АДОЛАТ МЕЗОНИ ҒАЙРИҚОНУНИЙ БУЙРУҚНИНГ БЕКОР ҚИЛИНИШИ БИЛАН ҚАРОР ТОПДИ
Гулнора Алижонова (исм-шарифлар ўзгартирилди) олий маълумотли, тўрт йиллик иш стажига эга банк ходимаси эди. Агробанкнинг Пахтачи туман филиалида биринчи тоифали мутахассис лавозимида фаолият юритиб келаётган Г. Алижонова банкнинг таркибий тузилмаларига ўзгартиш киритилаётганидан хабардор эди.
Қолаверса, банк маъмурияти томонидан унга икки ой олдин огоҳлантириш хати ҳам берилганди.
Аммо кутилмаганда вазият бутунлай ўзгариб кетди. Аниқроқ айтганда, Г. Алижоновага айнан унинг иш ўрни қисқартирилгани айтилмасдан компьютер тизими ўчириб қўйилади. Шундан сўнг у ўзининг ишдан бўшатилганини англаб етади.
Аслида, банкда янги иш ўринлари яратилганди. Энг қизиғи, бу янги иш ўринларига ўрта махсус маълумотли, меҳнат стажига эга бўлмаган ходимлар доимий ишга қабул қилинади.
Тажрибали, олий маълумотли мутахассис Г. Алижоновага эса, бошқа иш таклиф қилинмайди. Бунинг устига Агробанкнинг туман филиали томонидан 2019 йил 28 октябрь санасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида 29-сонли буйруқ чиқариладики, охир-оқибат Г. Алижонова ишдан бўшатилади.
Албатта, бундай вазиятда ҳамманинг ҳам кўнгли ранжийди, Г. Алижонова ҳам шундай ҳолатни бошдан кечирди. Афсусланарли томони шундаки, у маълумоти олий бўлишига қарамасдан ишдан бўшатилгани, янги иш ўринларига ўрта махсус маълумотли, меҳнат стажига эга бўлмаган ходимлар ишга олингани, иш ўрни қисқарган бўлса-да, бошқа иш таклиф этилмагани, қарамоғида уч ёшга тўлмаган фарзанди борлигию иқтисодий аҳволи оғир эканлиги инобатга олинмагани эди. Бир сўз билан айтганда, Г. Алижоновага нисбатан адолатсиз йўл тутилган эди.
У шу ҳақда ўйлаб, кўнгли қаттиқ ранжиди ва адолатни тиклаш мақсадида, судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъво аризасида Агробанкнинг Пахтачи туман филиалининг 2019 йил 28 октябрдаги 29-сонли буйруғини ноқонуний деб топиш, банк филиалига ўз лавозимига тенг лавозим билан ишга тиклаш, мажбурий бўш юрган кунлари учун иш ҳақи ва 2 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириш сўралганди.
Г. Алижонованинг даъво аризасини батафсил кўриб чиққан суд уни қаноатлантиришни лозим топди. Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгар Агробанк туман филиалининг 29-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилди. Аввалги иш ўрни қисқарганлиги сабабли даъвогарни шу иш ўрнига тенг ишга тиклаш, бўш юрган кунлари — 2019 йил 28 октябрдан — 2020 йил 28 январгача иш ҳақи ҳамда етказилган 2 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундирилди.
Ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш қисмлари дарҳол ижрога қаратилди.
Биз бу воқеани келтириш билан жавобгарнинг обрўсига соя ташлаш фикридан йироқмиз. Мақсад: келгусида қаердадир худди шу сингари меҳнат қонунчилиги талаблари тағин бузилмаслиги, яна кимдир асоссиз равишда ишдан бўшаб қолмаслигининг олдини олишдир.
Энди даъвогар Г. Алижонова даъво аризаси қаноатлантирилишининг қонуний асосларига эътибор қаратамиз.
Г. Алижонова банк филиали билан 2015 йил 28 декабрда тузилган меҳнат шартномасига асосан ишга қабул қилинган. 2019 йил 18 апрелдаги 14-сонли буйруқ билан у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва «Султонобод 1» минибанки 1-тоифали мутахассиси лавозимига ўтказилиб, 2015 йил 28 декабрдаги 61-сонли меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритилган.
Мазкур фуқаролик ишида банк филиалининг 2019 йил 26 августдаги ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш хати мавжуд. Ушбу хат банк бошқарувининг «Банкнинг таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш тўғрисида» ҳамда ¤збекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги 5780-сонли Фармонига асосан, банкка юклатилган вазифалар ижросини ташкил этиш тўғрисида 2019 йил 16 августда чиқарилган қарорларига мувофиқ ёзилган. Бу ҳужжатларга кўра, банкнинг таркибий тузилмаларига ўзгартишлар киритилгани ҳамда «Султонобод 1» минибанки 1-тоифали мутахассиси штати ва лавозими ёпилаётгани сабабли даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан икки ойдан кейин бекор қилиниши қайд этилган.
Ўша 2019 йил 28 октябрда банк филиалида лавозими қисқартирилаётган ходимларни янги ишга таклиф этишга бағишланган йиғилиш ўтказилган.
Йиғилиш қарорида ҳам Г. Алижонова билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан меҳнат шартномаси бекор қилиниши назарда тутилган. Шунингдек, фуқаролик ишида низога сабаб 29-сонли буйруқдан кўчирма мавжуд. Кўчирмада Г. Алижонова билан тузилган 32-сонли меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан, бекор қилиниб, охирги ҳисоб-китобни амалга ошириш лозимлиги кўрсатилган.
Шу ўринда Фуқаролик кодексининг 39-моддасига тўхталиш лозим.
Чунки ушбу моддада ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ана шу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажарадиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланиши қатъий белгиланган. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлиши керак.
Жавобгар банк филиали томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 29-сонли буйруқда вилоят Агробанк касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги ҳақида ҳужжат баён этилган. Бироқ касаба уюшмаси розилиги олингани ҳақидаги ҳужжатларни жавобгар судга тақдим қилмаган.
Бундан ташқари жавобгар томонидан судга йиғилиш баённомаси нусхаси тақдим этилган. Унда жавобгар даъвогарни уч ёшга тўлмаган боласи борлиги ва маълумоти олий эканлиги инобатга олиниб, бошқа иш таклиф этилгани ёзилган. Аммо даъвогарнинг бу баённомадан хабари йўқ. Шу боис, у йиғилиш баённомаси билан танишганини тасдиқловчи имзо қўймаган.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 101-моддасига асосан жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб, бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Ушбу кодекснинг 103-моддасида эса, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилиши белгилаб қўйилган.
Юқоридаги қонун талабларига риоя этилмаганлиги даъвогар Г. Алижонованинг ҳуқуқлари жиддий бузилишига сабаб бўлган. Суд Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра, иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклади. Қисқаси, судда низо адолатли ечим топди. ўайриқонуний буйруқ суд тартибида бекор қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки Конституциямизда фуқароларнинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари қатъий кафолатлаб қўйилган.
Фуқароларнинг Бош Қомусимиздаги меҳнат билан боғлиқ ана шу ҳуқуқлари амалдаги Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларда ҳам ўз ифодасини топган. Мазкур қонунларда ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш, қўшимча ҳақ тўлаш, меҳнатни рағбатлантириш мезонлари аниқ белгиланган.
Бундан ташқари иш берувчи билан ходим ўртасида юзага келадиган ҳар қандай меҳнатга оид низолар ходимларнинг вакиллик органи — касаба уюшмалари ёхуд фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади ва қонун доирасида ҳал этилади.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва одил судловга эришиш юзасидан судларга батафсил раҳбарий тушунтириш берилган.
Буларни алоҳида таъкидлаётганимиз бежизга эмас. Боиси, юқорида тилга олинган қонунлар ва Олий суд Пленумининг қарори судларда кўрилаётган меҳнат низолари билан боғлиқ ишларнинг адолатли ҳал этилиши ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилинишида мустаҳкам асос ва ҳуқуқий манбаа вазифасини ўтамоқда.
Камол НОМОЗОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро судининг раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш