ФУҚАРОЛИК СУДЛАРИДА ДАВЛАТ БОЖИНИ УНДИРИШ
Давлат божларини ундириш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш соҳасида сўнгги пайтларда бир қанча ўзгаришлар содир бўлди.
Аввал давлат божини ундириш масаласи Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори ҳамда бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган.
2020 йил 6 январда давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун нафақат суд ишларини юритишда, балки нотариал ҳаракатларни амалга оширишда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда ва бошқа соҳаларда давлат божини ундириш масаласини тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
Энди давлат божини ундириш масаласини фуқаролик судлари мисолида кўриб ўтсак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 127-моддасига кўра, фуқаролик судларида суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.
Қонуннинг 5-моддасида фуқаролик судларида давлат божи ундириш объектлари рўйхати келтириб ўтилган.
Унга кўра, судларга бериладиган даъво аризаларидан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалардан, алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан, судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган шикоятлардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ёки мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан, мазкур ишлар юзасидан қабул қилинган суд ажримлари устидан бериладиган шикоятлардан, чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалар ва мазкур ишлар юзасидан қабул қилинган суд ажримлари устидан бериладиган шикоятлардан, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи ундирилади.
Қонуннинг 7-моддасига кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланади.
Шу билан бирга, 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 январдаги «2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2282-сонли қарорини (ушбу қарор билан айрим тоифадаги ишлар бўйича «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси МЧЖ ва иштирок этувчи тижорат банклари давлат божи тўловидан озод қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 316-моддасини (фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмаслиги қайд этилган) мисол сифатида келтириш мумкин.
Фуқаролик ишларини судларда кўришда, даъво баҳоси чет эл валютасида кўрсатилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 14-сонли қарорининг 5-бандига кўра, давлат божи чет эл валютасида ундириб келинган.
Эндиликда, Қонуннинг 17-моддаси билан даъво қиймати чет эл валютасида белгиланса, давлат божининг миқдори ҳаракатлар амалга оширилган санада Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада ундирилиши қайд этилди.
Судлар томонидан давлат божи миқдорини аниқлашда, Қонуннинг 19-моддасида қайд этилган, судларда давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Ушбу ҳолатларнинг айримларига тўхталиб ўтсак.
Ишдан дастлабки даъвогар чиқиб кетган ва у ҳуқуқий ворис билан алмаштирилган ҳолларда, давлат божи, агар у дастлабки даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ҳуқуқий ворисдан ундирилади.
Агар ишни муҳокамага тайёрлаш кунида даъвогар алиментларни ундириш тўғрисидаги ишни тугатиш ҳақида ариза берган бўлса, бундай ҳолларда жавобгардан давлат божи ундирилмайди.
Даъво биргаликда бир нечта даъвогар томонидан бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда, давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади.
Даъво аризасини қайтаришга асос бўлган шароитлар бартараф этилганидан сўнг такроран бериладиган даъво аризаларига давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги дастлабки ҳужжат илова қилиниши мумкин.
Амалиётда учраётган яна бир мисол, меросхўрлар ўртасида меросни тақсимлаш тўғрисида иш кўрилиб, даъво талаби қаноатлантирилганда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 138-моддаси талабидан келиб чиқиб, жавобгардан даъвогар фойдасига суд харажатлари ундириб берилади.
Ушбу ҳолатда, суд харажатларини тақсимлашда меросхўрларнинг улушлари инобатга олиниши лозим.
Қонун 19-моддасининг ўн еттинчи қисмига кўра, суд мол-мулкни мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган тақдирда, давлат божи мол-мулкнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда суд томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ҳар бир меросхўрдан унинг улушига мутаносиб равишда ундирилади.
Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги, мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги, мол-мулкдаги улушга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш тўғрисидаги, умумий мол-мулкдан улуш ажратиш ҳақидаги ва меросхўрларнинг ўзларига тегишли мол-мулк улушини талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво аризалари учун давлат божи ушбу мол-мулк ёки унинг улуши қийматидан келиб чиққан ҳолда тўланиши лозим.
Саидазиз АКБАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона вилоят суди судьяси
Фикр қолдириш