НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ТАДБИРКОР СУД ЖАРАЁНИДА ОҚЛАНДИ
Сўнгги йилларда судлар томонидан ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани, ҳаётимизда адолат тамойилларининг қарор топаётгани суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотларнинг энг ёрқин самарасидир. Бу, ўз навбатида, юртдошларимизнинг ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Фарғона шаҳридаги «Farg’ona maxsus energo montaj» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шокиржон Алихонов ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда одил судлов таъминланаётганига ишонч ҳосил қилди.
Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, Ш. Алихонов умумбелгиланган солиқларни тўлашдан қочиш мақсадида жамият ишчилари сонини сунъий равишда камайтириб кўрсатган.
Аниқланишича, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 августдаги «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида микрофирмалар ва кичик корхоналар ходимлари сони мезонлари белгиланган. Унга биноан, ходимларининг ўртача йиллик сони 21 нафардан 50 нафаргача бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини амалга оширади.
Шу боис масъулияти чекланган жамият раҳбари, аввало, ўзининг ўринбосари З. Турдиқулов таъсисчилигида «Dolina energo stroy montaj» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган. Сўнг ўз ишчиларидан 22 нафарини 2016 йил ноябрь ойида, 11 нафарини эса, 2017 йил январь ойида ишдан бўшатиб, «Dolina energo stroy montaj» масъулияти чекланган жамиятига ишга қабул қилган. Натижада ходимлар сони 50 нафардан камайиб, 2017 йилнинг июль ойидан бошлаб, ҳар иккала масъулияти чекланган жамияти ягона солиқ тўловини тўлашга ўтган. Бироқ ушбу жамиятлардаги ўртача йиллик ишчилар сони 2017 йил якунида 72,5 нафар, 2018 йил 9 ойида эса, 59 нафарни ташкил этган. Бинобарин, Фарғона шаҳар прокуратурасининг тегишли қарорига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан «Farg’ona maxsus energo montaj» масъулияти чекланган жамиятида солиқ текшируви ўтказилган. Текшириш ҳужжатларида Ш. Алихонов юқоридаги ўз иш режаси асосида жуда кўп миқдордаги жами 481 495 600 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлиги акс эттирилган. Окибатда у Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, ҳар иккала масъулияти чекланган жамият ўртасидаги муносабатлар 2017 йил 4 январдаги 1/С-сонли пудрат ва 2018 йил 4 январдаги 01-01/18-сонли субпудрат фуқаролик ҳуқуқий шартномалар асосида амалга оширилган. Шундай экан, текширишда ушбу жамиятларнинг йиллик ишчилар сони ўртача 2017 йилда 72,5 нафар ва 2018 йил 9 ойида 59 нафарни ташкил этган, «Farg’ona maxsus energo montaj» масъулияти чекланган жамияти айбловда кўрсатилган 481 495 600 сўм умумбелгиланган солиқни тўлаши кераклиги кўрсатилган бўлса-да, бу хулоса на илмий, на ҳуқуқий асосга эга. Қолаверса, Фарғона шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан «Farg’ona maxsus energo montaj» масъулияти чекланган жамиятида 2016-2017-2018 йиллар давомида Меҳнат кодекси талабларига амал қилиниши юзасидан ўтказилган текширишда ишдан бўшатиш ва ишга қабул қилиш борасидаги буйруқларни расмийлаштиришда камчиликлар аниқланмаган.
Қолаверса, Фарғона тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳар икки жамиятдаги ишчи-ходимлар сони Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 августда қабул қилинган «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 275-сонли қарорига мувофиқлигини тасдиқлаган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Андижон вилояти бўлимининг 2020 йил 21 февралдаги 21-02/206-сонли суд бухгалтерия экспертизаси хулосасига асосан эса, юқоридаги ҳисобланган қўшимча солиқ ва мажбурий ажратмаларни услубий жиҳатдан асосли деб бўлмайди.
Олий суд Пленумининг 2013 йил 31 майдаги «Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарори 16-бандида судлар солиқларни тўлашдан бўйин товлашга оид ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан жиноят-процессуал қонунининг далиллар мақбуллигини тартибга солувчи нормаларига риоя этилганлигини синчковлик билан аниқлашлари шартлиги, далилларни тўплаш учун белгиланган тартибни бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа маълумотлар шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши, 464-моддасида эса, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд судланувчини оқлаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди ўзининг 2020 йил 25 февралдаги ҳукми билан Шокиржон Алихоновни айбсиз деб топиб, оқлади.
Айтиш керакки, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар келгуси йил бошидан — 2021 йил 1 январдан бошлаб рўёбга чиққач, ислоҳотлар самараси янада яққолроқ — деярли ҳар бир жиноят иши материалларида ўз ифодасини топиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, мазкур тарихий ҳужжат юртимизда қонун устуворлигини, одил судловни таъминлаш борасидаги эзгу ишларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб қолади.
Фаррух АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона тумани судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш