ШАХСНИ ТИББИЙ МУАССАСАГА МАЖБУРАН ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ? МУДДАТИ-ЧИ?!

Амалдаги қонун талабига кўра, жиноят ишини юритиш учун масъул барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари зарур. Бу жараёнда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 265-269-моддаларида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари ва муддати белгиланган.

Агар суд-тиббиёт ёки суд-психиатрия экспертизасини ўтказишда айбланувчи, судланувчини стационар кўрикдан ўтказиш зарурати вужудга келса, улар тегишли тиббий муассасага жойлаштирилиши мумкин.

Руҳий ҳолати айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ва айблов эълон қилиш имкониятини истисно этадиган гумон қилинувчи ҳам, агар айнан унинг ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлигига етарлича далиллар мавжуд бўлса, экспертиза ўтказиш учун тиббий психиатрия муассасасига жойлаштирилади.

Шунингдек, жабрланувчи ва гувоҳлар тегишли суд экспертизасини ўтказиш учун тиббий муассасага мажбурий жойлаштирилиши мумкин эмас. Улар гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг Жиноят кодексининг 15-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида на­зарда тутилган оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлигини фош қилаётган ва улар берган кўрсатмаларнинг ишончлилигини текширишнинг бошқа имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

Шахс тиббий муассасага кў­­пи билан бир ой муддатга жойлаштирилиши мумкин. Алоҳида ҳолларда, шифокорларнинг стационар суд экспертизасини ўтказиш давомида олинган хулосасига асосан, бу муддат суд томонидан фақат айбланувчи ва судланувчига нисбатан бир ойгача узайтирилиши мумкин. Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг тиббий муассасада бўлган вақти қамоқда ёки уй қамоғида сақлаш муддатига қўшиб ҳисобланади.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи шахс­ни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Шу ўринда бир мисолга эъ­тибор қаратсак: судга Наманган вилоят прокурори биринчи ўринбосари тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғ­рисида илтимоснома киритган.

Илтимосномада кўрсатилишича, М. Маҳмудов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йил 29 декабрь куни соат тахминан 15:00 ларда ўзи ишлаб турган Наманган шаҳридаги масъулияти чекланган жамият­ биносида ишчилар йўқ­ли­ги­дан фойдаланиб, масъулияти чекланган жамия­тида қоровул вазифасида ишловчи Р. Ф. бир ўзи борлигидан фойдаланиб мол-мулкларни талон-торож қи­лишни кўзлаган.

Шу мақсадда М. Маҳмудов Р. Ф. ни бинонинг орқа томонига бошлаб ўтиб, ўзига тегишли бўлган хўжалик пичоғи билан унинг кўкрак ва қорин соҳаларига 7 маротаба уриб, ҳаё­ти учун хавфли бўл­ган оғир тан жароҳати етказган. Натижада Р. Ф. ҳодиса жо­йида вафот этган.

Шундан сўнг М. Маҳмудов қўй­хонадаги масъулияти чекланган жамияти раҳ­барига тегишли 22 бош қўйни ўғирлаб кетган.

Шунингдек, маъмурий бинода фаолият юритаётган як­ка тартибдаги тадбиркор А. М. га тегишли хонага қулфни бузиб кириб, сейфда бўлган 81 500 000 сўм ва 500 АҚШ доллари ҳамда бош­қа битта темир сейфдан 2 000 000 сўмни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Прокурор илтимосномасида М. Маҳмудовни руҳий жиҳатдан соғлом ёки касаллигини аниқлаш ҳақида сўз боради. Ўта оғир жиноят содир этганликда айб­ланаётганлиги сабабли М. Маҳмудовни стационар кўрикдан ўтказиш зарурати вужудга келган. Шунинг учун прокурор суд-психиатрия экспертизасидан ўт­казиш мақсадида, уни тиббий муассасага жойлаштиришни сўраган.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг 267 ва 268-моддаларига амал қилиб, Наманган вилоят прокурори биринчи ўринбосарининг илтимосномасини қаноатлантириш тўғ­рисида ажрим чиқарди ва айбланувчи М. Маҳмудовга нисбатан тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланилди.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ил­тимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бў­­йича туман (шаҳар) су­­­ди­нинг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чи­­қишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўл­ган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпо­ғис­тон Республикаси суди, жи­ноят­ ишлари бўйича ви­лоят, Тошкент ша­­­­­ҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳар­бий суди раисининг кўр­сатмасига биноан, бошқа тегишли суднинг судья­си томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ил­тимоснома прокурор, ҳи­­­моячи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ўзига нисбатан экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш масаласи кўриб чиқилаётган шахсларнинг манфаатларини ифодаловчи жабр­­ланув­чининг вакили, гувоҳнинг ад­вокати, қонуний вакиллар иштирокида кўриб чиқилади.

Тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар унинг соғлиғи имкон берса, суд мажлисида қатнашишга ҳақ­ли. Зарур ҳолларда суриштирувчи ёки терговчи судга чақирилиши мумкин.

Судья шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғ­ри­сидаги илтимос­но­мани кў­риб чиқиб, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғ­рисида ёки шахсни тиббий муассасага жойлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради.

Суд ажрими ўқиб эшиттирилган пайт­дан бошлаб кучга киради. Суд ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, унинг ҳимоячиси, жабр­ла­нув­чининг вакили, гувоҳнинг адвокати ва қонуний вакил томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади. Мазкур суд уларни қирқ саккиз соат ичида материаллар би­­лан бирга апелляция инс­танцияси судига юбориши шарт.

Шикоят ёки протест берилиши суд ажримининг ижросини тўхтатиб қўй­майди. Апелляция инстанцияси су­ди уш­бу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси су­ди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз аж­ри­ми билан судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса, қаноатлантиришсиз қолдиришга, судьянинг ажримини бекор қи­лишга ҳақли.

Стационар суд-тиббий ёки суд-психиатрия экспертизаси хулосасини олганидан сўнг прокурор, терговчи ва суриштирувчи қарор чиқарган судни албатта, хабардор қилган ҳол­да, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш ҳақида қа­рор чиқаради.

Суд экспертизаси натижаларига кў­ра, шахс ақли норасо деб эътироф этил­ганда унинг тиббий муассасада бундан буён бўлиши тўғрисидаги масала Жиноят-процессуал кодекснинг 61-боби нормаларига мувофиқ, яъни тиббий йў­синдаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги иш­­­лар­ни юритиш тартибида кў­риб чиқилади.

Жабрланувчи, гувоҳ ақли норасо деб эътироф этилган ёки шахснинг психиатрия ёр­дами кўрсатиш талаб этиладиган бош­қа турдаги руҳий касаллиги аниқланган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига му­вофиқ, умумий асосларда ҳал этилади.

Абдиносир Мўминов,

жиноят ишлари бўйича

Наманган вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: