ЎЗБЕКИСТОНДА МАЪМУРИЙ СУДЛАР
Маъмурий ислоҳотлар борасида ҳар бир давлат ўзининг тажрибасига эга.
Ўзбекистонда «маъмурий судлов» тушунчаси илк маротаба «туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси» тушунчаси остида 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан мустаҳкамлаб қўйилди. Лекин, амалда 23 йил давомида бундай судьяларнинг ўзи мавжуд бўлмаган. Қонун ҳужжатларида маъмурий судлов сифатида фақатгина маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланган ҳамда бундай тоифадаги ишлар жиноят, фуқаролик ва хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилган.
«Маъмурий судлов» («маъмурий суд ишларини юритиш») тушунчасини англаш учун, биринчи навбатда, «оммавий ҳуқуқий муносабат», «оммавий ҳуқуқий низо» ва «маъмурий низо» тушунчаларининг мазмун-моҳиятини билиб олиш зарур. Илмий изланишларда «оммавий ҳуқуқий муносабат»ларга таъриф берилганда, унинг оммавий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар эканлиги кўрсатиб ўтилган. Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг асосий хусусияти сифатида эса, унда иштирок этувчи томонларнинг бири бўлиб давлат ҳокимияти субъектининг иштирок этиши белгиланган. Илмий адабиётларда бундай қарашлар тарафдорларини кўплаб учратиш мумкин. Лекин, ҳозирги кунда оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари сифатида бир томонда жисмоний ва юридик шахсларни, иккинчи томонда эса, фақатгина давлат органларини эмас, балки ҳокимият ваколатларига эга бўлган турли субъектлар учрайди.
Демократик давлатларда олиб борилаётган номарказлаштириш нафақат давлат органлари тизими ичида, балки ундан ташқарида ҳам юз бермоқда.
Жумладан, айрим давлат функциялари нодавлат ташкилотларига (фуқаролик жамияти институтларига) ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг бир томонида иштирок этувчи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъектлар доирасининг кенгайишига олиб келади.
Масалан, Ўзбекистон қонунчилигига биноан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилиш мумкин. Демак, маъмурий судда оммавий ҳуқуқий муносабатларга доир низо кўриб чиқилаётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъект сифатида намоён бўлади.
Маъмурий ҳуқуқ ва процесс соҳасида изланишлар олиб борган Ю. Тихомировнинг фикрича, оммавий ҳуқуқий низо ваколатли давлат органлари томонидан оммавий (жамоат) хусусиятига эга бўлган ва қонун билан ўрнатилган процессуал тартибда кўриб чиқиладиган низодир. Юзага келган низо, агарда оммавий ҳуқуқ соҳалари (конституциявий, маъмурий, молия, солиқ, меҳнат ва бошқалар)га тегишли масалаларни қамраб оладиган бўлса, бундай низолар оммавий ҳуқуқий ҳисобланади.
Оммавий ҳуқуқий низоларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ушбу низоли муносабат иштирокчилари ҳуқуқий жиҳатдан тенг эмас. Жумладан, Д. Замышляевнинг кўрсатишича, ҳар қандай оммавий ҳуқуқий низонинг хусусияти унда иштирок этувчиларнинг бири ҳокимият функцияларига эга бўлганлиги сабабли муносабат субъектлари тенг эмас. Шу сабабли ҳам бу ҳолат мазкур муносабатларни тартибга солишнинг алоҳида тартиботини ва юрисдикциясини талаб этади.
Юқоридагиларга асосланадиган бўлсак, ҳуқуқшунос олимлар томонидан оммавий ҳуқуқий низо (хусусан, унинг асосий кўриниши ҳисобланган маъмурий ҳуқуқий низо) нинг бир нечта умумий хусусиятлари кўрсатиб ўтилган:
биринчидан, оммавий ҳуқуқий низолар оммавий ҳуқуқ соҳаларига тегишли масалаларни қамраб олади;
иккинчидан, оммавий ҳуқуқий низоларда муносабат иштирокчиларидан бири сифатида ҳокимият ваколатларига эга бўлган субъект намоён бўлади ҳамда муносабат иштирокчилари тенг эмас;
учинчидан, оммавий ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг махсус тартиби жорий этилади;
тўртинчидан, оммавий ҳуқуқий низолар турли субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, уларнинг хатти-ҳаракатларини белгилаб берувчи моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш бўйича юзага келади;
бешинчидан, оммавий ҳуқуқий низолар ҳокимият субъектлари қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, бошқа оммавий қарорлар ва ҳаракатлар бўйича юзага келади.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасига биноан маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ёки ушбу соҳадаги низода иккинчи томон сифатида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари намоён бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишда юқорида санаб ўтилган шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бир қаторда, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам предмет сифатида қаралади.
Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши лозим бўлган тушунчалардан яна бири «маъмурий орган» тушунчасидир.
Ўзбекистонга «маъмурий орган» тушунчаси 2018 йил 8 январдаги «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан кириб келди. Ушбу Қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар» маъмурий орган сифатида ифодаланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига биноан вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари республика давлат бошқаруви органларидир.
Фармонга биноан республика давлат бошқаруви органлари зиммасига:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда рўёбга чиқарилишини, уларнинг ижроси устидан таъсирчан назорат амалга оширилишини таъминлаш;
ташқи ва ички сиёсатни амалга ошириш, давлатнинг ташқи ва ички хавфсизлигини таъминлаш;
мамлакатни стратегик ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, давлатнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни ташкил қилиш, иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш;
инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини, аҳолининг таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, меҳнат бозорини тартибга солиш, ижтимоий соҳада умумдавлат бошқарув тизими фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш;
тегишли ҳуқуқий муҳитни яратиш, лицензиялаш, сертификатлаштириш ва стандартлаштириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш;
солиқлар, божхона тўловларини йиғиш, давлат даромадларини тақсимлаш йўли билан хазинага оид вазифаларни амалга ошириш каби вазифалар юклаб қўйилган.
Қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат бошқаруви органларидан ташқари, хўжалик бошқаруви органларига ҳам раҳбарлик қилади.
Табиий савол туғилади: хўжалик бошқаруви органи «маъмурий орган» таркибига кирадими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 22 декабрдаги «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига биноан қуйидаги асосий ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этиладиган хўжалик бирлашмалари:
1) таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан, давлат-акциядорлик компаниялари;
2) муассис-корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис-корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йўли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади.
Ушбу Фармонга биноан давлат бошқаруви, шу жумладан, тақсимлаш вазифалари, шунингдек уларнинг таркибига кирувчи корхоналар фаолиятига маъмурий аралашув хўжалик бошқаруви органларининг ваколатига кирмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, хўжалик бошқаруви органлари «маъмурий орган» таркибига кирмайди, шунингдек улар томонидан амалга ошириладиган фаолият қонун ҳужжатларига биноан «маъмурий ҳуқуқий фаолият» ҳисобланмайди.
Амалдаги қонун ҳужжатларида «маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар» тушунчаси ёки рўйхати батафсил берилмаганлиги сабабли, маъмурий судларда ишларни кўриб чиқишда айрим муаммолар юзага келмоқда.
Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишни тушуниш уни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очади.
Замонавий ўзбек маъмурий ҳуқуқ фани мустақил равишда ривожланиб бориши лозим. Бу ҳозирги глобаллашув ва иқтисодий интеграция шароитидаги талабдир.
Маъмурий фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги Германия тажрибаси диққат билан ўрганишга лойиқ ва Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш учун ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Масалан, Германия маъмурий ҳокимият субъектлари доктринаси асосида улар орасида давлат ҳуқуқининг алоҳида субъектлари аниқланган. Шу асосда давлат юридик шахсларининг маъмурий ҳуқуқий институтини ривожлантириш мумкин.
Маъмурий суд ишларини юритишдаги маъмурий процедуралар доктринаси бундай давлат процедураларини қонуний тартибга солиш бўйича немис тажрибаси билан тўлдирилиши фойдадан холи эмас.
Маъмурий ишларни такомиллаштириш учун қуйидаги атамаларни белгилаш таклиф этилади: «маъмурий даъво», «маъмурий даъвогар», «маъмурий жавобгар».
Маъмурий даъво маъмурий даъвогарнинг маъмурий жавобгарга нисбатан маъмурий судга берилган мурожаати ҳисобланади.
Маъмурий даъвогар ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари маъмурий жавобгар томонидан бузилган жисмоний ёки юридик шахслардир.
Маъмурий жавобгар эса, давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда белгиланган тартибда ваколат берилган ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидир.
Маъмурий иш қўзғатишнинг асосий йўналишларига аниқлик киритиш ва уларни янада кенгайтириш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Маъмурий суд иши юритиш тизимига оид амалдаги қонун ҳужжатларини модернизация қилиш яқин келажакда маъмурий судларнинг давлатимиздаги муҳим суд институтларидан бирига айланишига хизмат қилади.
М. ҲАЙИТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши
ҳузуридаги Судьялар олий
мактаби магистри
Фикр қолдириш