ДАЛИЛЛАРНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ ОЛИШ
Иқтисодий суд ишларини юритишнинг вазифаларидан бири иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бу вазифани ҳал этиш учун эса, суд низоли ҳолатга тўғри баҳо бериши, ҳақиқатни билиши қўлланиладиган чораларнинг асосли ва қонунийлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қонун талабига кўра, суднинг у ёки бу низо бўйича қабул қилинган қарори аниқ далилларга асосланган ва қонуний бўлиши лозим.
Тақдим этилган далилларга тўғри баҳо бериш, зарур далилларни талаб қилиб олиш ва мавжуд далиллар асосида низони ҳал этиш бевосита суд қарорларининг барқарорлигини таъминловчи муҳим омилдир.
Судда даъво қўзғатилганида тарафлардан даъво талабининг асосли ёки асоссизлигини исботлаш талаб қилинади.
Иқтисодий процессуал кодексининг (ИПК) 69-моддасига кўра, далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади.
Агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги ажримда талаб қилинаётган далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилиб, ажрим суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга юборилади.
Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли ажримни тақдим этган шахсга беради.
Агар шахс суд талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у шу муддат ичида бу ҳақда судни сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт.
Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, уни сақлаётган шахсга ИПКнинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солинади.
Талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга жарима солиниши уни далилни судга тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги «Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 13-сонли қарорининг 15-бандига кўра, ИПК 69-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларни қўшимча далиллар тақдим этишга мажбур қилмасдан, фақатгина таклиф этади.
Қўшимча далиллар низонинг тўғри ҳал қилиниши ва у бўйича қонуний ҳамда асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиниши учун зарур бўлиши керак.
Шуни назарда тутиш лозимки, ИПК 170-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларга суд даъво аризаси юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.
Бироқ, ИПК иккинчи маротаба далилларни тақдим этмаганлик учун жарима солиниши мумкинлигини назарда тутмайди. Агар шахс жарима солинганидан кейин ҳам далилни тақдим этмаса, далилларни талаб қилиб олишнинг бошқа мажбурлов воситаларини процессуал қонунчилик назарда тутмаган.
Баъзи давлатларнинг процессуал қонунчилигида суднинг сўровига кўра тақдим қилинмаган далилни олишнинг бошқа имкониятлари ҳам кўзда тутилган. Масалан, Украина Фуқаролик процессуал кодексининг 93-моддасига кўра, узрсиз сабаблар билан суд талаб қилаётган ёзма ёки ашёвий далиллар тақдим этилмаса, далилларни вақтинчалик олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, Арманистон Фуқаролик процессуал кодексининг 49-моддасига кўра, суднинг далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ажрими давлат, хизмат, тижорат, банк ва бошқа турдаги сирларга тааллуқли қонунчилик талабларига риоя қилинган ҳолда дарҳол ижро этилади.
ИПКда далилларни беришдан бош тортаётган шахсдан далилларни олиш масаласи ҳал этилмаган. Процессуал қонунчиликда назарда тутилган суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли сўровга эга бўлган шахсга беради деган норма декларатив характерга эга.
Жиноят-процессуал қонунчилиги одил судловни далиллар билан таъминлашда дастлабки тергов далилларни талаб қилиб олишнинг турли хил воситаларига эга (масалан, тинтув, олиб қўйиш).
ИПКнинг далилларни талаб қилиб олишга қаратилган нормаси эса, амалда суд сўровининг ижросини тўлиқ таъминлашга хизмат қила олмайди.
ИПКнинг 69-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги ажримда талаб қилинаётган далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилиб, ажрим суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга юборилади.
Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, уни сақлаётган шахсга ИПКнинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солинади.
Далилларни тақдим этмаганлик учун иқтисодий процессуал қонунчиликда назарда тутилган жаримага оид нормани далилларни тақдим этиш мажбурияти юклатилган шахсга таъсир қилиши мумкин бўлган таъсир чораси сифатида баҳолаб бўлмайди. Жарима солинганлигининг ўзи ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида иқтисодий судга илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқини ҳимоясини таъминлай олмайди. Баъзи ҳолатларда далилни сақлаётган шахс учун далилни тақдим этишдан кўра жарима тўлаш фойдалироқ бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бироқ, суд далилни олмасдан қандай қилиб одил судловни амалга оширишдек вазифани адо этиши мумкин?
Далилни талаб қилиб олишни сўраётган шахснинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши фақат шу далилга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Биринчи инстанция суди томонидан далилларнинг етарлигига оид нормалар бажарилмаганлиги суд ҳужжатининг бекор бўлишига олиб келади. Чунки, қарор далиллар билан асослантирилган бўлиши керак.
Шу боис, ИПКнинг 69-моддасини амалда қўллаш механизмини ишлаб чиқиш орқали одил судловни таъминлаш воситаларини кучайтиришга эришиш мумкин.
Х. РАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси
Фикр қолдириш