ЭГИЛГАН ҲАҚИҚАТ ҚАДДИНИ ТИКЛАДИ

Риштонлик Рустамжон Тожибоев болалигидан отаси Усмонжон Тожибоев сингари ички ишлар ходими бўлиш ва эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишни орзу қиларди. Яхши ният ёрти мол, деганларидек, у 24 ёшида — 2008 йил 5 сентябрда Фарғона вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси қошидаги аниқ яшаш жойи ҳамда машғулот турига эга бўлмаган шахсларни реаблитация этиш марказига ишга қабул қилинди.

Шундан сўнг Рустамжон тизимда сидқидилдан хизмат қилди. Аммо орадан ик­ки ярим йил вақт ўтгач, 2011 йил февраль ойида унинг бошига жиддий ташвиш тушиб, турли иғво, туҳмат ва тазйиқлар қурбонига айланди.

Аниқроғи, унга нисбатан Жи­­­ноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўз­ғатилади. Жиноят ишлари бў­йича Фар­ғона шаҳар судининг 2011 йил 6 майдаги ҳукмида қайд этилишича, Рустамжон марказнинг милиционер-сафдор ходими лавозимида ишлаб келгани ҳолда мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2010 йил ноябрь-декабрь ойларида ўзи­га ишониб топширилган 24 дона жами 238 543 сўм­лик чўян панжараларни фуқаро С. Маматовга 100 000 сўмга сотиб юборган.

Шунингдек, 2011 йил 3 февраль куни унинг моддий жавобгарлигида бўл­ган товар-моддий бойликлар йўқламадан ўтказилганда 10 дона 160 000 сўмлик кастрюлка, 2 дона 24 000 сўмлик катта тоғора, 7 дона 140 000 сўмлик кўрпача, 17 дона 340 000 сўмлик матрас, 50 до­на 60 000 сўмлик тоғора, 3 дона 48 000 сўмлик челак, 1 дона 5 000 сўмлик чўмич ва 1 дона 624 000 сўмлик электр иситгич, жами 839 400 сўмлик камомад мавжудлиги аниқланиб, ўзига ишониб топширилган шунча миқдордаги мулкларни ўзлаштириш ва рас­трата йўли билан талон-торож қилган. Бинобарин, суд Р. Тожибоевни юқо­ридаги модда билан айбдор деб топиб, унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳам­да иш ҳақи­нинг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси та­йинлаган. Жиноят ишлари бўйича Фар­ғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2011 йил 7 июндаги ажримига мувофиқ ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.

— Мен айблов хулосаси ва суд ҳукмида эълон қилинган жиноятни содир этмаганман. Шунинг учун тегишли далилларни тақдим этган ҳолда ҳи­моячим ёрдами билан Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилдим. Натижада Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2020 йил 2 март куни апелляция инстанциясининг 2011 йил 7 июндаги ажримини бе­кор қилиб, ишни янгидан кў­риш учун шу инстанцияга юборди, — дейди Рустамжон Тожибоев.

Дарҳақиқат, ушбу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона ви­лоят­ судининг апелляция су­ди мажлисида Р. Тожибоев ноҳақ судланганлиги аён бўл­ди. Гап шундаки, марказнинг моддий жавобгар инспектори ўайратжон Умаров бошқа ишга ўтаётганда Р. Тожибоев марказ ихтиёрида бўлган товар-моддий бойликларини 2010 йил 14 июлдаги топшириш-қабул қи­лиш далолатномасига асосан қабул қилиб олган. 2011 йил февраль ойида марказнинг асосий воситалар рўй­хатида бўлмаган 24 дона панжаралар қўшни ҳовлида яшовчи фуқаро Собиржон Маматов хонадонидан ашёвий далил тариқасида олинганда эса, юқоридаги далолатнома асосида қабул қи­либ олинган товар-моддий бойликлар йўқ­ламадан ўтказилган. Оқибатда суд ҳукмида баён этилган камомад аниқланиб, жиноят иши қўз­ғатилган.

Буни қарангки, гарчи Р. Тожибоев марказ ихтиёридаги товар-моддий бойликларни қабул қилиб олган бўлса-да, лекин бошқарма томонидан ун­га моддий жавобгарликни юклаш ҳақида буйруқ чиқарилмаган ва шарт­нома тузилмаган. Яъни у тилга олинган асосий воситалар учун моддий жавобгар бўлмаган.

Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Жазоларни либераллаштириш тўғ­риси­даги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақи­да»ги қарори 2-бандида Маъ­мурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилотларнинг мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, рас­трата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан энг кам ойлик иш ҳақи­нинг ўттиз бараваригача миқдорда талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқ­бузарлик таркибини ташкил этиши, бундай ҳуқуқ­бу­зарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳа­қининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқиши, талон-торож миқ­дори ҳуқуқ­бузар­лик содир этилган кунда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланиши ҳа­қида тушунтириш берилган.

Аммо Р. Тожибоев талон-торож қилгани таъкидланган 1 077 943 сўм энг кам ойлик иш ҳақи­нинг ўттиз бараварига етмайди. Негаки, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 ноя­брдаги Фармонига кўра, 2010 йил 1 декабридан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 49 735 сўм этиб белгиланганини назарда тутсак, 2010 йил декабрь ва 2011 йил февраль ойида энг кам ойлик иш ҳақи­нинг ўттиз баравари 1 492 050 сўмни ташкил этган.

Жиноят кодексининг 9-моддаси (айб учун жавобгарлик принципи) да шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавф­ли қилмишлари учунгина жавобгар бў­лиши, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси (айблов ҳукми чиқариш асослари) да эса, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбдор эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бў­йича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бў­либ қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳам­ма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қи­либ олиниши лозимлиги белгиланган. Ана шу асосларга таян­ган жиноят ишлари бў­йича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси ўзининг 2020 йил 2 июндаги ажрими билан Рустамжон Тожибоевни айбсиз деб топиб, оқлади.

Шу тариқа 9 йилдан сўнг адолат қарор топиб, ноҳақ судланган Р. Тожибоевнининг юзи ёруғ бўлди. Бу ҳам бўл­са, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кў­ламли ислоҳотларнинг ёр­қин ифодасидир.

Турғунали МИРЗАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: