ҚАРЗ АРЗГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТИНИ ОЛДИНДАН ЎЙЛАШ ЛОЗИМ
Бировга қарз бериш орқали муҳтож кишининг оғирини енгил қилиш яхши, албатта. Бироқ қарз олувчининг муаммоси ҳал бўлиши асносида қарз берувчида пайдо бўладиган муаммо ва кейинчалик икки ўртада келиб чиқадиган низо бундай яхшиликнинг савобини йўққа чиқариши ҳам — бор гап.
Афсуски, бугунги кунда қарз масаласи билан боғлиқ низолар оз эмас.
Фуқаролик судларида кўрилаётган низоларнинг салмоқли қисмини ҳам қарз олди-бердисига тааллуқли ишлар ташкил этади. Шунинг ўзиёқ бугунги кунда одамлар ўртасидаги қарз муносабатлари нечоғли оғриқли тус олиб бораётганини кўрсатади.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2020 йилнинг биринчи чорагида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судларида қарзни ундиришга оид 105 та даъво аризаси кўрилган.
Шундан 92 та ариза қаноатлантирилган. Бунинг натижасида жавобгарлардан, яъни қарздорлардан жами 1 миллиард 182 миллиондан зиёд қарз суммасини даъвогарлар, демакки, ҳақдорлар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.
Шу билан бирга, ноҳақ тарафдан давлат фойдасига 86 миллиондан зиёд давлат божи ундирилган. Шунингдек, 6 та даъво талаби асоссизлиги сабабли рад қилинган бўлса, 7 та ҳолатда жавобгар тараф даъвони тан олиб, қарзини қайтаргани ёки тарафлар келишгани сабабли, фуқаролик иши тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган. Бу ишларнинг 23 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган.
Суд амалиёти таҳлилидан келиб чиқиб, қарз берувчиларни шартли равишда икки тоифага ажратиш мумкин.
Биринчи ва кўпчиликни ташкил этувчи тоифа бу — ҳақиқатан ҳам, ҳеч қандай манфаатсиз, одамгарчилик нуқтаи назаридан ёрдам қўлини чўзган инсонлар. Бу тоифага мансуб кишилар ишонч ва истиҳола сабаб қарз муносабатини қонуний расмийлаштирмайдилар.
Аммо вақти келиб, қарздорнинг ноинсофлиги ёки тўлов имконияти бўлмагани боис, ўртада низо пайдо бўлади. Қонун эса, жайдари тилда айтсак, қуруқ гапни кўтармайди.
Фуқаролик кодексининг 732-733-моддаларида қайд этилган нормалар талабига кўра, фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси, агар қарз миқдори энг кам иш хақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Шундагина даъво учун далил юзага келади.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам ҳаётда учраб туради. Бундай ҳолатлар Фуқаролик кодексининг 109-моддасига мувофиқ, низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Қарз олиш ва бериш қадимдан мавжуд. Шу боис ҳеч бир замонда бу масала эътибордан четда қолмаган. Ҳамиша аниқ тартиблар жорий этилган.
Мусулмон ҳуқуқида ҳам қарз, яъни олди-берди масаласида аниқ кўрсатмалар мавжуд. Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида шундай марҳамат қилинади (мазмуни): «Эй мўминлар! Бир-бирингиз билан қарз беришиб муомала қилган вақтларингизда (у қарзларингизни адо қилиш муайян бир вақтгача маълум бўлса) у қарзларингизни ҳужжат тариқасида ёзинглар».
Шунинг учун ҳам қарз олди-бердисини ҳужжатлаштиришда истиҳола ёки андишага бориш керак эмас.
Қарз берувчи иккинчи тоифа эса, шу орқали фойда кўрувчилар бўлиб, улар маълум фоиз эвазига, албатта, гаров ҳисобига қарз беради. Бировга пулни шунчаки бериб қўймайдиган бу тоифа вакиллари доим ишини пухта қилади.
Яъни аксарият ҳолатларда қарз учун гаров шартномаси тузиш ўрнига қарз олаётган шахсга тегишли муайян мулкларни, масалан, машина, уй-жой ва ҳоказоларни нотариал тартибда олди-сотди шартномаси орқали ўз номига расмийлаштиргачгина пул беради. Пулга муҳтож одам эса, кўпинча, шу каби талабларга иложсизликдан рози бўлади.
Низо келиб чиққанда эса, фоизга қарз берувчи одам «уйни ёки машинани қонуний нотариал тартибда расмийлаштириб сотиб олганлигини» айтиб, қарз берганлигидан тониб тураверади. Кўпинча ҳақиқий ҳолатни исботлашнинг имкони бўлмайди ва оқибатда бундайларнинг қўли баланд келади.
Нега? Чунки ўша олди-сотди шартномаси нотариал тартибда, томонларнинг хоҳиш-иродаси асосида расмийлаштирилган. Мулк эгаси нотариус ҳузурида ихтиёрий олди-сотди шартномасини имзолаган. ¤ртада қарз олди-берди бўлганлигини тасдиқловчи бирон-бир ёзма далил мавжуд эмас.
Шунинг учун қарз эвазига ниманидир гаровга қўйиш ёки гаров ўрнига олди-сотди шартномаси тузишда ҳушёр бўлиш лозим. Энг муҳими, ўртадаги муносабатни тўғри, яъни қонуний расмийлаштириш керак.
Шу ўринда бир мисолга тўхталамиз: даъвогар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси билан мурожат қилиб, унда жавобгардан қарзни ундиришни сўраган.
Фуқаролик ишида тўпланган ҳужжатларга кўра, даъвогар судга жавобгарнинг тилхати нусхасини тақдим этган. Жавобгар номидан ёзилган тилхатда даъвогардан ўз эҳтиёжлари учун 14 300 000 сўм қарз олганлиги, қарзни 2018 йил 1 октябрда қайтариб бериши баён қилинган.
Суд жавобгарнинг қарз олиб, қайтариш мажбуриятини бузганлиги асосида даъво талабини қаноатлантирган.
Даъвогар судга жавобгарнинг қарздорлиги ҳақидаги тилхатнинг аслини тақдим этмаган. Суд муҳокамасида даъвогар тилхатнинг асл нусхасини даъво аризаси тайёрлаш учун адвокатга берганини, бироқ адвокат вафот этганлиги туфайли асли йўқолганлигини билдирган.
Бошқа ҳолатларда суд ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва тарафлар ўртасидаги ўзаро муносабатни ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш чораларини кўрмасдан хатоликка йўл қўйиши ҳам мумкин эди.
Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини шартномада назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Бинобарин, жавобгар номидан ёзилган тилхат ишончли ёзма далил бўлолмайди.
Фуқаролик кодексининг 109-моддасига асосан, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.
Бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Тарафлар битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.
Олий суд Пленумининг «Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 21-бандига кўра, Фуқаролик кодексининг 733-моддаси 1-қисмига биноан, қарз берувчи юридик шахс бўлганида ёки фуқаролар ўртасида тузилган қарз шартномасининг суммаси энг кам иш ҳақининг, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлган ҳолларда қарз шартномаси оддий ёзма шаклда тузилиши талаб қилинади.
Судлар қарз шартномасининг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслигини назарда тутишлари лозим.
Фуқаролик кодексининг 109-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, тарафлар бундай ҳолда гувоҳларнинг кўрсатмасига асосланишга ҳақли эмас. Лекин бу уларни ёзма ва бошқа далиллар келтириш имкониятидан маҳрум этмайди.
Агар пул ёки ашё олганлик факти инкор этилмаса, у ҳолда уни ёзма далиллар билан тасдиқлаш талаб қилинмайди. Ҳар бир тараф ўз талабларини асослаш учун келтирилган ҳолатларни исботлашга мажбур.
Юқорида келтирилган мисолда жавобгар даъвогардан 14 300 000 сўм қарзини суд мажлисида тан олган ва даъвогар пулларни ўртага тушиб олиб берганини баён қилган.
Жавобгар қарздорлигини тан олганлиги битим тузилганлиги ва мазмунини ҳамда қарз мажбурияти мавжудлигини тасдиқлайдиган далил ҳисобланади.
Бундан ташқари Фуқаролик процессуал кодексининг 253-моддасига кўра, арз қилинган талаб жавобгар томонидан тан олинган тақдирда, асослантирувчи қисмда фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин.
Қонунчиликда қарз олди-бердисини тузиш ва расмийлаштириш шарт қилиб қўйилган экан, нима сабабдан қарз муносабатига киришаётган шахслар ушбу тартибга риоя этмайди, деган савол туғилади.
Фикримизча, бунинг биринчи сабаби — ўртадаги ишонч, истиҳола.
Иккинчидан, тарафлар нотариал идорага бориб, қарз шартномасини расмийлаштиришга ҳафсала қилмайди ёки имкони бўлмайди.
Нега деганда, бу жараён муайян вақтни талаб этади. Муаммонинг энг каттаси эса, ҳуқуқий саводхонликка бориб тақалади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қарз муносабатлари қонуний расмийлаштирилмас экан, низо ва муаммолар пайдо бўлаверади ҳамда иш судга келиб тақалаверади. Шунинг учун фуқароларни қонун талабларига қатъий амал қилишга чақириб қоламиз.
Акром Шукуров,
фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг раиси
Фикр қолдириш