МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ 2020 ЙИЛ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ
2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 6 871 та низоли иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 4 820 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 183 137 нафар шахсга нисбатан 149 684 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 120 484 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, енгил тан жароҳати етказиш, оз миқдорда талон-торож қилиш, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 8 850 нафар шахсга нисбатан 8 727 та иш кўриб тамомланган. Шундан 8 555 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 1 971 нафар шахсга нисбатан 1 968 та иш кўриб тамомланган. Шундан 1 738 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, жарима жазоси билан бирга 1 499 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Маъмурий судлар томонидан 47 510 та иш, яъни барча ишларнинг 26,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 2 740 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 336 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 198 таси бекор қилинди ва 28 таси ўзгартирилди.
Ўзбекистон
Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш