НАФС ҚУТҚУСИ ЁКИ ЖАМОАТЧИ — ИШ ЎРГАНУВЧИНИНГ «ҚОВУН ТУШИРГАНИ» ҲАҚИДА

Ўша куни Рашид (исм-шарифлар ўзгартирилди) Самарқанд шаҳрига кетганди. Айни тушлик пайти кутилмаганда унга қўнғироқ бўлди.

— Мен туман кадастр бўлимидан, Соҳибжонман, — дея ўзини таништирди қўнғироқ қилувчи. — Сиз ишхонамизга бир келишингиз керак, дўконингиз ҳақида гаплашиб оламиз.

Рашид Хўжамқулов ҳозир Самарқанд шаҳрида экани, эртага албатта, боришга ваъда берди.

Ҳалиги қўнғироқ қилувчи дў­конни тилга олгани бежизга эмас эди.

Чунки Р. Хўжамқулов 2014 йил­да ўзлари  яшаётган маҳалладаги мактаб майдонидан ижарага ер олиб, дўкон қурган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётганди.

Қўнғироқ қилишидан бир соатча аввал Соҳибжон унинг дўконига келганди. Рашиднинг турмуш ўртоғи М. Шукуржонованинг савдо-сотиқ билан шуғулланаётганини кў­риб, унга ишхонасидан нотураржой бинолари бўйича оғзаки топшириқ берилганини айтган, дўконнинг эни ва бўйи ўл­чамларини олганди. Шундан сўнг М. Шукуржонова Соҳибжонни Р. Хўжамқулов билан телефонда гаплаштирганди.

— Сизнинг дўконингиз мактаб ҳудудида жойлашган, — деди С. Холманов идорада уч­раш­ган­ларида. — У ноқонуний қурилган нотураржой ҳисобланади, кадастр ҳужжатингиз ҳам йўқ. Бизларга ноқонуний қурилган биноларни суратга тушириб келиш бўйича топшириқ берилган.

Рашид Хўжамқулов унинг сўзларини эшитиб туриб, энди буёғи нима бўлади, деган хавотирда кадастр идораси ходимига қаради.

— Дўконингизни ҳужжатлаштириб, судга тақдим этамиз. Суд энг кам ойлик иш ҳа­қи­нинг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солади.

Жариманинг дарагини эшитган Р. Хўжамқулов кутилмаган харажатга дуч бўлаётганини англаб, ўйланиб қолди. Сўнг «судга ўтказмасликнинг иложи борми?» — деб сўради.

Афтидан, Соҳибжон шундай саволни кутиб турган эканми, бирдан жавоб берди. — Бор, — деди у. — 200 АҚШ доллари берсангиз, мен уни бошлиғимга бераман, дўконингиз бузилмайди, жаримага ҳам тортилмайсиз.

— Розиман, — ўрнидан тура солиб хайрлашиш учун қўл чўзди Р. Хўжамқулов. — Эртага тушликка қадар айтганингизни олиб келаман.

Лекин эртаси куни Р. Хў­жам­қулов негадир тушликка қадар келмади.

Йўл қараган С. Холманов бу орада пулни тезроқ етказишни сўраб, Р. Хўжамқуловга бир неча маротаба қўнғироқ қил­ди.

Аслини олганда, Р. Хўжамқулов С. Холманов билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни телефонига ёзиб олган, тамагир ходимнинг хонасидан чиққач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томон йўл олганди.

Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жи­ноят­чиликка қарши курашиш Департаменти Нарпай туман бўлимида Р. Хўжамқуловга берган аризасига асосан холислар иштирокида овоз ёзиш мосламаси ва ким­ёвий ишлов берилган 200 АҚШ доллари баённома расмийлаштирилиб, тақдим этилди. Шундан сўнг Р. Хўжамқулов С. Холмановга қўн­ғироқ қилди. Улар туманнинг Ноғорахона маҳалласи ҳудудидаги «Орзигул» савдо дў­кони олдида учрашишга келишишди.

