача жазони ўташ масканининг ҳавосини давомли равишда 2 марта сипқорган (1976 йили туғилган бу кимса 2008 йил гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик жинояти учун 3 йил, 2010 йил эса, 4 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган) яна бир нияти бузуқ кимса — Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл шаҳрида яшовчи Айбек Бобожонов билан амалга оширди.

А. Бобожоновга қолса, у оғуфурушлик борасидаги қилмишини гиёҳвандлик воситаларига боғланиб қолгани, уни мунтазам истеъмол қилиши ва бу матоҳни сотиш нияти бўл­магани билан изоҳлайди.

Лекин факт фактлигича қолади ва уни хаспўш­лаш, бўяб ёхуд бўрттириб кўрсатишнинг асло иложи йўқ.

А. Бобожонов ва унинг жиноий шериги Айбекнинг ҳаётини яна бир марта остин-устун қилиб юборган машъум­ қилмишнинг пайи, хайриятки, барвақт қирқилди. Ўтган йилнинг 12 декабрида бошланган жиноий фаолиятга  атиги 3 кун ичида чек қўйилди.

Воқеалар ривожига қараганда, Адҳам ўша куни Айбекдан Тўрткўл шаҳар бозори яқинида наркотик моддаларга тўйинган ва тақиқланган 24 дона «Трамадол» таблеткасини 200 минг сўмга харид қилган.

Ўртадаги оғуфурушлик ўша йилнинг 15 декабрь куни яна давом этган. Бу гал харидор сотувчини эмас, балки сотувчининг ўзи харидорни йўқ­лаб борган. Орадаги сав­до-сотиқ Урганч шаҳри — вилоят Кўп тармоқли шифохонаси яқинида амалга оширилган. Айбек бу гал Адҳамга жами 14 та канвалютага жойланган «Трамадол»ни 1 миллион 450 минг сўмга пуллаган. Таъкидлаш жоизки, ушбу қўша жиноий воқеа ҳар икки оғуфуруш ўртасида ошкора кечган. Лекин шу орада пинҳона воқеалар ҳам юз берди. Бунга номи ўзгартирилган ҳолда ҳукмингизга ҳавола этилаётган фуқаро М. Каримовнинг наркотик воситалар олди-соттисига доир аризаси сабаб бўлгани ва ўзаро савдо ҳуқуқ-тартиботи ходимлари кузатуви остида амалга оширилганини алоҳида эслатиш зарур.

Уқтирилганидек, ушбу ариза боис, Адҳам Бобожоновнинг ҳаракатлари назорат остига олинди. Катта миқдордаги «дори»ни қўлга киритган оғуфуруш эса, ўзини қўярга жой тополмайди. У фурсатни бекор ўтказмади. «Дори»нинг бир йўла иккита таблеткасини жиғилдонига жойлаганча, харидор М. Каримовга қўнғироқ қилиб, мол сотишга тайёр эканлигини билдирди. Харидор ҳам ҳаялламади. Шу заҳотиёқ учрашув жойига етиб борди. Савдо пишди. 2 та канвалютадаги «Трамадол» гиёҳвандлик воситаси 350 минг сўм эвазига Ад­ҳамдан сотиб олинди. Ушбу савдодан сўнг А. Бобожонов, табиийки, узоққа кетолмади. Шу жойнинг ўзидаёқ тўрга тушиб, бўлажак воқеаларни миридан-сиригача айтиб беришдан бў­лак чора тополмади. Аён бўлишича, галдаги йирик миқдордаги савдо-сотиқ тадбири ҳа­ли олдинда ва чораси кўрилса, унинг ҳам пайини бемалол қирқиш мумкин. Жиноят устида қўлга тушган А. Бобожонов ноиложликдан пинҳ­она кузатув остида ана шу савдони амалга ошириш тадбирида иштирок этишга розилик бил­дирди. Бари кутилганидек бўл­ди. Юқорида зикр этилган миқдордаги «дори» — жами 14 та канвалютадаги «Трамадол» гиёҳ­ванд­лик воситаси 1 миллион 450 минг сўм эвазига харидор Адҳамбекнинг қўлига ўтди.

Жиноий шерикларнинг узоқ давом этмаган қора қилмишига ана шу тариқа нуқта қўйилди.

Тергов органи Адҳам Бобожоновнинг қилмишини Жиноят кодексининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга доир жиноий кирдикорлар сирасига кирувчи 273-моддаси 5-қисми, 276-моддаси 2-қисми «а» банди, Ай­бек Бобожоновнинг қилмишини эса, 273-модда 5-қис­ми билан малакалади. Суд уш­бу ҳолатни эътироф этар экан, жи­ноий қилмишга қўл урган кимсаларнинг айбини енгиллатувчи жиҳатлар етарли экани, оғирлаштирувчи важлар эса, мавжуд эмаслигини аниқлади. Шунга кўра, ҳар иккала судланувчининг айбига тўла иқрорлиги, жиноятни очишга ёр­дам бергани, ихтиёридаги гиёҳвандлик воситаларини тергов органига ўз ҳоҳиши билан тақдим этгани, оилавий ва моддий аҳ­воли инобатга олинди. Шу муносабат билан ҳар иккала судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгил жазони назарда тутувчи 57-моддасини қўллаш мумкин, деган хулосага келинди ва бу ҳолат чиқарилган ҳукмда ўз ифодасини топди.

Шундай эса-да, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик — ижтимоий жиҳатдан анча хавфли ва жиддий саналган кечирилмас жиноят. Шу боис, бундай ҳолатларни хаспўшлаш, оғир ва асоратли қилмиш эканлигини инкор  этишнинг имкони йўқ. Суд шу муносабат билан Адҳам Бобожонов ва Айбек Бобожоновларнинг ҳар бирини 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Инсон зотига берилган бир марталик умрни кимдир эзгуликка йўналтириб, ҳаётдан қут-барака топади, бахтли яшайди. Яна кимдир эса, билиб-билмай разолат ботқоғига ботиб, наинки, ошна-оғайнилари, балки қўни-қўшниларини ҳам уятга қолдиради. Уни таниган одамлар ундан номус қиладилар, ўзларини олиб қочадилар.

Бундай жазодан Яратганнинг Ўзи асрасин.

Ҳикмат излаганга — ҳикмат бу дунё,

Иллат излаганга — иллат бу дунё, деб бежизга айтмайдилар.

Шуҳрат Раззақов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар судининг раиси,

Абдулла Собиров, журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: