НАФСИГА АЛДАНГАН ХОДИМ ЖИНОЯТЧИНИ ПОРА БЕРИШГА УНДАДИ

Бугун ҳаётимизда ўта хавфли иллат саналмиш коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Албатта, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Аммо ишонч билдирган ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идо­ра­ ходимининг ўзи коррупцияга оид жиноятга қўл урса-чи?

Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам жи­ноят­га муросасиз бўлиш ўрнига ва­зият­дан «унумли» фойдаланиб қо­лишга уринди. Яъни шахсий манфаатини ўйлаб, жиноятчини пора беришга ундади.

Гап шундаки, 2020 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳар ички ишлар ор­ганлари фао­лия­тини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан «Орият»­ тадбири ўт­казилади. Мазкур тадбирда шаҳарнинг  Янги аср кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган Шоира Файзиматова ўз уйи­да қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Шу боис, айни ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга юборилади. Натижада Ш. Файзиматовага нисбатан Жи­ноят­ кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жи­ноят иши қўзғатилади.

«Орият­» тадбирида бош­қарма катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов ҳам иштирок этади. Бинобарин, Ш. Файзиматованинг танишларидан бири Гулёра Жалилова унга қўнғироқ қилиб, дугонасига ёрдам беришини илтимос қилади. На­ти­жа­да Д. Абдуллажонов воқеанинг эртасига — 2020 йил 20 апрель куни Ш. Файзиматова билан учрашади.

— Аввал одам савдоси жинояти билан судланган экансиз. Қўшмачилик ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунинг учун тергов жараёнида сизни қа­маб қўймаслигини терговчи билан гаплашиб беришим мумкин. Фақат бунинг эвазига унга ик­ки минг доллар бериш керак, — дейди у. Кейин яна қў­шиб қўяди: — Дугонангиз илтимос қил­гани учун ёр­дам бермоқчиман. Қолаверса, ўзим ҳам сизни ёқтириб қолдим.

Буни қарангки, Дилмурод шундай деб кейинги учрашувда қўшмачи жувонга кўнгилхўшлик қилишни таклиф этади. Ноилож қолган Ш. Файзиматова эса, унинг таклифини қа­бул қилади.

Шундан сўнг тезкор ходим ҳафта-ўн кун ичида Шои­ранинг уйига бир неча марта боради. Лекин ҳар галги учрашувда пулни қистайверади.

Қо­лаверса, ўзининг қилмишини хас­пўш­лаш учун «антиқа» баҳона ўйлаб топади.

— Тергов муддати уч ой, суд жараёни ҳам икки ойча давом этади. Унгача ҳомиладор бўлиб олсангиз, судда сизга анча енгиллик берилади, — дейди у.

Аммо Ш. Файзиматова ўзининг чорасиз вазиятидан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётган қонун ҳимоячисининг сўнгги кунлардаги ҳаракатла­ридан қаттиқ ға­забланади. Бинобарин, ун­га қонуний чора кўришни сў­раб, ДХХ Фарғона вилоят­ бошқармасига мурожаат қилади. Оқибатда 2020 йил 3 май куни Д. Абдуллажоновга нисбатан тезкор тадбир ўтказилади.

— Қаердасиз, учрашамизми? Номини айтмай қўяверай, ҳалиги нарса тайёр, — дейди Шоира телефон ор­­қали пулга ишора қилиб.

Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Дилмурод аёлнинг уйи олдига етиб келади. Сўнг хизмат машинаси ичида келишилган пулнинг 1 500 АҚШ долларини олаётган чоғда ушланади. Негаки, Д. Абдуллажонов қолган 500 АҚШ долларини гаров пули тариқасида тўлаш учун Ш. Файзиматованинг ўзига қайтариб беради. Пировардида унга нисбатан Жиноят­ кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят иш­лари бўйича Фар­ғона туман суди эса, айбдорга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жи­ноят­ иши кишини жиддий фикр-мулоҳаза юритишга, ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар хо­димларини эса, ундан тегишли хулоса чиқаришга ундайди. Айтайлик, оддий фуқаро жиноятга қўл урса, қонунни билмагани, қилмишининг ҳу­­қуқий оқи­батини тушунмаганини асосий важ сифатида келтиради. Лекин ўзи ички ишлар органининг катта тезкор вакили бўлган шахснинг нафс домига тушиб, қонунни бузганини қандай изоҳлаш мумкин?!

Президентимиз шу йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қар­ши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида коррупцияга қарши курашиш масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупция­га қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бў­йича қў­шимча чора-тадбирлар тўғ­ри­си­да»ги Фармонининг қабул қилиниши бу борада яна бир дадил қа­дам бўл­ди.

Шундай экан, биз, судьялар ва суд тизими ходимлари коррупцияга қарши курашиш жараёнида бошқаларга ўрнак бў­лишимиз шарт.

Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари коррупцияга оид ишларни кў­риш билангина чекланиб қолмай, жойларда ўтказилаётан сайёр суд мажлисларида ҳам­юртла­ри­мизга бу иллатнинг аянч­ли оқибатларини, хусусан, пора бериш, пора беришга далолат қилиш ва бундай жараёнда воситачилик қилиш ҳам жиноят эканлигини кенгроқ тушунтиришлари керак.

Фаррух АБДУРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона тумани судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: