НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ
Маълумки, «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти мамлакатимиздаги кўзга кўринган саноат корхоналаридан бири саналади. Кейинги йилларда юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани акциядорлик жамияти фаолиятида ҳам ижобий кўрсаткичларга сабаб бўлмоқда. Аммо…
Аммо ўтган 2019 йилнинг 26 августида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан қабул қилинган 01-05/17-сонли қарор натижасида жамиятдан 164 409 000 сўм маблағ ноқонуний равишда ундириб олинди.
Аниқланишича, 2018 йил январь ойининг бошида «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти томонидан январь-март ойларида биржа савдоси орқали сотиладиган маҳсулот ҳажми акс эттирилган ҳисобот Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига тақдим қилинган. Шунга кўра, жамият 2018 йил 6 январь куни биржа орқали 2 730 тонна, 8 январь куни ҳам худди шунча миқдорда маҳсулот сотган. Бироқ 2018 йил 6 январдаги савдода цемент нархи 555,7 сўмни ташкил қилган бўлса, икки кундан кейин эса, биржа нархи 578 сўм баҳоланган — 22,3 сўмга кўтарилган.
Бундан ташқари 2018 йил 9 январда ҳам 2 730 тонна маҳсулот биржага қўйилган бўлса-да, савдоларда цемент 598,6 сўмдан сотилган. Яъни нарх-наво бир кун олдингига қараганда 20 сўмга ошган.
Ёки орадан икки ой ўтгандан кейинги ҳолатга эътибор қаратсак, 2018 йил 5 мартда 4 130 тонна, «ССПЦ М-400 Д-20» белгили цемент маҳсулоти 567,4 сўмдан сотилгани ҳолда эртаси куни — 6 мартда биржа савдосига қўйилган 4 130 тонна цементнинг баҳоси 1,7 сўмга ошиб, 569,1 сўмдан иборат бўлган. Ёхуд 2018 йил 14 мартда бўлиб ўтган савдода харидорлар 4 145 тонна цементни 546,5 сўмдан сотиб олган. 2018 йил 16 март куни эса, биржа савдосига қўйилган маҳсулот ҳажми ўзгармаса-да (4 145 тонна), нархи 550 сўмни ташкил этган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, иқтисодиётнинг ўзгармас қоидаларидан бири бу — нархнинг талаб ва таклиф асосида белгиланишидир. Юқорида таъкидланган «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти маҳсулотининг биржа савдоларида нархи кўтарилгани ҳам ана шу олтин қоидадан келиб чиққан ҳолда юз берган. Лекин Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори билан тасдиқланган «Товарлар (ишлар, хизматлар) га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 36-бандида қайд этилган (декларация қилинган (тасдиқланган), келишилган ва белгиланган тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) ни ошириш талаблари бузилганини ҳамда «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятининг Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан тасдиқланган цемент маҳсулотини биржа савдоларига қўйиш жадвалига амал қилмаганини асос қилиб, юқорида қайд этилган 4 та ҳолатда жамият томонидан нархлар сунъий равишда оширилганлик важи билан жами 137 007 500 сўм миқдорида ортиқча олинган даромад, мазкур қийматнинг 20 фоизи — 27 401 500 сўм миқдорида жаримани (жами 164 409 000 сўм) Молия Вазирлиги ғазначилиги ҳисобига ундириш тўғрисида 01-05/17-сонли қарорни қабул қилади. Бинобарин, ҳудудий бошқарма ушбу маблағни ундириш юзасидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритади. Суднинг 2019 йил 17 декабрдаги ҳал қилув қарори билан эса, даъво қаноатлантирилган.
Табиийки, «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти бундан норози бўлади. Шу боис жамият раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг 2019 йил 26 августдаги 01-05/17-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Фарғона шаҳар маъмурий судига мурожаат қилади.
Суд жараёнида аён бўлдики, Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан тасдиқланган цемент маҳсулотини биржа савдоларига қўйиш жадвали «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятига етказилмаган. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятининг устав фондида давлат улуши бўлмаганлиги сабабли «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти таркибига киритилмаган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасида «Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак» деб белгиланган. Аммо Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси вакиллари «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ҳамда қўмита ўртасида келишилган жадвал билан «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти таништирилганлиги ёки хабардор қилинганлиги ҳақида бирон-бир далил ёхуд ҳужжатни судга тақдим қилишмади.
Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ўша пайтда «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти томонидан 2018 йилнинг январь-март ойлари учун ишлаб чиқариладиган ва биржа орқали сотиладиган цемент маҳсулоти ҳажми акс эттирилган ҳисоботни ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилган.
Суд юқорида қайд этилган асосларга таянган ҳолда даъвони қаноатлантирди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасининг 2019 йил 26 августдаги 01-05/17-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Шундан сўнг жамиятнинг мурожаатига асосан, Фарғона туманлараро иқтисодий суди ишни янги очилган ҳолат бўйича кўриб чиқиб, ҳудудий бошқарманинг даъвосини рад қилди. Аниқроқ айтганда, ноқонуний равишда ундириб олинган маблағ «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятига қайтариладиган бўлди.
Солижон ҚУРБОНОВ,
Фарғона шаҳар маъмурий
судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш