АДОЛАТ МЕЗОНЛАРИ

Ҳаётда адолатдан устувор ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса бўлмайди. Ҳолбуки, адолат барқарор бўлган жойда бирдамлик, жипслик, аҳиллик, баҳамжиҳатлик, бурч ва мажбуриятлар, қадриятлар, давлат ва жамият тамойилларига нисбатан садоқат ҳамда фидойилик нафаси кезади. Адолатнинг барқарорлиги учун фидойилик кўрсатганлар эса, эл ардоғи ва эъзозида яшайди. Адолат, одиллик, холислик аталмиш тотли неъматдан баҳраманд бўлганларнинг қалби, чеҳрасига разм солганмисиз?! Бу неъматни татиганлар дунёнинг энг бахтли, бахтиёр кишиларидир ва уларнинг бари уни тортиқ этувчиларга нисбатан ҳурмат, эҳтиром, ишонч ҳисси билан яшайди.

Кейинги йилларда судлар адолат, одиллик, меҳр-оқи­бат, бағрикенглик, кечиримлилик ҳолатлари энг кўп ва мудом намоён бўлаётган мўътабар даргоҳга айланди, десак, муболаға бўл­майди.

Тизим фаолиятидан ҳикоя қилувчи қуйидаги иккита ҳаё­тий мисол ҳам буни яққол исботлайди.

…Урганчлик Олимбой Ота­жоновнинг оиласи қўл учида кун кўради.

Оила бошлиғи, 37 ёшли Олимбой анча йиллардан буён уйига боғланиб қолган. Муқим иш жойи йўқ. Мў­май пул ишлаш учун бошқалар каби узоқ­қа кетолмайди. Ризқу на­сибани шу ердан излайди. Боиси, 4 нафар фарзанди, жумладан, 2018 йил туғилган эгизак қизлари ҳамда касалманд аёлининг парвариши унинг гарданида. Рўзғорнинг кундалик харажат ва эҳтиёжларини бир нави қоплаш мақсадида, кў­пинча ёлланма ишчи сифатида ишлайди. Она сути кам­лиги боис эгизак қизларини суньий тўйинтирилган сут билан боқади ва ҳар ку­ни эрталаб, ишга бормаёқ, сут харид қилиш учун дўконга йўл олади.

О. Отажонов бу воқеа содир бўлган 2020 йилнинг 7 апрел куни ҳам велосипедни ҳайдаганча дўконга борди. Одатига кўра, дўкондан сут, бозордан эса, у-бу егулик харид қилиб, уйга қайтаётиб, кутилмаганда нотаниш кишилар тўхтатишди. Ўзларини санитария-эпидемиология назорати маркази ва йўл-ҳа­ракати хавфсизлиги ходимлари, дея танитиб, бутун элга ёйилган офат — «тождор макруҳ» хуружи шароитида авто ёки оддий техник уловлардан фойдаланиш ман этилганини тушунтиришди. Пировардида, мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузиб, чора кўриш учун Урганч шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати марказига юборишди. Мазкур маҳкама ушбу қоидабузарлик юзасидан О. Отажоновни 4 миллион 460 минг сўм миқдорида жаримага тортиш бўйича қа­рор чиқарди ва уни судга тақдим этди. Орадан яна бир неча кун ўтгач, О. Отажоновнинг номига дастлабки босқич маъмурий судидан чақирув қоғози келди. У қисқа кечган суд якунида ўзини-ўзи яккалаш жараёни қоидалари ва шу юзадан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 2-қисми талабларини бузганликда айбланди. Бироқ назорат маҳкамаси қарори қонун талабига мослаштирилди. Айбланувчи мамлакатимизда жорий этилган энг кам иш ҳақи­нинг 8 ба­равари, яъни 1 миллион 784 минг сўм миқдоридзги жаримага тортилди. Афсуски, судланувчининг оиласи бу жаримани ҳам тўлашга қур­би етмайди. Сабаби ўзингизга аён.

Бу ҳолатларнинг бари судланувчини юқори суд инс­танциясига мурожаат қилишга ундади. Хоразм вилоят маъмурий судининг аппеляция ҳайъати унинг мурожаатини синчиклаб ўрганиб чиқди. О. Отажонов аввалги суд жараёнида бўлганидек, бу гал ҳам айбидан тонмади. Қилмишига астойдил пушаймонлик билдирди. Аммо тайинланган жарима оқибатида шундоғам камбағаллик домида кун кўраётган болажон оиласи яна талай мушкулотларга рўпара келишини баён қилди.

Суд камхарж хонадон ва унда камолга етаётган фарзандлар тақдири ҳамда оиланинг яккаю-ягона боқувчиси ҳисобланган О. Отажоновнинг топгани рўз­ғор эҳтиёжларини базўр қоплаётгани ҳамда белгиланган миқдордаги жаримани тў­лашга қурби етмаслигини эъ­тиборда тутди. Шу билан бирга назорат маҳкамаси тарафидан судга ҳавола этилган ҳужжатларда О. Отажонов томонидан ҳуқуқбузарлик содир қилинганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини ҳам эътироф этди. Бун­дай вазиятда фуқарони маъмурий жиҳатдан айблаб бўлмайди. Шу муносабат билан аппеляция ҳайъати ушбу масала юзасидан дастлабки босқич­ суди томонидан муқаддам чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ишни ҳаракатдан тугатишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади.

Бир сўз билан айтганда, суднинг бу қарори бутун юрт бўйлаб кезаётган хайру-савоб амалларнинг яна бир намунаси бўлди.

Қонунга асосланган ижтимоий адолат ва инсонийликнинг бошқа бир намунаси Гурлан туманида истиқомат қилувчи Гулиммат Вафоевнинг турар жой участкаси саҳнига аниқлик киритиш бўйича аппеляция тартибида қилган мурожаатини кў­риб чиқиш асносида ҳам намоён бўлди. Мазкур ҳолатда ушбу туман маъмурий суди томонидан йўл қўйилган процессуал хато барҳам топди. Исм-шарифи зикр этилган фуқаронинг ота мулк ер участ­касига бўлган ҳу­қуқи тикланди.

Аппеляция судида аниқланишича, туманнинг Эшимжирон қишлоғи Мойли маҳалласида яшовчи Г. Вафоев муқаддам туман судига мурожаат қи­либ, отасидан қолган ер-мулк­ка эгалик ҳуқуқини белгилаб беришни сўраган. Бу ер майдонини кўп йиллардан буён тасарруф қилиб келаётгани, белгиланган солиқ тўловларини мунтазам тўлаётганига тааллуқли бир қа­тор далил-исботларни судга тақдим қилган. Ўз навбатида, ер участкасига оид тасвирий чизма ҳужжатларини тайёрлаган туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри идораси сўралаётган ер майдони сатҳи анча катта экани ва унинг бир қисми Г. Вафоевнинг ихтиёрида қолаётганини тасдиқлаган.

Айнан шундай мазмундаги хулоса туман ҳокимлиги қошидаги ишчи комиссияси томонидан ҳам берилган. Лекин негадир атиги 400 квадрат метр саҳнли майдонни талабгорнинг ихтиёрида қолдириш юзасидан хулоса тайёрланиб, туман ҳокимига тақдим этган. Шундан сўнг туман ҳокимининг ана шунча ҳажмдаги ер майдонни Г. Сафоевнинг ихтиёрида қолдириш бўйича қарори қабул қилинган.

Бир-бирига қарама-қарши маррада турган бундай ҳолатлар ҳокимлик даргоҳида адолатли ечим топмоғи зарур эди. Таассуфки, бу ҳолат кузатилмади. Дастлабки босқич су­ди эса, ҳоким қарорини асос­ли, деб топган ва ҳақи­қий ҳолатларни эътибордан соқит этган кўйи атиги 400 кавдрат метр саҳнли майдонни аризагўйнинг ихтиёрида қолдиришни маъқул топган. Масалага нисбатан бу янглиғ ёндашув, табиийки, эътироз-аппеляция шикоятига сабаб бўлган. Ишни шу тартибда кўрган судлов ҳайъати масалани ан­ча синчиклаб ва батафсил ўр­ганиб чиқди. Низонинг бир қа­тор муҳим жиҳатлари дастлабки бос­қич судининг назаридан четда қолгани шу аснода маълум бўлди. Юртимиз қо­нун­чи­лиги, хусусан, Ер кодекси масаланинг бу жиҳатига бош­қача разм солишни тақозо этади. Унга кўра, жисмоний шахслар ва уларнинг оилалари учун ажратиладиган ер майдонлари саҳни ша­­ҳар ҳудудларида 400, қишлоқ жойларида эса, 600 квадрат метр­ни ташкил этмоғи зарур. Қо­лаверса Г. Вафоевга ота мулк саналмиш ушбу ҳудуд зарур коммуникация тармоқлари билан таъминланган, бунинг устига мазкур ҳудудга эгаликни даъво қилувчилар ҳам йўқ, ер учун ҳисобланган солиқ тўловлари ҳам аризагўй томонидан узоқ йиллардан буён мунтазам ва ўз вақтида амалга ошириб келинган. Аппеляция ҳайъати ушбу ҳолатлар, шунингдек, прокуратура органи вакилининг даст­лабки босқич­ суди йўл қўйган хатони бартараф қи­лиш ва шикоятни ижобий ҳал этишга доир мулоҳазасини инобатга ол­ди. Шу юзасидан чиқарилган ажрим асосида туман маъмурий судининг Г. Вафоевнинг ихтиёрида 400 квадрат метр саҳнли ер майдонини қолдириш юзасидан чиқарган ҳал қилув қарори ўз­­гартирилди. Туман ҳоким­ли­ги зиммасига эса, юқорида қайд этилган қарор матнини ўзгартириш ва умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан 600 квадрат метр саҳнли ер участкасини талабгорнинг ихтиёрида қолдириш мажбурияти юклатилди.

Бугунги куннинг талаби ўз­гача. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлиги, қонуний манфаатлари, бу борадаги ижтимоий адолат, ҳақиқат, холислик ҳар нарсадан устун. Ҳукмингизга ҳавола этилган ҳолатлар қонун ва инсонийликнинг ана шу тамойили юр­тимизда мудом устувор ва бар­қарор эканидан далолатдир.

Умрбек Ҳасанов,

Хоразм вилояти

маъмурий судининг судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: