МУЛК ЗАВОЛИ ЖАВОБГАР ЗИММАСИДАДИР
Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб берилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир. Айни шу мақсадда кейинги йилларда суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкам, одил судлов сифатини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Айтиш керакки, бугунги кунда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, етказилган зарар ўрнини жавобгар ҳисобидан қоплаш сингари низолар суд тартибида адолатли ечим топаётгани одамларнинг судларга нисбатан ишончи ортишида муҳим омил бўлмоқда.
Фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, Каттақўрғон шаҳар «Деҳқон бозори» ҳудудида фуқаро Й. Бобоевнинг иккита савдо дўкони мавжуд бўлган. Унга тегишли биринчи савдо дўкони 2006 йилнинг 31 мартида олди-сотди шартнома асосида 112-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Иккинчи савдо дўкони 908-сонли ҳадя шартномасига асосан, 2006 йилнинг 14 апрелида 114-сон билан давлат рўйхатига олинган. Ҳар иккала савдо дўконининг умумий ер майдони 36,28 квадрат метрни ташкил қилган.
Й. Бобоев дўконларда тадбиркорлик фаолиятини юритиб келган.
Аммо кунлардан бир кун Й. Бобоевга тегишли дўконлар шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳеч бир огоҳлантиришсиз, розилик сўралмасдан, асоссиз равишда бузиб ташланади.
Табиийки, Й. Бобоев ҳуқуқи бузилганидан қаттиқ ранжийди ва бир қатор ташкилотларга мурожаат қилади. Шундан сўнг Й. Бобоевга Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 декабрдаги 2333-Қ сонли қарори билан шаҳарнинг Қорадарё кўчасидаги ҳудуддан савдо дўкони қуриш учун 69,78 квадрат метр ер майдони ажратиб берилади. Бу ер майдони 2019 йилнинг 12 февралида 128-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бир қарашда, муаммо қонуний ҳал бўлган, адолат қарор топгандек кўринади. Хўш, унда Й. Бобоев нимадан норози?
Ҳамма гап шундаки, Й. Бобоевнинг дўконларини бузиш юзасидан ҳокимлик томонидан қарор чиқарилмаган. Бунинг устига бузилган дўконлар учун компенсация пули тўлаб берилмаган. Й. Бобоевнинг норизолигининг сабаби шунда.
Қисқаси, Й. Бобоев дўконлари ҳеч бир асоссиз бузиб ташлангач, баҳоловчи «CICA PRICЕ» масъулияти чекланган жамиятига мурожаат қилади. Масъулияти чекланган жамияти томонидан кадастр ҳужжатларига асосан унинг «Деҳқон бозори»даги биринчи савдо дўкони 18 миллион 324 минг 428 сўмга, иккинчи савдо дўкони 17 миллион 408 минг 207 сўмга, жами 35 миллион 732 минг 635 сўмга баҳоланган.
Даъвогар Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими Йўлдош Бобоевнинг манфаатини кўзлаб, шаҳар ҳокимлигига нисбатан 2019 йилнинг 8 ноябрда даъво аризаси билан судга мурожаат қилди.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳар қандай низо судда мазмунан кўрилиш чоғида томонларнинг беғараз, холис, ҳаққоний тортишуви ва судга асосли, ишончга сазовор далиллар тақдим этиши билан ҳақиқат юзага чиқади. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Суд мажлисида сўралган жавобгар Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг ишончли вакили В. Аҳмедов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Й. Бобоев судга даъво муддати ўтиб кетгандан сўнг мурожаат қилганини таъкидлаб, даъво муддатини қўллаш ва даъвогарнинг даъво аризасини рад қилишни сўради.
Шаҳар бош архитектори П. Нарзуллаев эса, суддаги тушунтиришида, шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимида Й. Бобоевга тегишли савдо дўконларини бузиш билан боғлиқ ҳужжатлар йўқ, «Деҳқон бозори» ҳудудидаги дўконларни бузиш юзасидан ҳокимлик томонидан бирон-бир қарор чиқарилмаганини айтди.
Судда ишни кўриш жараёнида дўконларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳужжатлар «Деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти маъмуриятида ҳам мавжуд эмаслиги аён бўлди. Масъулияти чекланган жамиятининг ишончли вакили С. Файзиев суд мажлисида бу ҳақда тушунтириш берди.
Шу ўринда шаҳар ҳокимлигининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномасига тўхталадиган бўлсак, Фуқаролик кодексининг 263-моддасига эътибор қаратиш жоиз. Чунки ушбу моддада даъво муддати жорий этилмайдиган ҳолатлар аниқ-тиниқ баён қилинган.
Хусусан, мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузилишларни, шу жумладан, эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузилишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига нисбатан даъво муддати жорий этилмаслиги Фуқаролик кодексининг 231-моддасида белгилаб қўйилган.
Суд қонуннинг ушбу талабларига кўра, шаҳар ҳокимлигининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномасини инобатга олмасликни лозим топди.
Энди масалага янада ойдинлашиши учун газетхон эътиборини Ер кодексининг 41-моддаси мазмун-моҳиятига қаратамиз. Ушбу моддага кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари фаолиятига давлат, хўжалик органлари ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади. Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур модда талабига биноан, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши шарт. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўлиқ ҳажмда қопланиши керак. Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра, туман, шаҳар, вилоят ҳокимлигининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда ушбу кодекснинг 86-моддасига мувофиқ, бошқа барча зарарлар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари Президентимизнинг 2019 йил 3 августдаги «Фукаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланиши сўзсиз таъминланиши бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши 1-қисми «б» банди ҳам дўкондор Й. Бобоевнинг манфаатини кўзлаб, судга даъво ариза киритган адлия бўлимининг даъвоси ўринли эканлигини кўрсатди. Чунки Президент Фармойишининг мазкур бандида ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейин рухсат берилиши, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат органи (мансабдор шахс) нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 985-моддаси талабига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Суд иш ҳолатлари ва юқорида зикр этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, ушбу даъво аризасини қаноатлантирди. Жавобгар Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигидан Й. Бобоев фойдасига 35 миллион 732 минг 635 сўм етказилган зарар ундирилиши ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Қисқаси, дўкондорнинг бузилган ҳуқуқи тиклангани, етказилган зарар ўрни жавобгар ҳисобидан қоплангани мамлакатимизда демократик тамойиллар устуворлагининг ёрқин кўринишидир.
Шерзод ТОШПЎЛАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш