СОДДАДИЛЛИК ФИРИБГАРЛИККА ЙЎЛ ОЧДИ

Сирғали туманида яшовчи Наима Остонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йил 1 декабрь куни эрталаб ишга кетаётганида фирибгарга дуч келишини ва бу воқеа бошига жиддий ташвиш келтиришини қаёқдан билибди, дейсиз? Афсуски, шундай бўлди.

Буни қарангки, ўша куни эрталаб Шаҳрисабз туманида яшовчи, 21 ёшли Мастура Дўлтаева воҳадан пойтахтга етиб келганди. Соат эрталаб 08:00 ларда у Сирғалидаги халқ тилида «Ярмарка бозори» деб аталадиган бозор ёнидаги автобекатда Наима опа билан тасодифан учрашиб қол­ди. Мас­тура диққат билан разм солиб, англадики, Н. Остонова соддагина аёл экан. Шу боис, ўйлаб ўтирмай аста аёлни аврашга тушди.

— Исмим Гулбаҳор, ўзим Бухороданман. Қариндошимникига меҳмонга келяпман, — дея у гап бошлади. — Мен ҳо­жатманд аёлларга, беморларга дуо ўқийман. Кўзингиз айтиб турибди, кўнглингиз ғаш. Чунки кимдир иситма-совутма қилиб, уйингизга ташлаб кетган. Қолаверса, болаларингизнинг йўлини, бахтини боғлаб қўйган. Хоҳласангиз, буни улардан аритишда сизга ёр­дам бераман.

У шундай ваҳима ва устомонлик билан гапирдики, оқи­батда Наима Остонова бунга лаққа тушиб, ишонганидан қаттиқ қўрқиб кетди.

Шунинг учун М. Дўлтаевадан эртаси куни келиб, уйида дуо ўқиб, бало-қазони даф қилиб беришини сўради. Хайрлашаётганда эса, унга телефон рақамини ҳам ёзиб берди.

Ишонувчанликни қарангки, ўша кеча Н. Остонова туни билан мижжа қоқмай, хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Бинобарин, эртасига эрталаб «Ярмарка бозори» бекатида Мас­турани ўзи кутиб олди. Сўнг уни катта умид билан хонадонига бошлаб келди.

Албатта, меҳмон дуогўйлик ва фолбинлик усуллари ҳам­да хатти-ҳаракатларини яхшигина ўзлаштирганди. Шунга амал қилган ҳолда, аввалига хоналарни бирма-бир айланиб чиқди. Кейин ошхонада турган гул тувакни кўр­сатиб, ичида дуо ўқилган буюмлар борлигини айтди.

— Ҳозир бунинг дуоларини ўқиб, қайтарма қиламан. Гулингизни бу ерга олиб келинг, — деди у меҳмонхонага кираркан. Бироз пичирлаб, нималарнидир ўқиган бўлади.

— Бир косада сув келтиринг, — дея чалғитиш учун хонадон соҳибасини ташқарига чиқариб юборади. Наима опа сув кел­тиргунча эса, гулни тувагидан ажратиб, тувак ичига ўзи би­лан бирга олиб келган турли арабий ёзувлар битилган қо­ғоз, соч толалари, латта бўлаги, типратикан тиканлари ва занглаган қулф­ни солиб қўйди.

— Кўряпсизми, қанча нарсага ўқитишган, ярамаслар. Ён-атрофингиздаги таниган-билган кишиларингизнинг иши бу, — деди соддадил аёлни янада ишонтириш мақсадида. — Шунинг учун пул ва тиллаларингиз бўлса, олиб чиқинг, уларга ҳам дам солиб бераман.

Шундан сўнг Наима Остонова ичкари хонадан 1 500 АҚШ доллари ва онасидан мерос бўлиб қолган бир неча турдаги тилла тақинчоқларни олиб чиқди. Унгача эса, М. Дўлтаева ўзидаги калит билан занглаган қулфни очиб қўйди. Устаси фарангликни кўрингки, қулфнинг очилишини ҳам у ўқиган дуолари самараси сифатида тушунтирди.

Шу тариқа хорижий валюта ва тилла буюмларни бир матога тугиб, уларга қарата ҳам дуоларни ўқий бошлайди. Чамаси, ярим соатдан сўнг эса, тугунни мезбоннинг қў­лига тут­қазди.

— Буни ичкарига киритиб қўйинг. Уч соатдан кейин очиб кўрасиз, ҳамма мушкулингиз даф бўлади, — деб уқтирди у. Кейин эса, у шоша-пиша хайр­лашганча уйдан чиқиб кетди.

Дарҳақиқат, Мастура Дўл­таеванинг сўнгги ҳаракати бе­жиз эмасди.

Негаки, бу маккора Н. Остоновани чалғитиб, тахланган доллар ва тилла тақинчоқларни яшириб олиб кетганди. Бояқиш Мастура опа эса, буни, яъни алданганини қа­чонки Наимани кузатиб келгач, орадан 3-4 соат ўтиб, тугунни ечиб кўр­ган­дагина билди. Бинобарин, мазкур ҳолат юзасидан Сирғали туман ИИБга мурожаат қилди.

Пировардида М. Дўл­таевага нисбатан дарҳол қидирув эълон қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қидирув жараёнида фирибгарнинг яна бир устомонлиги аён бўлди. Яъни Мас­тура хайрлашиш аввалида танишига қўнғироқ қилиб олиш баҳонасида Н. Остонованинг телефонидан ўзининг телефон рақамини ўчиришни эсидан чиқармаган экан. Қолаверса, ўша атрофга ўрнатилган барча кузатув камералари рўпарасидан тескари қа­раб ёки юзини беркитиб ўтиб кетган. Кейин қўлга киритган тилла тақинчоқларни Чорсу бозорида бир нотаниш шахсга 1 320 000 сўмга сотиб юборган экан. Бироқ тажрибали жиноят қи­дирув бўлими ходимлари уя­ли ало­қа компанияси томонидан тақдим этилган маълумот билан Наима опанинг рақамидаги кириш-чиқиш қўн­ғироқларини солиштиришганда сир ошкор бўлди. Натижада айбдор жабр­ланувчининг 1 500 АҚШ доллари ва 1 300 АҚШ долларилик тилла тақинчоқлари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотига кўра, 2019 йил 2 декабрь куни 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 9494,68 сўмни ташкил қилган) жами 2 800 АҚШ доллари — 26 585 104 сўм­лик мулкини фирибгарлик билан қўлга киритгани аниқланди. Шу боис унга нисбатан Жи­ноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят­ ишлари бўйича Сир­ғали туман суди эса, М. Дўлтаевани қонуний жазога маҳкум этди. Шунингдек, тергов жараёнида унинг турмуш ўртоғи томонидан етказилган зарарни қоплаш учун ИИБ депозит ҳисоб рақамига топширилган 3 000 АҚШ доллари жабрланувчи фойдасига ундирилди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Жиноят иши ҳужжатларидан аён бўлишича, Наима Остонованинг соддадиллиги ва ўта ишонувчанлиги судланувчининг фирибгарлигига йўл очиб берган. Шундай экан, ушбу жиноят иши мисолида ҳам­юртларимизни фирибгарларнинг ҳий­ла-найрангларидан огоҳ этиб қолардик.

Баҳодир ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: