КРЕДИТ — ҲАДЯ ЭМАС, БАЛКИ ИМКОНИЯТДИР
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, улар эркин фаолият юритиши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Улар ишлаб чиқараётган рақобатбардош маҳсулотлар миллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда тадбиркорлик ривожида банклар томонидан имтиёзли асосларда ажратилаётган кредит маблағлари ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки кредит маблағлари тадбиркорларга ўз фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Кредит маблағларидан самарали фойдаланиш ҳақида гап борганда, бу маблағ тадбиркорлар учун яратилган қулай имконият эканини алоҳида қайд этиш лозим.
Шу маънода ҳар бир тадбиркор кредит шартномаси орқали зиммасига юклатилган бурч ва мажбуриятларни ўз вақтида тўлиқ адо этиши шарт.
Афсуски, баъзан ҳаётда банкдан олинган кредитдан фойдаланишда масъулиятни унутиб қўядиган кишилар ҳам учраб туради. Яқинда ана шундай қарздорлик билан боғлиқ даъво аризаси судда кўриб чиқилди.
Шаҳрисабз туманида яшовчи Гулбаҳор Ҳошимовага (исм-шарифлар ўзгартирилган) қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариши учун «Ипак йўли» АИТ банкининг Шаҳрисабз туман филиали томонидан 2018 йил 20 августдаги кредит шартномасига асосан, 2 йил муддатга 32 фоиз миқдорида устама тўлаш шарти билан 10 миллион сўм кредит маблағи ажратилган.
Шунинг баробарида, кредитни қайтариш кафолатини олувчи, яъни Г. Ҳошимованинг яқин қариндоши, қўшимча жавобгар Моҳира Шокирова билан кафиллик шартномаси тузилган.
Бошқача айтганда, кредит маблағи банк томонидан тадбиркорга қонуний тартибда ажратилган. Энди ҳамма гап тадбиркорнинг ушбу маблағдан оқилона фойдаланиши, зиммасидаги мажбуриятни ўз вақтида бажаришида қолганди.
Бу борада, афсуски, Г. Ҳошимова масъулиятни унутиб қўяди. Ўз навбатида, банк раҳбарияти кредит маблағи ҳисобидаги асосий қарз ҳамда унинг фоизларини тўплашни талаб қилиб, бир неча марта оғзаки ва ёзма равишда уни огоҳлантирган.
Аммо Г. Ҳошимова ва қўшимча жавобгар М. Шокирова турли баҳоналарни рўкач қилиб, қарзни тўлашни узоқ вақт пайсалга солиб келган.
Шундан сўнг «Ипак йўли» банкининг Шаҳрисабз туман филиали мутасаддилари судга мурожаат қилиб, жавобгарлардан 6 миллион 40 минг 802 сўм миқдоридаги кредит суммасини муддатидан олдин ундириб беришни сўрашди.
Бинобарин, амалдаги Фуқаролик кодексининг 744-моддаси биринчи банди талабига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф банк ёки бошқа кредит ташкилоти, яъни кредитор иккинчи тарафга, демакки, қарз олувчига шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари бериш, қарз олувчи эса, олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Томонлар ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан, жавобгар томонидан мажбуриятлар бажарилмаса ёки лозим даражада бажарилмаса, банк белгиланган кредитни муддатидан олдин талаб қилиши мумкин.
Суд қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар «Ипак йўли» банкининг Шаҳрисабз тумани филиали даъво аризасини қаноатлантирган ҳолда, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилди.
Шу билан бирга. жавобгарлар Гулбаҳор Ҳошимова ҳамда Моҳира Шокировадан 6 миллион 40 минг 802 сўм миқдоридаги кредит қарздорликни солидар тартибда ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.
Хулоса шуки, банк муассасасидан бериладиган кредит маблағи асло ҳадя эмас. У қарз олувчининг иқтисодий аҳволини яхшилашга, янги иш ўринлари очиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган моддий кўмак эканлигини унутмаслик зарур. Масаланинг яна бир энг муҳим жиҳати, кредит маблағидан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилса, шартнома мажбурияти вақтида адо этилса, ҳеч бир муаммога ўрин қолмайди.
Баҳодир Эргашев,
фуқаролик ишлари бўйича
Шаҳрисабз туманлараро судининг раиси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш