АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ ЁКИ УЧ ЙИЛЛИК ИЗТИРОБ НИҲОЯСИ ХАЙРЛИ ТУГАГАНИ ХУСУСИДА

Бу ҳаётда ҳамма тинч-хотиржам яшашни истайди. Бироқ ҳаёт шунчалик мураккабки, баъзан киши айбсиз айбдор бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бунинг оқибатида эса, ҳар қандай одам кўп савдоларни бошидан кечиришга мажбур бўлади.

Расул Аброров ҳам «Оқолтиндонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти билан шартнома асосида ишлаб, бошига бу ташвишлар тушишини аввалроқ билганда эди, корхона остонасига ҳам яқин келмасди.

Гап шундаки, у «ТО-30» русумли юклагич мосламали трактор сотиб олгач, «Abrorov R. A.» якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтади. «Оқолтиндонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти билан тузилган шартнома асосида «Шуҳрат» дон қабул қи­лиш шохобчасида 2012-2013 йилларда ўзининг техникаси билан хизмат кўрсатади.

Ғалла ўрим-йиғим мавсумида иш бошдан ошиб ётиши ҳеч кимга сир эмас. Расулнинг тракторини икки ҳайдовчи — А. Номуратов билан М. Сатторовлар, баъзида ўзи бошқариб, кеча-кундуз тиним билмай ишлашади. Донни шамоллатиш, бир ерга тўплаш, вагонларга етказиб берадиган эскалаторларга юклаш, шохобча омборларига жойлаштириш — барча ишлар уларнинг зиммасига юклатилганди.

Тракторга бир иш кунида 60-70 литр, баъзида ундан ҳам кўпроқ ёқилғиси сарфланади. Шартномада, томонларнинг келишувига асосан, ёқилғи-мойлаш материаллари билан «юк ортувчи» таъминлаши назарда тутилган. Бордию, бирон-бир сабабга кўра, «юк ортувчи» ёқилғи-мойлаш материалларини тополмасдан, акциядорлик жамияти томонидан етказиб берилса, сарфланган ёқилғи қиймати чегириб қолиниши белгиланган.

Тадбиркор Р. Аброров техникаси тўхтаб қолмаслиги учун елиб-югуради, дон қабул қи­лиш шохобчасига эҳтиёт қисм­лар, ёқилғи-мойлаш материаллари олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг 2014 йил 24 январдаги «Оқолтиндонмаҳсулотлари» акциядорлик жа­мия­ти фаолиятини комплекс ҳужжатли тафтишдан ўтказиш ҳақидаги қарорига асосан, корхонада текшириш ўтказилади.

Ушбу текшириш якунлари бўйича акциядорлик жамияти раиси И. Холмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва бошқа мансабдор ва моддий жавобгар шахслари 2011-2013 йиллардаги фаолиятида йўл қўйган ўзлаштириш, талон-торожлик, растарата ва бошқа қилмишлари учун суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Р. Аброровнинг иши ушбу жиноят ишидан алоҳида ажратилганди.

Акциядорлик жамияти раҳбари ва бошқа моддий жавобгар шахслар жазога тортилгач, орадан кўп ўтмай Т. Маҳмонов деган терговчи Р. Аброровни ўзининг хизмат хонасига чақиради ва «тергов ҳаракатлари тугатилди, жиноят ишида айбсиз экансиз» деб унга жавоб бериб юборади.

Аммо 2017 йилнинг 3 июнь куни Р. Аброровни бошқа бир терговчи — Ж. Хушназаров чақириб, ўзини таништиради. Сўнгра жиноят иши тергови қайта тиклангани ва иш ўзининг юритувига олинганини маълум қилади.

Тергов бошланади, тафтишчи М. Бердиқулов аввал тафтиш ўтказиб, хулоса берганди. Аммо Р. Аброровнинг бу хулосанинг тўғ­ри эмаслиги ҳақи­да эътирозини эшитган Ж. Хушназаров М. Бердиқуловга яна қўшимча тафтиш ўтказиш тўғрисида топшириқ беради. Шу тариқа якка тартибдаги тадбиркорнинг «Шуҳ­рат» дон қабул қилиш корхонасидаги иши элакдан ўтказилади ва охир-оқибат унга нисбатан бир қатор айб­ловлар қўйилади.

Шу ўринда бу ҳақида тўхталадиган бўлсак, Р. Аброров жиноий гуруҳ раҳбари ва ташкилотчиси, «Оқолтиндонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти раиси И. Холмуродов билан акциядорлик жа­мия­тига транспорт хизмати кўрсатиш учун шартнома тузиш орқали уюшган гуруҳ аъзоси бўлган, гуруҳ раҳбари ва аъзолари билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш ҳамда талон-торож қилиш жиноятини содир этишни режалаштирган.

Жиноий режага кўра, Р. Аброров ҳайдовчилар номига расмийлаштирилган иш табелларига ҳақиқатда бажарилмаган иш соатлари ҳамда ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини қўшиб ёзган.

Расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, акциядорлик жамияти мансабдор шахсларига тақдим қилиш орқали тўловга қаратган ва давлат маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож этган.

Тадбиркор томонидан йирт­ма талонлар ҳисоб-китоби олиб борилмаган, «4-п-сон» шаклидаги йўл варақалари тўлдирилмаган, иш бажараётган транспорт воситаси қаерда ва кимнинг ихтиёрида бўлгани, неча соат қанча ҳажмда иш бажарганлиги кўрсатилмасдан, ҳайдовчиларга иш ҳақи ёзилган.

Ҳайдовчи А. Номуратовга 2012 йилнинг июль, август ва сентябрь ойларида жами 624 соат ишлагани учун 32 миллион 947 минг 200 сўм, М. Сатторовга эса, худди шу муддатда 512 соат ишлаганлиги учун 26 миллион 736 минг сўм иш ҳақи ёзилган. Умумий ҳисобда 1 минг 136 соатлик иш учун 59 миллион 683 минг 800 сўмлик транспорт хизмати кўрсатганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Булардан ташқари Р. Аброров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони 4-банди талаблари ҳам қў­пол тарзда бузилган. Кўрсатилган транспорт хизматлари учун 68 миллион 106 минг 600 сўмлик омихта ем маҳсулотлари ноқонуний равишда бартер операцияларини амалга ошириш йўли билан олиниб, номаълум шахсларга нақд пулга сотиб юборилган. Бу билан Р. Аброров ўзи ва жиноий шерикларининг ихтиёрида бўлган жами 59 миллион 683 минг 800 сўмлик — кўп миқдордаги давлат маблағини уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, мансаб сохтакорлиги йўли билан ўз­лаштириш ва талон-торож қилиш жиноятларини содир этган.

Қисқаси, ўшанда Р. Аброровга нисбатан юритилган жиноят иши судга ўтказилади. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг 2017 йил 2 октябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «в» банди, 209-моддаси 2-қисми «б» банди билан Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида Р. Аброровга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарилади ва у суд залидан қамоққа олинади.

Маълумки, етказилган зарар судланувчи ёки унинг қариндошлари томонидан қопланган тақдирда, судланувчига нисбатан жазо тури ўзгартирилиб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилади. Р. Аброров 59 миллион 683 минг 800 сўмнинг 28 миллион 175 минг 480 сўмини дастлабки тергов даврида қоплайди. Қолган 31 миллион 508 минг 320 сўмни нақд пул шаклида 2017 йилнинг 30 сентябрида акциядорлик жамиятининг ғазнасига тўлайди.

Шундан сўнг фуқаровий даъвогар вакили судга зарар қопланганини маълум қилади. Р. Аброров эса, ушбу хатни илова қилган ҳолда дарҳол қамоқдан озод этишни сў­раб, апелляция шикояти беради.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 7 ноябрдаги ажрими би­лан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгартирилади. Р. Аброровга ҳар ойлик иш ҳақи­нинг ўттиз фоизини давлат ҳисобига ундирган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари ва 21 миллион 706 минг 500 сўм жарима жазоси тайинланади.

Қисқаси, орадан бир неча йил ўт­гач, Р. Аброров ва унинг ҳи­моя­чиси Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят беради. Шикоятда Р. Аброровнинг айб­сиз экани қайд этилиб, оқлов ҳукми чиқариш сўралади.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 6 декабрдаги ажрими билан вилоят суди апелляция инстанцияси ажрими бекор қилинди ва жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримида ушбу жиноят ишини апелляция инстанциясида янгидан кўришда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, мавжуд камчилик ва ноаниқлар қўшимча процессуал ҳаракатларни бажарган ҳолда бартараф қилиниши, ишга алоқадор шахслар сўроқ қилиниб, кўрсатмалардаги тафовутлар муҳокама қилиниши, ишда юзага келган барча қарама-қаршиликлар бартараф этилгач, иш бўйича қонуний тўхтамга келиш лозимлиги кўрсатилганди.

Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ушбу ажримда кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиқиб, Жиноят процессуал кодексининг 495-моддаси талабларини бажариш мақсадида, тўлиқ суд тергови ўтказди. Судланган Р. Аброров жиноят ишидаги ҳо­лат­лар бўйича батафсил сў­роқ қи­линди, унинг барча важлари текширилди.

Бундан ташқари тафтишчи, гувоҳлар, қўшимча гувоҳлар, судланувчининг ишончли вакили — «NE`MATILLA AUDIT» хусусий корхонаси раҳбари Н. Айтқулов, вилоят молиявий назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари З. Зулфиқоровлар ишга мутахассис сифатида жалб қи­линди. З. Зулфиқоров томонидан қайта тафтиш ўтказилди.

Мазкур ишни судда кўриш жараёнида Р. Аброровнинг ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳужжатларига нисбатан эътирози асосли эканлиги маълум бўл­ди. Айтиш керакки, илгари тафтишчи М. Бердиқулов тафтиш ўтказган, кейин яна у қўшимча тафтиш ўтказган. Энг қизиқ томони шундаки, хулосалар бир-бирига мос келмайди.

Жиноят ишида ҳайдовчилар А. Номуратов ва М. Сатторовларнинг кўрсатмалари Р. Аброровнинг айбини исботловчи далиллардан бири сифатида олинган. Аммо уларнинг айнан қайси кўрсатмасидаги ҳолатлар айблов учун асос бўлиши суд томонидан аниқлаштирилмаган.

Биринчи ва апелляция инс­танцияси судлари муҳокамаси тўлиқ эмас, иш бир ёқлама олиб борилиб, судланувчининг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари чекланган.

Хўш, тафтиш якунлари бўйича 59 миллион 683 минг 800 сўмлик транспорт хизматига оид ҳужжатлар сохталаштирилгани ва жуда кўп миқдордаги давлат маблағи ўз­лаштириш йўли билан талон-торож қилингани ҳақида тадбиркорга қўйилган айб ҳақи­қатга мос келадими?

Тафтиш далолатномаси ва хулосаси қо­нуний тузилганми, улар бирон-бир норматив ҳужжатларга асосланганми?

Суд муҳокамаси чоғида юқоридаги саволларга қонуний жавоб изланди. Ўша пайт­да «Шуҳрат» дон қабул қилиш шохобчасида ишлаган, шохобча технологи Ю. Бозоров, омбор мудири Н. Қурбонов, иш­чи Р. Абдухолиқовлар «ТО — 30» юклагич мосламали трактор бўйи етмаслиги сабаб донни вагонларга тўғридан-тўғри орта олмаслиги, трактор ҳайдовчилари буғдойни лента — эскалаторга юклаб беришгани ва дон унинг воситасида вагонларга узатилгани ҳақида гувоҳлик беришди.

Ўша пайтда трактор ҳайдовчиларидан тушунтириш хатлари тазйиқ остида олинган, ҳар хил мазмунда берилган бу тушунтириш ва баёнотлар Р. Аброровнинг айбини исботловчи далил сифатида кўрсатилган. Бироқ Р. Аброровнинг бу ҳақдаги важлари судда текширилмаган.

Шохобча технологи Ю. Бозоров А. Номуратов билан М. Сатторовларга раҳбарлик қилган, ишни қандай бажаришни кўрсатиб турган. Бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳужжатларга трактор ҳайдовчиларидан ташқари омбор мудири ҳам имзо қўйган.

Судда «ГАЗ-53» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Қ. Қурбонов трактор ҳайдовчиларининг иш соати ва меҳнат ҳақи қўшиб ёзилмаганини қайд этди. Чунки улар ёнма-ён ишлаган, ҳатто иш тиғизлиги боис А. Номуратов билан М. Сатторов тунда ҳам уйларига кетмаган.

— Мен 2013 йилда «Шуҳрат» дон қабул қилиш шохобчасида омбор мудири вазифасида ишлаганман, — деди судда В. Йўлдошев. — Шартномада Р. Аброровга тегишли юкловчи трактор ва унинг ҳайдовчилари ўн олти соат ишлаши кўрсатилган. Тафтиш ху­лосасига Р. Аброров иш ҳақи учун табел тузишда трактор ҳайдовчиларини ҳақиқатда ишлаган соатларидан уларнинг овқатланиши, дам олиши ва бошқа эҳтиёжлари учун танаффус қилиб, тўхтаб турган вақтларини ажратмасдан қў­шиб ёзган, деб нотўғри маълумот киритилган.

Тадбиркор Р. Аброров 2014 йилнинг ғалла мавсумида «Гулистон» дон қабул қилиш шохобчасида ишлаган экан. Мавсумда бирга ишлаган гувоҳлар ҳам судда сўралди. Жумладан, С. Чўлиевнинг гувоҳлик беришича, у Р. Аброровнинг тракторини ҳайдаган, юклагичнинг бўйи вагонга етмагани сабабли, донни эскалатор лентасига тўккан.

Эскалатор эса, буғдойни машина ва вагонларга юклаган. У Р. Аброровнинг иши бўйича тергов даврида сўроқ қилинган, аммо судга чақирилмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси мутахассиси, ўшанда «Шуҳрат» дон қабул қилиш шохобчасидаги технологик жараёнларни текширган Х. Шерматовнинг суддаги баёноти ҳақиқий ҳолатга анча ойдинлик киритди.

Унинг гувоҳлик беришича, шохобчада 2012 йилда фермер хўжаликларидан 22 тонна дон қабул қилинган. Ана шу доннинг миқдори, намлиги, чиқиб кетган буғдойнинг миқдори рўйхатга олиниши сингари технологик жараёнларга ҳисобхонадаги 36-сонли китобнинг ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу билан Р. Аброровни айблаш ўринсиз. Тафтишчи М. Бердиқулов ўз хулосасига шохобчадаги технологик жараёнлар бўйича маълумотларни нотўғри киритган.

Шунингдек, Р. Аброровга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги Фармонига зид равишда транспорт хизматлари учун 68 миллион 106 минг 600 сўмлик омихта ем маҳсулотларини ноқонуний равишда бартер операцияларини амалга ошириш йўли билан олиб, уларни номаълум шахсларга нақд пулга сотгани тўғрисида айблов ҳам қў­йилганди.

Судда ушбу айблов ҳам асоссиз экани ўз исботини топди. Тўғри, Р. Аброров уч ҳолатда — 2011 йилнинг биринчи ва иккинчи чораги, 2014 йилнинг тўртинчи чораги ва 2015 йилнинг январь ойи­да жамиятдан якка тартибдаги тадбиркор «Abrorov R. A.» ҳисобига жами 74 миллион 989 минг 853 сўмлик омихта ем маҳсулотлари олган.

У қарзидан ортиқча олинган ем маҳсулоти учун жамият ғазнасига 6 миллион 883 минг 500 сўм нақд пул тўлаган. Қолган 68 миллион 106 минг 353 сўмлик маҳсулотнинг 27 миллион 167 минг 650 сўми 2011 йилнинг биринчи чорагида Сирдарё вилояти Хўжалик судининг суд буйруғи билан, 37 миллион 100 минг 548 сўми вилоят Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори асосида, қолган 3 миллион 838 минг 155 сўми 2014-2015 йилларда акциядорлик жамиятининг якка тартибдаги тадбиркор «Abrorov R. A.» олдидаги муддати ўтган кредит қарзлари ҳисобидан ундириб олинган.

Қисқаси, судда тадбиркор Р. Аброровнинг ҳуқуқлари қў­пол тарзда бузилгани ўз исботини топди.

Апелляция судлов ҳайъати Жиноят-процессуал кодексининг қатор моддалари талаблари ва Олий суд Пленуми қа­рорлари раҳбарий тушунтиришларига асосланиб, суднинг Расул Аброровга нисбатан чиқарган айблов ҳукмини бекор қилди. Тадбиркор Р. Аброров Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-банди асосида, жиноят содир этишга дахлдор бўлмагани сабаб оқланди.

Суд ажрими билан Р. Аброров томонидан дастлабки тергов ва суд жараёнида «Оқолтиндонмаҳсулотлари» акциядорлик жа­мия­ти ғазнасига топширилган 59 миллион 683 минг 800 сўм қайтариладиган бўлди. Мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Р. Аброровга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Ҳа, адолатнинг манзили жу­да олис, унга етиб олиш машаққатли кечди. Ҳақиқат юзага чиқиб, адолат қарор топгунига қадар Р. Аброров уч йил азият чекди, изтироблар гирдобида кун кечирди, ниҳояси эса, хайрли тугади.

Нуриддин ТЎХЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Жиззах вилояти судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: