СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТ СУДЛАРНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ ВА ХОЛИСЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ҚАРАТИЛГАН
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 44-сессияси доирасида 2020 йил 13 июль куни БМТ Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йили Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузасини кўриб чиқишга бағишланган видеоконференция ўтказилди. «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда давлат институтлари ва сиёсатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқилган. Ҳозирги даврда одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ана шу дастурнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади». Ушбу фикрларни БМТ махсус маърузачиси Д. Гарсия-Саян БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 44-сессияси минбаридан туриб айтди.
Махсус маърузачи институти нима?
БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи якунларига доир маърузаси ҳақида сўз борганда, авваламбор, Д. Гарсия-Саяннинг мандатига, яъни унинг лавозими билан боғлиқ ваколатларига эътибор қаратиш ўринлидир.
Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи институти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (ҳозирги — БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши) 1994 йилда қабул қилган резолюция асосида таъсис этилган. Ўтган 25 йил давомида махсус маърузачилар қарийб 40 та мамлакатга ташриф буюришган.
Махсус маърузачи — инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиш ва бу ҳақда маърузалар тақдим этиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланадиган мустақил экспертдир. Бугунги кунда БМТ тизимида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига ихтисослашган 44 нафар махсус маърузачи мавжуд.
Махсус маърузачи фахрий лавозим ҳисобланади. Яъни у БМТ ходимлари сирасига кирмайди ва унга иш ҳақи тўланмайди. Махсус маърузачи фаолиятининг холислиги ва беғаразлигини таъминлашда бу омил муҳим аҳамият касб этади.
Д. Гарсия-Саян асли Лотин Америкаси минтақасидаги Перу мамлакатида туғилиб-ўсган таниқли юрист, малакали судья ва моҳир дипломатдир. У БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимига 2016 йил декабрь ойида тайинланган ва кейинги чорак аср ичида шу лавозимда фаолият юритаётган бешинчи эксперт ҳисобланади.
Ташриф тарихига назар
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлганди. Д. Гарсия-Саян мамлакатимиздаги давлат ҳокимияти органларининг барча биринчи раҳбарлари билан учрашиб, юзма-юз мулоқотда бўлгани мазкур ташрифнинг асосий хусусиятларидан биридир.
Айниқса, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлганида мамлакатда 2016 йилдан буён изчил амалга оширилаётган ноёб ислоҳотлар дастури ҳақида атрофлича фикрлашиш имконига эга бўлганидан мамнунлигини изҳор қилди. Давлатимиз раҳбарининг етакчилик салоҳиятини, миллий ва халқаро даражадаги ташаббуслари, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошираётган ислоҳотларини эътироф этишини билдирди.
Маълумки, ўтган уч-тўрт йил давомида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам шиддатли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги даврда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Бу борада муайян натижаларга эришилгани халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Д. Гарсия-Саяннинг таъкидлашича, ана шу туб янгиланишларнинг моҳияти, жумладан, судьяларнинг мустақил қарор қабул қилишига халал берадиган сиёсий таъсирларни камайтиришга қаратилганида яққол намоён бўлмоқда.
Мўътабар меҳмон ўз ташрифи давомида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини таъминлаш, одил судлов тамойилларини қарор топтириш борасида Ўзбекистонда қисқа фурсатда эришилган бир қатор ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди.
БМТ Махсус маърузачиси бир ҳафта давомида мамлакатимиздаги давлат ташкилотлари, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, талаба-ёшлар билан қарийб 40 та учрашув ўтказди.
Шундай қилиб, нуфузли халқаро ташкилот мартабали экспертининг бугунги маърузаси расмий ташриф давомида бирламчи ва ишончли манбалардан олинган маълумотлар асосида тайёрланганини таъкидлаш лозим.
Ислоҳотларимизнинг халқаро эътирофи
БМТ махсус маърузачиси Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида мамлакат одил судлов тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга холис баҳо берди.
Д. Гарсия-Саяннинг маърузасида бугунги кунда Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлаш борасида бир қатор амалий натижаларга эришилгани ижобий баҳоланди.
Бу ўринда суд тизими қайта тузилгани, хусусан, Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани ҳақида сўз бормоқда. Бундан ташқари судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилгани ҳамда судьялар алмаштирилмаслиги кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилганига алоҳида эътибор қаратилди.
БМТ махсус маърузачиси ушбу амалий чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки ижобий қадамлар дея қайд этди.
Биз, шунингдек, Д. Гарсия-Саяннинг «Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам, мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш керак» деган нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаймиз.
Бундан ташқари, биз унинг «Суд тизими ислоҳоти судларнинг мустақиллиги ва холислигини мустаҳкамлашга йўналтирилиши зарур» деган фикрига ҳам тўла қўшиламиз.
Махсус маърузачи тавсияларининг аҳамияти
Д. Гарсия-Саян маърузаси якунида Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқшунослар ўз касбий фаолиятини эркин амалга оширишларини таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ҳам берди.
Жамиятимиз ҳам, жаҳон жамоатчилиги ҳам бир масалада якдил ҳамда ҳамжиҳат, деб ўйлайман. Яъни мамлакат суд тизимининг том маънода мустақиллиги ва одил судлов эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Президенти бошлаб берган демократик ислоҳотларнинг қайтмаслигини таъминлаш зарур.
Бу ўз навбатида, мазкур соҳада янги, янада муҳим вазифаларни бажаришни тақозо этади. БМТ махсус маърузачиси айни шу ҳақида фикр юритар экан, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш истиқболларига оид:
биринчидан, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш;
иккинчидан, адвокатларнинг мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш;
учинчидан, барчанинг одил судлов имкониятлари ва малакали юридик ёрдамдан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим амалий таклиф ҳамда тавсияларини тақдим этди.
Шуни ҳам эътироф этиш керакки, нуфузли халқаро ташкилотнинг катта ваколатларга эга мўътабар вакилининг мамлакатимизга тарихий ташрифи биз учун, таъбир жоиз бўлса, компас вазифасини ўтади. Яъни биз суд-ҳуқуқ тизимида тўғри ва асосли йўналишда — халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибага мос ҳолда изчил ислоҳотларни амалга ошираётганимизни текшириб, аниқлаб, бунга яна бир бор амин бўлиб олдик.
Шу маънода Д. Гарсия-Саяннинг малакали тавсиялари шиддатли ислоҳотларимизни ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан халқаро андозаларга тўлиқ уйғунлаштириб боришимизда улкан аҳамият касб этади. Бу тавсиялар ўз мазмун-моҳиятига кўра, Ўзбекистонда изчиллик билан амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясига ҳар томонлама уйғун ва мутаносибдир.
Одил судлов сифатини ошириш — давр талаби
БМТ махсус маърузачиси ўз тавсияларига Ўзбекистонда амал қилинаётганини Инсон ҳуқуқлари кенгаши минбарида туриб, шахсан эътироф этди.
Д. Гарсия-Саян тавсияларининг аксарияти мамлакатимиз томонидан ўтган қисқа даврда бажарилган бўлса, қолган қисми ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Шундай экан, бу борада эришилган натижалар хусусида мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Аслида ҳам, Ўзбекистон БМТ махсус маърузачисининг тавсияларини амалга оширишга устувор аҳамият бермоқда. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини ошириш масалалари давлат раҳбарининг 3 та маърузасида алоҳида таъкидлангани буни яққол тасдиқлайди.
Бу ўринда Президентимизнинг Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб 2019 йил декабрида ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси, 2020 йил январида Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси ва жорий йил 30 июнда судьялар корпуси билан учрашувда сўзлаган нутқи кўзда тутилмоқда.
Барқарор ривожланиш соҳасида 2030 йилгача даврга белгиланган Кун тартибининг 16-сонли Мақсадига эришиш доирасида кейинги уч йилда Ўзбекистон Президенти томонидан суд тизимининг устувор масалаларига тааллуқли 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар имзоланди.
Ҳаракатлар стратегиясини 2020 йил — «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга ошириш бўйича Давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш соҳасида бир қанча қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган. Янги таҳрирда «Судлар тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Айни вақтда бешта янги Кодекс, яъни Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия, Фуқаролик ва Маъмурий жавобгарлик кодексларини тайёрлаш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Энг муҳими, суд тизимини илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида, «Бир суд — бир инстанция» принципи бўйича такомиллаштиришга қаратилган янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Инсон қадр-қиммати — энг олий қадрият
Мамлакатимизда БМТ шартномавий қўмиталари ва устав органлари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсиялари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг ҳамкорликдаги фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Аммо судьялар, умуман, юристларнинг халқаро ҳуқуқ соҳаси бўйича билими пастлиги энг катта муаммолардан эканини афсус билан тан олишга мажбурмиз. Шу маънода Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университети билан бирга «Инсон қадр-қиммати — энг олий қадрият» махсус ўқув модулини ишлаб чиқди.
Судьялар олий мактабида эса, «Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ» кафедрасини очишга ҳозирлик кўрилмоқда. Зеро, инсон ҳуқуқларини ўқитиш бу — нафақат халқаро мажбуриятларни бажариш, балки демократик, инсонпарвар ва халқпарвар суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Ўзбекистонда юридик таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида, жумладан, адвокатура учун кадрлар тайёрлашни ривожлантириш йўналиши белгилаб берилган. Шу асосда Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида ҳуқуқшунослик факультетлари очилди.
Мамлакатимизда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган. Айни вақтда бу Дастур изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази доимий равишда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар билан одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларни миллий амалиётга имплементация қилиш масалалари бўйича турли тадбирлар — семинар ва тренинглар, учрашув ва мунозаралар ўтказиб келмоқда.
Айни пайтда «Конституциявий суд тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тайёрланди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бизнес-омбудсман ва Болалар омбудсманининг мазкур судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилмоқда. Фуқароларнинг конституциявий шикоят қилиш институти ҳам татбиқ этилмоқда.
Миллий стратегия — БМТ сессиясининг расмий ҳужжати мақомида
Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқлангани мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институционал механизмларини яратишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилгани ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани бежиз эмас. Миллий стратегия Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда халқаро экспертлар тавсиялари ҳисобга олинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида, жумладан, қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:
– судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида умумэътироф этилган принциплар ҳамда халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномалар нормаларининг кенг қўлланишини таъминлайдиган самарали механизм яратиш;
– «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш орқали судларнинг мустақиллиги ва холислигини ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида суд ҳокимиятининг ролини тубдан ошириш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш;
– суд жараёнларида тенглик ва тортишув принципларини татбиқ этиш, адвокатурани ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мустақил ва ишончли институтга айлантириш, профессионал юридик ёрдам сифати ва адвокат касби нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган юристлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
– прокуратура органлари фаолиятини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, прокуратура органларининг фаолияти шаффофлигини ва жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, прокуратура бошқарув тизимида коллегиал органлар ролини кучайтириш.
Адвокатура — одил судловнинг ажралмас қисми
БМТ Махсус маърузачиси тавсиялари орасида Ўзбекистонда адвокатлар сонини оширишга доир таклиф ҳам бор. Д. Гарсия-Саяннинг фикрича, бу борада зарур ҳуқуқий-ташкилий ишларни амалга ошириш билан бир қаторда, ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган даврда юртимизда адвокатларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдаги ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, адвокатларга низоларни судгача ҳал этиш ва томонларни яраштириш юзасидан амалий чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьялари сифатида иш олиб бориш ҳуқуқи берилди.
Адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этиш бекор қилиниб, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартиби жорий этилмоқда. Юридик олий ўқув юртларида «адвокатлик фаолияти» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилаяпти. Бундан ташқари ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, шунингдек, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокининг мажбурийлиги белгилаб қўйилади.
Адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакети ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама учун эълон қилинади. Бу ўринда аввало «Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси»нинг лойиҳаси тайёрланганига эътибор қаратиш даркор.
Ушбу лойиҳада адвокатларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.
Янги «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Бепул юридик ёрдам тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниши ҳам режалаштирилган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда БМТ махсус маърузачиси тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат режаси («Йўл харитаси») лойиҳаси тайёрланмоқда. Олий Мажлис палаталари томонидан тузиладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссияси мазкур тавсиялар ижроси устидан парламент мониторингини амалга оширади.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
Фикр қолдириш