Хуллас, келишилган жойда С. Холманов жабрланувчидан дўкон ҳужжатларини судга юбормаслик ва бинони бузмаслик эвазига туман ер тузиш ва кадастр бўлими бошлиғига беришни айтиб, 200 АҚШ доллари олган чоғида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Судланувчи С. Холманов эндигина йигирма уч ёшни қаршилаган, оилали, муқаддам судланмаган, маълумоти ўрта махсус. У ўтган йилнинг декабрь ойида туман ер тузиш ва кадастр бўлимига иш сўраб борган. Шунда унга мутасаддилар «ҳозирча иш ўр­ганиб туринг, эплаб кетсангиз қа­бул қиламиз» де­йишган. Шу тариқа С. Холманов жамоатчи — иш ўрганувчи сифатида бор-йўғи бир ярим ой ишлаган, холос. Ке­йин эса, гувоҳи бўлганингиздек, «қо­вун туширган».

С. Холманов Р. Хўжамқуловдан алдов йўли билан олган 200 АҚШ долларини бирон-бир мансабдор шахс­га бериш нияти бўл­маган. Бу маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатишни кўзлаган. Ту­­ман ер тузиш ва кадастр бўлими бошлиғи ҳам С. Холмановнинг куракда турмайдиган кирдикоридан у қўлга тушиб, қилмиши фош этилгандан сўнг хабар топди.

Шу ўринда Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 22-банди мазмунига эъ­тибор қаратиш зарур. Чунки ушбу бандда «Мансабдор шахс томонидан у мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мав­қеидан фойдалана олмаслиги туфайли аслида амалга ошира олмайдиган муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун пул, қимматли қоғоз ва бошқа моддий қимматликлар олиниши, унда мазкур қимматликларни эгаллашга нисбатан қасд мавжуд бўл­ган тақдирда, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Агар қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча квалификация қилиниши лозим» деб кўрсатилган.

Судда аниқланган ҳолатлар ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Суд С. Холмановни фирибгарликка суиқасд, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йў­ли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиб, пора бериш, мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўз­лаб, бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, воситачи орқали мансабдор шахсга моддий қимматликлар беришда далолатчилик қилиб, Р. Хўжамқуловни пора бе­ришга қизиқтиришда ифодаланган ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган, деб топди.

Суд С. Холмановга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинлаш керак, деган тўхтамга келди.

Судланувчи С. Холманов Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан бир йил мансабдорлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш йўли билан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, С. Холмановга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари — 11 миллион 150 минг сўм жарима жазоси ҳам тайинланди.

Ёшлар — келажагимиз, эртанги кунимизнинг давомчилари.

Мамлакатимизда бутун эътибор уларни ҳа­лол, пок, ростгўй ва ўзгалар ҳақига хиёнат қилмаслик руҳида тарбиялашга қаратилган.

Тўғри, ҳар жиҳатдан ҳавас қилишга лойиқ, ҳалол меҳнат ортидан яшашни ўзига доимий одатга айлантираётган ёш­лар юртимизнинг барча гўшаларида минг-минглаб топилади. Лекин нафс қутқусига учадиган, қай йўл билан бўлса-да, бойлик орттириш илинжидаги ёшларнинг борлиги ҳам ачинарли, ҳам афсусланарли.

Албатта, хулосани муштарийларнинг ўзлари чиқаргани маъқул.

Бироқ ҳали тайинли иш бошламай туриб, тамагарликдан ўзини тийиб туролмаган ходим учун бу катта ҳаётий сабоқ бўлгандир. Ҳамма гап шунда. Айниқса, унга ўхшаб калта ўйлайдиганлар кўзларини каттароқ очиб, узоқни кўзласалар, айни муддао бўларди.

Наби РАЙИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нуробод тумани судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: