ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ 2020 ЙИЛ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ
2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида иқтисодий судлар томонидан 51 727 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шунда даъвогарлар фойдасига 2,9 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45,8 фоизга камайган.
Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент
шаҳар, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари
иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.
Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд
таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми,
яъни 24 326 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб
чиқилган.
Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 1 294 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 926 млн. сўмдан зиёд маблағлари тежаб қолинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 14 255 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 824,7 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.
Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини маҳсулот етказиб бериш, контрактация, кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 302 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 147 та қарор бекор қилинди ва 36 та суд қарорлари ўзгартирилди.
Ўзбекистон
Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш