ЖАЗО ЎТАЁТГАН СУДЛАНУВЧИ ТАКРОР ВА ТАКРОР ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Маълумки, ҳаётда содир этиладиган жиноий қилмишларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш моҳият-эътибори билан маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олишга хизмат қилади. Аммо кундалик турмушимизда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар қилмишлари учун тайинланган жазодан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига ҳам келтирмайди, аксинча, яна жиноий қилмишларга қўл уради.

Фарғона шаҳрида яшовчи, йигирма тўққиз ёшли Муножат Маъмурова ҳам ана шундай жиноятдан тийилмаган ҳамюртларимиздан биридир. Бундай дейишимизнинг сабаби бор, албатта. 2015 йил бошидан то бугунга қадар 7 маротаба судланишга «улгурган» бу синглимиз фирибгарлик қилмишининг роса ҳадисини олган десак, хато бўл­майди. Энг ачинарлиси шундаки, М. Маъмурова жорий йилнинг ўзида, аниқроғи, йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида бир эмас, нақ 3 маротаба айнан фирибгарлиги учун қонуний жазога тортилди. Бошқача айтганда, бу борада «рекорд» ўрнатди дейиш ҳам мумкин.

Аслида М. Маъмурова Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмида назарда тутилган товламачилик жиноятини содир этгани боис жиноят ишлари бў­йича Фарғона шаҳар судининг 2018 йил 21 декабрдаги ҳукмига биноан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини ўтаётганди. Бироқ кейинчалик унинг аввал содир этган фирибгарлик қилмишлари ҳам фош бўлди. Қолаверса, 2019 йил мобайнида яна такрор ва такрор фирибгарликка қўл урган экан.

Ўшанда 2018 йил июль ойининг охирлари эди. М. Маъмурова Хитой давлатидан турли товарларни олиб келиб сотувчи Саида Амирова (жабрланувчиларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган) билан танишиб қолади. Шундан сўнг у Саидадан насияга маҳсулот олиб, сота бошлайди.

— Хўжайиним вилоят прокуратурасида ишлайди, обрўли инсоннинг аёлиман. Шу­нинг учун сизни ҳеч қачон алдамайман, — дея М. Маъмурова уни ишонтиради.

Бинобарин, С. Амирова даст­лаб М. Маъмуровага 24 000 000 сўмлик товарларни бериб, ён дафтарига ёзиб қўяди. Ўз навбатида, М. Маъмурова товарларни сотиб, пулини келтириб беради. Ма­на шу тариқа у секин-аста унинг ишончига кириб олади. Шу боис Саида Амирова ҳам унга янада кўпроқ маҳсулот бера бошлайди. Қарабсизки, 2018 йил сентябрь ойига қадар М. Маъмурова унинг 120 000 000 сўмлик чойшаб, турли хил кўрпа-тўшак, одеял­, ёпинчиқ ва ёстиқлари ҳамда 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги тилло буюмларини олиб кетади. Лекин айни товарларни терговда шахси аниқланмаган харидорларга сотиб, пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Ҳақдор пулларини сў­раганда эса, турли баҳоналарни рўкач қи­либ, алдаб, вақтни чўзиб юраверади.

Фарғона шаҳрида жойлашган «Барака» савдо мажмуаси раҳбари Низомиддин Шаҳобиддинов 2019 йил июнь ойида М. Маъмурова билан танишган пайтида кўп ўтмай шу аёл ўзини чув тушириб кетишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

— Мен ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланаман. Агар товар бериб турсангиз, бош­қа дўконларга тарқатиб, ўз фойдамни ҳам чиқарардим, пулингизни ҳам қайтариб берардим, — дейди Муножат дастлабки танишувдан сўнг.

Шунга кўра, Н. Шаҳобиддиновнинг буйруғи билан иш юритувчиси Роҳатали Миртожиев М. Маъмуровага 5 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини насияга бериб юборади. М. Маъмурова Н. Шаҳобиддиновга сотилган маҳсулотларнинг пулини тез орада келтириб беради. Албатта, бу ҳаракати билан у тадбиркорнинг ишончига сазовор бўлади. Кейин эса, асл мақсадига ўтади. Яъни М. Маъмурова Низомиддин Шаҳобиддиновдан Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи таниши Ғолибжон Тошматовдан шакар олиб беришни илтимос қилади. Ўз нав­батида, таниши ўртага тушгани боис Ғ. Тошматов ҳам 2019 йил июнь-июль ойларида жами 61 320 000 сўмлик колбаса, шакар, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини М. Маъмуровага насияга бериб юборади. Фақатгина қарз­ни Н. Шаҳобиддиновнинг номига ёзиб қўяди. Буни яхши билган «қаҳрамон»имиз эса, маҳсулотларни нотаниш кимсаларга пуллайди-ю, қарзини қайтаришни «унутиб» қўяди. Шу билан бирга, Н. Шаҳобиддиновни ҳам, ўолибжонни ҳам такрор-такрор алдашдан чарчамайди.

Буни қарангки, 2019 йил сентябрь-октябрь ойларида М. Маъмурова Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозорида жойлашган 74-сонли савдо дўкони эгаси Л. Сафоқуловани ҳам фирибгарона лақиллатади. Бу икки аёлни эса, ана шу бозорда савдо қилувчи тадбиркор Юсуфжон Ҳа­санов таништириб қўяди.

— Ўзим «Ягона Бибисора» хусусий корхонаси раҳбариман, — дея М. Маъмурова тап тортмай ёлғон гапиради. — Мен билан ишласангиз, сира кам бўлмайсиз. Товарларингизни сотиб, пулингизни тезроқ айлантирасиз.

У шундай деб, 2019 йил сентябрь ойида Ю. Ҳасанов орқа­ли Лазизанинг 20 960 000 сўмлик товарини терговда аниқланмаган йў­ловчи «Da­mas» автомашинасига юклаб олиб кетадию, аммо пулини бермайди.

— Онам вафот этиб қолдилар. Шунинг учун аввалги товарингизни вақтида сотолмадим. Агар яна товар бериб турсанглар, иккаласининг пулини бирга қайтарардим, — дея у Юсуф ака билан Лазизани аврайди.

Бинобарин, Л. Сафоқулова 2019 йил 23 октябрь куни яна 25 696 000 сўмлик товарни унга ишониб топширади. Аниқроғи, Ю. Ҳасанов ўзи фойдаланаётган ва таниши Фурқатжон Илҳомовнинг «Damas» автомашиналарга товарни ортиб, М. Маъмурова айтган манзил — Қува тумани Толмозор маҳалласидаги рақамсиз уйга олиб келиб беради. М. Маъмурова эса, товарни аввал Ҳанифа Икромовага сотади. Бироқ эртаси куни товарни ундан қайтариб олади-да, номаълум шахсларга сотиб, пулини ўз эҳтиёжларига сарфлайди.

Албатта, номлари тилга олинган жабрланувчилар тоқати тоқ бўлиб, охир-оқибат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишади.

Пировардида, М. Маъмуровага нисбатан уччала жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан 2 та ва кодекснинг 168-моддаси 4-қисми «а»-банди билан жиноят ишлари қўзғатилади. Сўнгра у жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 14 январдаги, жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 2020 йил 26 февралдаги ва жиноят ишлари бўйича Фар­ғона шаҳар судининг 2020 йил 13 майдаги ҳукмлари билан қонуний жазоларга тортилди. Охирги ҳукмга биноан айбдорга Жиноят кодексининг 57 ва 59-моддалари тартибида илгариги жазоларини ҳам қў­шиб, узил-кесил ўташ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари — 15 204 750 сўм миқдорида жарима ҳамда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси та­йинланди.

Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси 1-қисмига биноан, судья озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан ҳукм ижросини маҳкум жазони ўташига монелик қиладиган даражада оғир касал бўлиб қолганида — у соғайгунча, ҳукм­ни ижро этиш пайтигача маҳкума ҳомиладор бўлиб қолса — бир йилдан ошиқ бўлмаган муддатга, маҳкуманинг ёш боласи бўлса — у уч ёшга тўлгунга қадар, жазони дарҳол ўташни бошлаш ёнғин ёки бошқа бирор табиий офат юз берганлиги, ои­ланинг меҳнатга яроқли ягона аъзоси оғир касал бўлиб қолганлиги, вафот этганлиги оқибатида ёки бош­қа фавқулодда ҳолатлар маҳкум ёки унинг оиласини жуда мушкул аҳволга солиб қў­йиши мумкин бўлса — уч ойдан ошмаган муддатга кечиктириши мумкин.

Бинобарин, М. Маъмурованинг озодликдан маҳрум этиш жазоси 2018 йил 19 апрелда туғилган фарзанди Маъмурова Бибисора Бобурмирзо қизи 3 ёшга тўлгунга қадар — 2021 йил 19 апрелгача кечиктирилди.

Суд мажлисига қадар М. Маъмурова жабрланувчи Низомиддин Шаҳобиддиновга етказилган зарарни тўлиқ, Саи­да Амировага етказилган зарарни эса, қисман қоплади. Шу боис, суд ҳукмларида С. Амировага етказилганидан қолган 97 521 753 сўм, жабрланувчи Лазиза Сафоқуловага етказилган 46 656 000 сўм моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тўғри, судланувчи белгиланган муддатда қонуний жазосини ўтаб чиқади. Бироқ авжи фарзандини тарбиялаб, унга оналик меҳрини берадиган даврда озодликдан маҳрум этишили афсусланарли. Бу ҳолат эса, Бибисоранинг беғубор қалбини жароҳатламаслигига ким кафолат бера олади? Ваҳоланки, ҳаётда инсон учун онадан меҳрибон ва жонкуярроқ зот бўлмаса керак.

Ажабмас, энди М. Маъмурова ўтган «сермазмун» қисматидан тегишли хулоса чиқариб олса.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Зафаржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: