«ҚИЛМИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН»
Аксарият жиноятчиларнинг судда айтар сўзи шу. Аммо…
Одатда аксарият жиноятчилар ўз қилмишларининг жиноят эканлигини, унинг ҳуқуқий оқибатларини билсалар-да, ноқонуний хатти-ҳаракатдан тийилмайдилар. Бунинг учун жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан тегишли жазога тортилганларида эса қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўрашади. Ҳатто суд оғир жазо тайинлаганини важ қилиб, апелляция шикояти ҳам ёзишади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилган қуйидаги жиноят иши ҳам фикримизга далил бўла олади.
Қўқон шаҳрида яшовчи Динора Муликова кўпдан буён шаҳарнинг Фурқат кўчасида жойлашган Деҳқон бозори яқинида гиёҳвандлик воситаси саналган дорилар савдоси билан шуғулланиб келарди. Гарчи Динора бундай дориларни сотиш қонунан тақиқланганини билса-да, ғайриқонуний даромад илинжида “иши”ни тўхтатмади.
2019 йил 3 июль куни ҳам худди шундай бўлди. Яъни кўпдан буён кузатувда бўлган Д. Муликова Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб келиниб, сўралганда у чўнтагидаги 25 дона “Трамадол Ланнахер” гиёҳвандлик воситаларини ўз ихтиёри билан тақдим этади. Бироқ ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганда кўйлагининг ички қисмида яна 30 дона шундай дори мавжудлиги аниқланади. Шу боис унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Лекин шунда ҳам унинг сўқир кўзи очилмай, жиноий ҳаракатларини давом эттиради.
Аниқроғи, Динора 2019 йил 15 июль куни шаҳарнинг Авғонбоғ кўчасида жиноий шериги Р. Абдуллаев (жиноят ишидан унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) нинг автомашинасида махсус харидор Л. Мадраҳимов ва Ж. Абдуллаевларга жами 500 дона “Трамадол Ланнахер” дорисини 300 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган. Бунинг учун эса унга иккинчи маротаба жиноят иши қўзғатилади. Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан. Аммо…
Аммо тергов-суриштирув жараёнларида Д. Муликова бир гуруҳ шахслар билан бирга учинчи маротаба оғир жиноятга — босқинчиликка қўл уради.
Яъни Динора Қўқон шаҳрида яшовчи Муртазо Акрамов, Назокат Боймирзаева, Ҳусан Муҳитдинов ва Абдували Саттаровлардан иборат жиноий гуруҳга қўшилади. Мазкур гуруҳ 2 500 АҚШ доллари эвазига фуқаро Раҳматжон Масодиқов ва Аҳрор Зунуновларнинг катта миқдордаги маблағини боқинчилик йўли билан қўлга киритишга келишиб олади.
Аввалдан 500 000 сўм “аванс” олган ҳолда 2019 йил 19 июль куни соат 20:30 ларда ишга киришишади. Гап шундаки, ўша пайтда улар пичоқ ва таёқ билан қуролланиб, Муртазонинг Қўқон шаҳар Шоир кўчасида жойлашган яшаш хонадонида яшириниб, қулай фурсат келишини пойлаб ўтиришади. Шундан кейин М. Акрамов Тожикистон Республикасидан олиб келинган 26 қути “Милано” номли тамаки маҳсулотлари борлигини ҳамда ҳар бир қутисини 5 100 сўмдан сотишини айтиб, Раҳматжон, Аҳрор ва Ботир исмли йигитларни хонадонга бошлаб келади.
— Шошманглар, уйда аёллар бор, — дейди Акрамов уларни дарвозахонада тўхтатиб. — Мен уларни ичкарига киритиб юборай. Кейин сизлар кираверасизлар.
Албатта, Муртазо бу гапни бежиз айтмаганди. Негаки у Р. Масодиқов, А. Зунунов ва Б. Каримовларни тўхтатиб, ўзи жиноий шерикларининг ҳужумга тайёрлигини билиб чиққанди. Шунга қарамай, харидорларни ишонтириш мақсадида маҳсулот ҳақи — 4 000 АҚШ долларини олдиндан санаб олади. Сўнгра уччаласини ичкарига таклиф қилади. Аввалдан пайт пойлаб ўтирган Н. Баймирзаева, Д. Муликова, Ҳ. Муҳитдинов ва А. Саттаровлар эса шу заҳотиёқ дарвозани ичкаридан беркитиб олишади.
Кейин асл мақсадга ўтишади.
— Сизлар Муртазога зўрлик ишлатиб, бозорда кўзига газ сепиб, бир юз олтмиш саккиз миллион сўм пулини тортиб олгансиз, — дейишади Раҳматжонга дағдаға қилиб.
Бироқ Р. Масодиқов бундай ҳолат юз бермаганлиги айтиб, жиддий эътироз билдиради. Бунга жавобан эса ҳамтовоқлар сўридаги тўшак тагига яшириб қўйилган пичоқ ва таёқ билан Аҳрор ва Раҳматжонни уриб, танасининг турли жойларига тан жароҳати етказишади. Шунда Раҳматжон Масодиқов тушунадики, улар билан ади-бади айтишиш, баҳслашиш бефойда. Шу боис берган 4 000 АҚШ долларини қайтариб беришларини, сўнг уришмасдан жимгина кетишларини айтади. Лекин Назокат билан Ҳусан унинг боши ва елкасига дам қўллари, дам таёқ билан уриб, шими чўнтагидан 50 000 сўм пулини, Ботир Каримовга ҳам зўрлик ишлатиб, кўрқитиб ҳамёнидаги 20 АҚШ доллари ҳамда 100 000 сўм пулини тортиб олишади. Бу ҳам етмагандек зўравонлар жабрланувчиларнинг ташқарида турган автомашинасини кўздан кечириб, ундан ҳеч қандай пул ёки бошқа қимматбаҳо буюм топа олмаганларидан сўнг уларни қўйиб юборишган.
Шундан сўнг Назокат Боймирзаева, Динора Муликова, Ҳусан Муҳитдинов ва Абдували Саттаровлар режалаштирилган вазифани бажарганликларини айтиб, Муртазо Акрамовдан 2 500 АҚШ долларини олиб, ҳар кимнинг “хизматига яраша” тақсимлаб олишади. Яъни Назокат Динорага 800 АҚШ доллари, Ҳусанга 200 АҚШ доллари, Абдувалига 100 АҚШ долларини бериб, қолган 1 400 АҚШ долларини эса киссасига уради.
Раҳматжон Масодиқов, Аҳрор Зунунов ва Ботир Каримовлар бўлса эртаси куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишади.
Оқибатда жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уларни тегишли муддатларга озодликдан маҳрум этади. Шунингдек, айбдорлардан жабрланувчиларга етказилган зарар солидар тартибда ундирилиши ҳам белгиланади.
Аммо Динора Муликова ва Ҳусан Муҳитдиновлар суд ҳукмидан норози бўлиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига апелляция шикояти беришди. Буни қарангки, ўз шикоятида Д. Муликова қарамоғида ногирон ва вояга етмаган фарзандлари борлигини, Ҳ. Мухитдинов эса қарамоғида ногирон отаси ҳамда вояга етмаган фарзандлари борлигини, оиласининг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўрашди. Энди ҳақли савол туғилади: хўш, нима учун улар оиласидаги ана шу вазиятни жиноят содир этмасдан аввал ўйлашмади?
Шу ўринда биринчи босқич суди томонидан ҳар иккисига тайинланган жазога эътибор қаратсак. Хусусан, Динора Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ва 164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланган. Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига биноан судланувчига ўн йилдан йигирма йилгача, 164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандларига мувофиқ эса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бироқ суд уни кодекснинг 57-моддаси тартибида юқорида назарда тутилган энг кам жазолардан ҳам кам — 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этган. Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган Ҳусан Муҳитдиновга ҳам модда санкциясидаги энг кам — 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бинобарин, суд уларнинг апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Кези келганда яна бир мулоҳаза. Агар жиноят иши материалларига назар ташланса, “қаҳрамон”ларимизнинг ҳаммаси муқаддам судланганлигини кўриш мумкин. Лекин уларнинг ҳеч бири аввалги қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқармай, такроран жиноятга қўл уришган. Суд томонидан ўзларига сўз берилганда эса “Қилмишимдан пушаймонман, енгиллик беришингизни сўрайман”, дея таъкидлашган. Аслида аксарият жиноятчиларнинг судда айтар сўзи шу. Аммо озодликка чиққач, ўтмишини эсдан чиқаришига нима дейсиз?
Бобохон ВАҲОБОВ,
жиноят ишлари бўйича Фарғона
вилоят судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
(“Adolat” газетаси,
2020 йил 19 июнь)
Фикр қолдириш