ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

2020 йил 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ўтган қисқа давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар ушбу соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маълумки, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам бўлиб, ҳеч ким уларни судсиз маҳрум этишга ёки чеклашга ҳақли эмас.

Суд ҳимояси – мустақил суд ҳокимияти томонидан одил судловни амалга ошириш орқали таъминланадиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишнинг муҳим институти ҳисобланади.

Фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминланиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида белгиланган бўлиб унга кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 2-моддасида суднинг вазифалари кўрсатилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган.

Пленум мажлисида муҳокама этилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси айнан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ушбу қарор билан суд ҳимояси деганда, процессуал қонунларда белгиланган тартибда амалга ошириладиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган судлар фаолияти тушилиши кераклиги тушунтирилмоқда.

Биринчи инстанция судида иш қўзғатиш учун зарур шартлар ҳисобланадиган, қонунда назарда тутилган дастлабки шартлар мавжуд бўлганда, суд орқали ҳимоя қилиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш мумкин.

Ушбу шартларнинг мавжуд эмаслиги суд томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўришни рад этиш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал кодекслари ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ судга мурожаат қилиш:

фуқаролик, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси, ариза (шикоят) шаклида;

буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, алоҳида тоифадаги ишлар ва процессуал қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;

апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда — шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, иқтисодий процессуал қонунларга мувофиқ судларнинг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича судга мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Қайд этилган Қонун 25-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахсларига тааллуқли мурожаатлар судга келиб тушганда, улар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинган ҳолда юборилиши лозим.

Шу билан бирга, судларнинг эътибори мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига юборишга йўл қўйилмаслигига қаратилмоқда.

Судга қилинган мурожаатлар процессуал қонунларда белгиланган қоидаларга мувофиқ шакл ва мазмунда расмийлаштирилиши керак.

Мурожаатлар судга электрон ҳужжат шаклида ҳам юборилиши мумкин.

Мурожаатда хусусан, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг номи ва жойлашган ери ҳақидаги маълумотлар, берилган мурожаат бўйича ҳуқуқий муносабатнинг моҳияти, мурожаат ва тақдим этилган талабнинг ёки илтимосноманинг моҳияти, мурожаатнинг санаси кўрсатилиши лозим.

Мурожаатда мурожаат этувчининг имзоси (рақамли имзоси) бўлиши ҳам мажбурий талаб ҳисобланади.

Шуни назарда тутиш лозимки, процесс иштирокчиларининг суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи уларга қонунда берилган, қабул қилинган суд ҳужжатлари (ҳам қонуний кучга кирмаган, ҳам қонуний кучга кирган) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Фуқаролик процессуал қонунига мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича суд ҳужжатининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини қонунда белгиланган тартибда текшириш ҳақида фақатгина, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар мурожаат қилишга ҳақли.

Иқтисодий процессуал қонун ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунга асосан ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар апелляция, кассация ёхуд назорат  шикояти беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга кассация ва назорат шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Жиноят-процессуал қонунида суд ҳукми ва ажрими устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган суд процесси иштирокчиларининг доираси аниқ кўрсатилган.

Хусусан, суднинг ҳукми, ажрими устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили, ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан – фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан – судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили шикоят беришга ҳақлидир.

Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунга асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суднинг қарори устидан, ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда иштирок этувчи тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари, бундай ваколатлар ваколат берувчи томонидан белгиланган тартибда берилган ишончномада махсус кўрсатилгандагина, суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қонун бўйича назорат инстанцияси судига мурожаат қилишда иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари нусхалари, қонунда белгиланган ҳолларда эса, давлат  божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Ушбу шартларнинг бажарилмаслиги ва мурожаат қилувчининг процессуал ҳолатини белгилаш имкониятининг мавжуд эмаслиги, умумий қоидалар бўйича мурожаатни кўрмасдан қайтариш учун асос бўлади.

Пленум қарорида судларнинг эътибори мурожаатларни кўриш муддатлари ва мурожаат бўйича қабул қилинадиган қарорларни баён қилиш ҳақидаги қонун талаблари, ёхуд қонунчилик ҳолатини мурожаатнинг матни ёритилган тилда тушунтиришга сўзсиз риоя этилиши кераклигига қаратилган.

Ишни биринчи инстанция судида кўришда раислик қилган судья мурожаатларни ўз вақтида рўйхатга олиш, ишларни расмийлаштириш ва апелляция, кассация инстанциясига юбориш муддатларига риоя этилиши ва процесс иштирокчиларини ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинишига шахсан масъулдир.

Агар мурожаатларда аниқ бир ишни кўришда суд (судья) томонидан процессуал қонун нормалари бузилганлиги ҳақидаги важлар келтирилган ва шикоятни кўриш жараёнида ушбу важлар тасдиқланганда, апелляция, кассация, назорат инстанцияси судлари ишни кўриш натижаси бўйича хусусий ажрим чиқариши ва унинг нусхасини тегишли судьялар малака ҳайъатига юборишлари лозим.   

Суд ҳужжатларининг ижроси лозим даражада ижро этилмаётганлиги масалалари бўйича юқори турувчи судларга келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборилади, бу ҳақда назоратни амалга ошириш учун қарор қабул қилган ёхуд қарорни ижро этиш жойи бўйича судга хабар берилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалига асосан белгиланган кун ва соатларда қабул қилишни тўғри ташкил этиш, сайёр қабуллар ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек қабул қилиш кунини асоссиз равишда кўчирилишига йўл қўйилмаслик зарур. 

Жисмоний ва юридик шахсларни суд орқали ҳимоя қилиш нафақат уларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклаш воситаси, балки одил судловни амалга оширишда ҳам, умуман, фаолиятни ташкил этишда ҳам судлар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш воситаси бўлганлиги сабабли, судларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш тавсия этилмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу Пленум қарорлари фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: