ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ “ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚАРОРИ (2020 йил 3 июль, № 11)
Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, ҳеч ким улардан судсиз маҳрум этишга ёки уларни чеклашга ҳақли эмас.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш муҳим давлат ҳимояси институти бўлиб, у мустақил суд ҳокимияти томонидан одил судловни амалга ошириш орқали таъминланади.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И :
1. Тушунтирилсинки, суд орқали ҳимоя қилиш деганда, судларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган, процессуал қонунларда белгиланган тартибда амалга ошириладиган фаолияти тушунилади.
Суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини биринчи инстанция судида иш қўзғатиш учун қонунда назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда амалга ошириш мумкин. Ушбу шартларга риоя этмаслик суд томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўришни рад этиш учун асос бўлади.
2. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига (бундан буён матнда процессуал қонунлар деб юритилади) мувофиқ, судга мурожаат қилиш:
фуқаролик, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича – даъво аризаси, ариза (шикоят) шаклида;
буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, алоҳида тоифадаги ишлар ва процессуал қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;
апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда — шикоят шаклида амалга оширилади.
3. Жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал қонунларга кўра, судлар ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича судга мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Мазкур Қонун 25-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахсларига тааллуқли мурожаатлар судга келиб тушганда, улар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилади ва бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар берилади.
Шу билан бирга судларнинг эътибори мурожаатлар асоссиз равишда бошқа давлат органларига кўриб чиқиш учун юборишга йўл қўйилмаслигига қаратилсин.
4. Судга мурожаатлар шакл ва мазмун жиҳатдан процессуал қонунлар билан уларга қўйилган талабларга мос бўлиши керак. Мурожаатлар судга электрон ҳужжат шаклида ҳам юборилиши мумкин.
Мурожаатда, жумладан, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг номи ва жойлашган жойи ҳақидаги маълумотлар, берилган мурожаат бўйича ҳуқуқий муносабатнинг моҳияти, мурожаат ва қўйилаётган талаб ёки илтимосноманинг моҳияти, мурожаат санаси кўрсатилиши лозим.
Мурожаатда мурожаат этувчининг имзоси (рақамли имзоси) бўлиши ҳам мажбурий талаб ҳисобланади.
5. Шуни назарда тутиш лозимки, процесс иштирокчилари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш уларга қонунда берилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи билан ҳам таъминланади.
Фуқаролик процессуал, иқтисодий процессуал қонунлари ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ҳақида ишда иштирок этувчи шахслар – тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақли.
Иқтисодий процессуал қонуни ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга кассация ва назорат шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган (тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бундан мустасно).
Жиноят-процессуал қонунида суд ҳукми ва ажрими устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси аниқ кўрсатилган. Жумладан, суднинг ҳукми, ажрими устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили, ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми устидан – фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан – судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили шикоят беришга ҳақлидир. Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунга асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд қарори устидан, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган шикоят бериш ҳуқуқига эга.
6. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда иштирок этувчи тарафлар вакиллари ва адвокатлари суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига, фақат бундай ваколатлар ваколат берувчи томонидан белгиланган тартибда берилган ишончномада махсус кўрсатилган ҳоллардагина эгадирлар.
7. Қонунга кўра, назорат инстанцияси судига мурожаат қилишда шикоятга иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари нусхалари, қонунда белгиланган ҳолларда эса, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим.
Тушунтирилсинки, ушбу шартларнинг бажарилмаслиги ва мурожаат қилувчи шахс процессуал ҳолатини аниқлаш имкониятининг мавжуд эмаслиги мурожаатни кўрмасдан қайтариш учун асос бўлади.
8. Судларнинг эътибори мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларига ва мурожаат бўйича қабул қилинадиган қарорлар мурожаат матни баён этилган тилда баён этилиши шартлиги ҳақидаги қонун талабларига сўзсиз риоя этилиши кераклигига қаратилсин.
9. Тушунтирилсинки, ишни биринчи инстанция судида кўришда раислик қилган судья мурожаатларни ўз вақтида рўйхатга олиш, ишларни расмийлаштириш ва апелляция, кассация инстанциясига юбориш муддатларига риоя этилиши ва процесс иштирокчиларини ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш учун шахсан масъулдир. Бунда эътибор шунга қаратилсинки, ишни иқтисодий ва маъмурий судларнинг апелляция, кассация инстанциясида кўришда процесс иштирокчиларини ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш масъулияти ушбу инстанцияларда маърузачи бўлган судьяга юкланади.
10. Агар мурожаатда муайян ишни кўришда суд (судья) томонидан процессуал қонун нормалари бузилганлиги ҳақидаги важлар келтирилган бўлса ва шикоятни кўриш жараёнида ушбу важлар ўз тасдиғини топса, апелляция, кассация, назорат инстанцияси судлари ишни кўриш натижаси бўйича хусусий ажрим чиқариши ва унинг нусхаси тегишли судьялар малака ҳайъатига юборилиши лозим.
11. Суд ҳужжатлари ижроси лозим даражада ижро этилмаётганлиги масалалари бўйича юқори турувчи судларга келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборилади, бу ҳақда назоратни амалга ошириш учун қарор қабул қилган ёки қарор ижро этилаётган жойдаги судга хабар берилади.
12. Судларнинг эътибори жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш жадвалига мувофиқ белгиланган кун ва соатларда қабул қилишни тўғри ташкил этиш, сайёр қабуллар ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш зарурлигига, шунингдек, қабул қилиш кунининг асоссиз равишда кўчирилишига йўл қўйилмаслигига қаратилсин.
13. Суд орқали ҳимоя қилиш жисмоний ва юридик шахсларнинг нафақат бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклаш воситаси, балки судлар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш воситаси ҳам эканлиги сабабли, судларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш тавсия этилсин.
14. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фуқароларнинг суд ишларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти ҳақида”ги 1998 йил 28 декабрдаги 31-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси К. Комилов
Пленум котиби в. б.,
Олий суд судьяси Р. Исмайлов
Фикр қолдириш