АСОССИЗ АРИЗА ОЛИЙ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ
Бу дунёда ҳамманинг ҳам умр йўли рисоладагидек равон кечмайди. Оиладаги носоғлом муҳит ёки эр-хотиннинг феъл-атворидан келиб чиқиб, баъзан оилавий ажримлар ҳам юз беради. Бунинг оқибатида юзага келадиган алимент ундириш билан боғлиқ низолар, асосан, судда қонуний ечимини топади.
Албатта, алимент тўлаш, яъни вояга етмаган фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашдек конституциявий бурчини бажаришга масъулиятсизлик билан қарайдиган кишилар ҳам учраб туради. Шу боис, кўпинча ундирувчилар фарзанди учун собиқ турмуш ўртоғидан белгиланган алимент пулини ўз вақтида ололмай сарсон бўлади.
Аммо Наманган шаҳрида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилган) Манзура Ёрматова билан боғлиқ ҳолатда бунинг акси кузатилди.
Гап шундаки, Манзура бундан бир неча йил муқаддам Баҳром Калонов билан турмуш қуради. Натижада оилада бирин-кетин 2 нафар фарзанд дунёга келади.
Бироқ кейинчалик эр-хотиннинг ўртасига совуқчилик тушиб, оиладан файзу барака кўтарилади. Бу хонадондан кунда-кунора жанжал, майда-чуйда гап-сўзлар ва асаббузарликлар аримай қолади.
Охир-оқибат уларнинг никоҳи қонуний тартибда бекор қилинади. Бинобарин, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини яхши билган М. Ёрматова алимент ундириш юзасидан судга мурожаат қилади.
Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2004 йил 2 июндаги суд буйруғи билан қарздор Б. Калоновдан унинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади.
Шундан сўнг ота бўлмиш зиммасидаги мажбуриятни йиллар мобайнида бажариб келган. Лекин кейинчалик хорижий давлатга ишлашга кетганлиги сабабли 2018 йил 5 январь ҳолатига кўра, у алиментдан 10 008 075 сўм миқдорида қарздор бўлиб қолади. Бироқ хориждан қайтгач, Баҳром қарзини тўлиқ тўлайди. Бу ҳақда 2018 йил 11 октябрь куни Манзура тилхат ҳам ёзиб, алимент пулларини нақд олгани ва давлат ижрочисига нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилади. Шу боис 2018 йил 12 октябрда давлат ижрочиси унинг розилиги асосида ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Негаки, бу пайтда М. Ёрматованинг фарзандлари вояга етиб, алимент ундириш ёшидан ўтганди. Аммо 2019 йил апрель ойида М. Ёрматова собиқ эрининг алиментдан қарздорлиги нотўғри ҳисобланганини билдириб, яна давлат ижрочисига мурожаат қилади. Ижрочи томонидан қайта ҳисоб-китоб қилинганда, ҳақиқатан ҳам, 2018 йил 5 январ ҳолатига кўра, Баҳром Калоновнинг алиментдан 7 623 747 сўм қарзи борлиги маълум бўлади. Натижада Б. Калонов ушбу қарзини ҳам ўз вақтида тўлаб беради.
Бинобарин, Манзура ўзининг 2019 йил 18 апрелда ёзган тилхатида ҳам қарздор Б. Калоновдан қайта ҳисоб-китоб қилинган 7 623 747 сўм алимент пулини нақд санаб олгани ва давлат ижрочисига нисбатан бирор-бир эътирози йўқлигини билдиради. Бироқ орадан 2 ой ўтгач, 2019 йил 24 июнда у Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлимига қайтадан мурожаат қилиб, қарздордан алиментларни кечиктирган ҳар бир куни учун неустойка ундириб беришни сўрайди. Мажбурий ижро бўлими Б. Калоновдан алимент ундириш бўйича ижро иши юритиш тамомлангани сабабли неустойка ундириш рад этилгани, ундирувчи бу хусусида тегишли судга мурожаат қилишини маълум қилади. М. Ёрматова давлат ижрочисининг ушбу жавобидан норози бўлади ва шунинг учун у Уйчи туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топишни ҳамда давлат ижрочиси зиммасига алимент кечиктирилган ҳар бир кун учун неустойка ҳисоблаб, ундириш мажбуриятини юклашни сўрайди. Суднинг 2019 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори билан эса, унинг аризаси тўлиқ қаноатлантирилади. Наманган вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 12 декабрдаги қарорига биноан, ушбу ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилади.
Баҳром Калонов Олий судга ёзган назорат тартибидаги шикоят аризасида суд қарорларини бекор қилиб, иш бўйича аризани рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, назорат тартибидаги ушбу иш видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилди. Гарчи Олий суд Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги «Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 13-бандида неустойка тўлаш мажбурияти (Оила кодексининг 142-моддаси иккинчи қисми) алимент агар суд ҳужжатига асосан ундирилган бўлса, вужудга келиши, алимент ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати ижроси жараёнида алимент бўйича қарз вужудга келиши сабабли неустойка миқдорини ҳисоблаш ва ундириш давлат ижрочилари томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, Уйчи туман ва Наманган вилоят маъмурий суди ушбу иш бўйича давлат ижрочисининг 2018 йил 12 октябрдаги қарори билан иш юритиш тамомланганини эътибордан четда қолдирган. Негаки, давлат ижрочисининг ушбу қарори ҳозирги кунда қонуний кучда. Яъни ижро иши 2018 йил 12 октябрда тугаллангани ҳолда 2019 йил июнь ойида — давлат ижрочисининг иш юритувида бўлмаган вақтда М. Ёрматованинг неустойка ҳисоблаш ва ундириш юзасидан қилган мурожаати қонуний ҳисобланмайди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига кўра, суд агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганини аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Ушбу кодекснинг 264-моддасига мувофиқ эса, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни ёки ажримни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Бинобарин, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Уйчи туман маъмурий судининг 2019 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори ҳамда Наманган вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 12 декабрдаги қарорини бекор қилди.
Шунингдек, янги ҳал қилув қарори билан аризачи Манзура Ёрматованинг жавобгар Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлимига нисбатан мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ва неустойка ҳисоблаб, ундириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси рад этилди. Қолаверса, М. Ёрматовадан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳам ундирилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Тўғри, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш ота-онанинг конституциявий бурчи саналади. Лекин фарзанд вояга етгач, бу вазифа ота-она зиммасидан соқит бўлади. Шундай экан, М. Ёрматованинг асоссизлиги боис рад этилган талаби бошқа ундирувчиларга сабоқ бўлиши шарт.
Луқмон ҚОДИРОВ,
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш