ПРОКУРОР ВА АДВОКАТНИНГ ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ИШТИРОКИ

Ҳар бир ҳуқуқ соҳасида айнан ўша муносабатларга киришувчи иштирокчилар бўлади. Бироқ, ҳуқуқ соҳаларида иштирокчилар ўзига хос ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, улар турлича номланади.

Жиноят процессининг ҳар бир иштирокчиси ўзига хос функция, яъни ўз фаолият йўналишини ифода этувчи хизмат бурчини ўтайди. Ушбу функцияларнинг хусусияти процесснинг мазкур иштирокчилари бажарадиган вазифаларга ва уларнинг муҳофаза қилинадиган манфаатларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Амалдаги жиноят-процессуал қонунчиликка кўра, жиноят судлов ишларини юритиш иштирокчилари қуйидагича таснифланган:

1. Жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслар: а) суд; б) прокурор; в) терговчи; г) тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳи бошлиғи ва унинг ўринбосари; д) суриштирув органлари; е) терговга қадар текширув органлари;

2. Жиноят процессида ўз моддий, маънавий ва шахсий манфаатларини ҳимоя қиладиган иштирокчилар: а) айбланувчи; б) гумон қилинувчи; в) жабрланувчи; г) фуқаровий даъвогар; д) фуқаровий жавобгар;

3. Ўзгалар манфаатини ҳимоя қиладиган иштирокчилар: а) ҳимоячи; б) гувоҳ адвокати; в) қонуний вакил; г) вакиллар;

4. Жамоатчилик номидан иштирок этувчи: а) жамоат бирлашмалари, жамоалар ва уларнинг вакиллари; б) жамоат айбловчилари; в) жамоат ҳимоячилари;

5. Одил судлов ишларини амалга оширишга ёрдам берувчи иштирокчилар: а) гувоҳ; б) эксперт; в) таржимон; г) холис; д) мутахассис; е) суд мажлиси котиби.

Умуман олганда, жиноят процесси иштирокчилари ўз ваколат доираларида жиноят ишлари юритуви фаолиятининг аниқ ва ўз вақтида бажарилишига хизмат қиладилар.

Одил судлов жараёнининг тарафлари сифатида айблов тараф – прокурор ҳамда ҳимоя тараф – адвокат эътироф этилади. Негаки, бу икки иштирокчининг асосий вазифаси суд жараёнида тортишув тамойилини ишга солиб, ишнинг пировард натижасини рўёбга чиқаришдан иборатдир.

Прокурор Ўзбекистон Республикаси «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида кўрсатилган қоидаларга биноан жиноятчиликка қарши кураш олиб борувчи органлар устидан прокурор назоратини таъминлайди ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради. Ушбу вазифа прокуратура фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 382-моддасига мувофиқ прокурор терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириб, ўз ваколати доирасида:

терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органларидан ишларни текшириш учун, содир этилган жиноятларга оид тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ишларини олиб борилишига доир ҳужжатларни, материалларни ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноятлар ҳақидаги ариза ва маълумотларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳал этиш тўғрисидаги қонун талаблари қай даражада ижро этилаётганлигини ҳар ойда камида бир марта текширади;

терговчиларнинг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилади;

жиноятларни тергов қилиш, қамоқ ёки уй қамоғи эҳтиёт чораси ҳамда лавозимдан четлаштириш, тиббий муассасага жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўллаш юзасидан, шунингдек мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш каби тергов ҳаракатларига рухсат беришни сўраб илтимоснома қўзғатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, жиноят тавсифини белгилаш, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, айрим тергов ҳаракатларини бажариш ва жиноят содир этган шахсларни қидириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар беради;

шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш, қидириш, тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, бошқа тергов ҳаракатларини бажариш тўғрисидаги қарорларни ижро этишни топширади, шунингдек прокурор ёки прокуратура терговчиси қўлидаги ишлар юзасидан жиноятларни очиш ва жиноят содир этган шахсларни аниқлаш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида кўрсатмалар беради;

дастлабки терговда иштирок этади ҳамда зарур ҳолларда ҳар қандай иш бўйича айрим тергов ҳаракатларини шахсан бажаради ёки терговни тўлиқ амалга оширади;

жиноят-процессуал қонунда белгиланган тартибда тергов юритиш муддатини узайтиради;

ишларни дастлабки тергов органларига қўшимча тергов ўтказиш тўғрисида ўз кўрсатмалари билан қайтаради;

ҳар қандай ишни суриштирув органларидан олиб терговчига беради, шунингдек уни бир дастлабки тергов органидан бошқасига, бир терговчидан бошқасига ўтказади;

терговчини, агар у ишнинг тергов чоғида қонун бузилишига йўл қўйган бўлса, дастлабки тергов ишларини давом эттиришдан четлатади.

Прокурорнинг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибга мувофиқ дастлабки тергов органларига терговга қадар текшириш ўтказиш, ишларни қўзғатиш ва тергов қилиш билан боғлиқ бўлган барча кўрсатмаларини бажариш мажбурийдир.

Процессуал ва тергов ҳаракатлари устидан прокурорлик назоратининг вазифаларини қуйидаги қоидалардан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиш мумкин:

жиноят содир этишда гумон қилинган шахслар фақат қонунда кўрсатилган тартиб ва асослардагина ушланиши лозим;

ҳеч ким ноқонуний ва асосланмаган равишда жиноий жавобгарликка тортилиши ва ҳуқуқлари чекланмаслиги керак;

ҳеч бир шахс суднинг ажримисиз қамоққа олиниши мумкин эмас;

жиноят иши қўзғатишнинг ва тергов олиб боришнинг қонунда кўрсатилган тартибига, унинг муддатларига риоя этиш ва процесс иштирокчилари ҳуқуқларининг ҳимоясига эътибор қаратиши шарт;

ҳар бир жиноят иши Жиноят-процессуал кодексида кўрсатилган меъёрларга асосан барча шароитлар ҳисобга олиниб, ҳар томонлама, тўла ва холисона, айбланувчининг айблилиги ва айбсизлигини исбот қиладиган, айбни оғирлаштирадиган ва енгиллаштирадиган барча ҳолатлар аниқланиб, тергов қилиниши шарт;

содир этилган жиноятнинг сабаблари, уни содир этишга замин тайёрлаган шароитлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилиши керак.

Прокурорнинг суддаги иштироки судга далилларни ҳар томонлама, тўла ва холисона таҳлил этишга, жиноий жавобгарликка тортилаётган шахснинг айбли ёки айбсиз эканлигини исботлашга, содир этилган жиноятнинг тўғри малакаланишига, шахсга нисбатан адолатли жазо тайинланиши ёки унинг жазодан озод қилинишига ёрдам беради.

Прокурор жиноят ишлари бўйича судларда иштирок этиб, ўз ваколатлари доирасида:

судьянинг жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги қарорининг қонунийлигига эътибор беради;

судда давлат айбловини қўллаб-қувватлайди;

суд муҳокамаси даврида юзага келган масалалар юзасидан ўз фикр ва хулосаларини беради;

агар давлат, жамият ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялаш талаб этилса, даъволар келтиради ва уларни судда ҳимоя қилади;

суднинг асосланмаган ва ноқонуний қарорлари, ажримлари устидан протест келтиради;

протест ёки шикоятлар бўйича кўрилаётган апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига ўз хулосаларини тақдим этади;

судларнинг ҳукм, қарор ва ажримларининг қонунийлиги ва муддатларини текширади;

судларнинг ҳукм, ажрим ва қарорларининг бажарилиши устидан назорат олиб боради;

ҳукм, ажрим ва қарорлар қонун томонидан назорат тартибида қайта кўриб чиқиладиган ҳолатларда, янги очилган ҳолатлар бўйича жиноят иши қайта тикланадиган ҳолларда керакли чораларни кўради.

Прокурорнинг суд муҳокамасидаги айблов нутқи қуйидаги элементларни ўз ичига олади:

жиноятга ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-психологик баҳо бериш;

ишнинг ҳақиқий ҳолатларини баён қилиш;

далилларни таҳлил қилиш ва уларга баҳо бериш;

қилмишга берилган юридик квалификацияни асослаш;

судланувчининг шахсини тавсифлаш;

айбдорнинг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни таҳлил қилиш ва уларга баҳо бериш;

жиноятларни содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш чораларини таклиф қилиш, тайинланиши лозим бўлган жазога, ундирилиши лозим бўлган фуқаролик даъвосига, жиноят туфайли етказилган моддий зарарни ундиришга ва шунга ўхшаш масалалар юзасидан ўз фикрини билдириш.

Прокурор, албатта, ҳар қандай жиноят иши бўйича шу кўрсатилган тартибда айблов нутқини тузиши шарт эмас. Жиноят ишининг ўзига хос хусусиятларига, жиноят иши бўйича тўпланган материалларнинг тузилишига қараб айблов нутқининг қайд этилган элементлари мазмуни ва бутун ҳажми аниқ воқеа ҳолатлари таъсирида ўзгариши мумкин.

Лекин, прокурорнинг давлат айбловини қўллаб-қувватлаш фаолияти асосан суд жараёнида намоён бўлади. Апелляция, кассация ва назорат тартибида суд қарорларининг қонунийлиги ва асосланганлигини текшириш босқичида иш юритилишида прокурор марказий ўринлардан бирини эгаллайди. Зеро, у жиноят процессининг иштирокчиси сифатида ўз ваколатлари доирасида биринчи инстанция судларининг қарорлари, ажримлари устидан келтирган протестлари ишнинг юқори инстанция судларида кўрилишига сабаб бўлади.

Юқори инстанция судларида ҳам прокурор асосан давлат айбловини ва ўзи келтирган протестнинг қонунийлигини асослаб бериши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, прокурор жиноят процессининг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб, фақат у жиноят иш юритувининг барча босқичларида, яъни жиноят ишини қўзғатиш босқичидан то суд ҳукми кучга кириб, ижрога қаратилгунга қадар иштирок этади. Шу билан бирга унинг процессуал ҳолати ҳам турли босқичларда турлича кўринишга эга бўлади.

Ҳимоячи жиноят процессида қонунда кўрсатилган тартибда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга шахсдир.

Жиноят ишлари юритувида ҳимоячининг процессуал мақомини таҳлил қилишда 2008 йил 31 декабрдаги «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли Фармонининг аҳамиятини эътироф этиб, мазкур нормалар билан адвокатнинг процессуал ваколати ва мақоми янада оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши; адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз, ёпиқ суд мажлисидан ташқари, олиб кириш ҳуқуқига эга эканлиги (суд биноси ичкарисида фойдаланишда суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаган ҳолда); адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шартлиги; адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши шулар жумласидандир.

Жиноят процессида ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашнинг мазмуни қуйидагилардан иборат:

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи жиноят процессининг иштирокчиси сифатида процессуал ҳуқуқлар доирасига эга бўлиб, уларга қўйилган айбловдан ҳимояланиш учун ўзини-ўзи, ўз қонуний манфаатларини ҳимоя этишга имкон беради;

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиши, ҳимоячининг иштироки зарур бўлган баъзи ҳолларда бу ёрдамни қонун асосида бевосита олиши мумкин;

суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига унинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришга мажбур бўлиб, уларга ҳимояланиш манфаатларини, шахсий ҳуқуқ ва моддий ҳуқуқини идора қилиши учун шароитлар яратиб беришлари лозим;

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи шахснинг шахсий ва моддий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларни таъминлаш борасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зарурият бўлмаса, унинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни овоза қилмаслик, ушбу шахсларнинг қадр-қиммати ва шаънига қарши, саломатлигига хавф туғдирадиган ҳаракатлар қилмаслик, уларнинг вояга етмаган ва ёлғиз қолган болаларига нисбатан ҳомийликни ўрнатиш бўйича тегишли чораларни кўриш, ушбу шахсларнинг мулки ва турар жойини сақлаш чораларини, ушбу шахсларнинг қариндошлари билан дастлабки тергов тамом бўлганда учраштириш юклатилган.

Одатда ишда ҳимоячи сифатида адвокатлар иштирок этадилар.

Адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари ёки қонуний вакилларидан бирининг адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишига гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суд ажримига биноан йўл қўйилиши мумкин.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишнинг мураккаблиги ва бошқа ҳолатлари туфайли гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда қийналиши мумкин деган хулосага келса, бошқа ишлар бўйича ҳам ҳимоячининг иштирок этишини шарт, деб топишга ҳақлидир.

Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига биноан ҳимоячи гумонни ёки айбини рад этадиган ёхуд жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни аниқлаш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усулларини қўллаши ҳамда гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига зарур юридик ёрдам кўрсатиши; ҳақиқатни аниқлашга, далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Ишда иштирок этиш ҳақида шартнома тузилган ёки тайинланган вақтидан бошлаб адвокат ҳимояга ҳақли ҳисобланади ва бу вазифани бажаришни рад этишга ҳақли эмас.

Айбланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳимоячининг асосий бурчидир. Айбланувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш деганда, айблов асоссизлиги муносабати билан жиноят ишини бекор қилишга эришиш; иш ҳолатларига биноан жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида жиноят ишининг малакаланиши (квалификация) ни ўзгартиришга эришиш; тегишли асос бўлган ҳолда эҳтиёт чорасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга эришиш; жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлашга уриниш ва бошқалардан иборат турли процессуал ҳаракатлар тушунилади. Бошқача қилиб айтганда, айбланувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айбсиз шахсни судлаш ёки жавобгарликка тортилишини бартараф қилиш, адолатсиз тарзда оғир жазо белгиланишининг олдини олиш, барча енгиллаштирувчи ҳолатлар мажмуасини ҳисобга олишни ўз ичига олади.

Ҳимоячининг мустақиллиги у умуман ҳимоясидаги шахснинг ихтиёри ва талаблари билан ҳисоблашмасдан фаолият кўрсатиши лозим, деган маънони англатмайди.

Ҳимоячи айбланувчининг ноқонуний уринишларига эргашмаслиги лозим, лекин у ўз ҳимоясидаги шахснинг қонун билан асосланган талабларини ҳисобга олиши шарт ва бу маънода ҳимоячининг мустақиллиги нисбийдир.

Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни нормалари, аввало, адвокатдан ахлоқий софлик, қонунларга аниқ ва оғишмай амал қилишнинг намунаси бўлишни талаб этади.

Адвокатнинг касбий бурчи унга иш бўйича барча далилларни объектив, ҳар томонлама ва сидқидилдан таҳлил қилиш ва баҳо бериш, фактларни атайлаб бузиб кўрсатмаслик, суд ва терговни чалғитишга уринмаслик, текширилаётган ҳодисаларга қонунийлик ва ахлоқ позициясидан туриб баҳо бериш мажбуриятини юклайди. Ҳимоячи ҳақиқий, ўзига маълум бўлган далиллардан фойдаланиши ёки унга маълум бўлган фактларга зид келувчи ишдаги маълумотларни қўллаши мумкин эмас.

Аблқосим Рўзиқулов,

жиноят ишлари бўйича

Навоий вилоят суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: