АДОЛАТ ТАНТАНАСИ ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИ ВА АЖРИМЛАРИДА ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛМОҚДА
Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейди доно халқимиз. Кундалик ҳаётимизда бунга мисоллар жуда кўп. Айниқса, муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг йиллар ўтиб, оқланаётгани ана шу синмас ҳақиқатнинг ёки беқиёс адолатнинг чинакам тантанасидир.
Шу маънода айтганда, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судлари томонидан 2020 йилнинг биринчи ярми мобайнида 5 нафар шахс оқланди. Натижада уларнинг элу юрт, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ва ёру биродарлари орасида юзи ёруғ бўлди. Оила аъзоларининг эса, амалдаги қонунларимизга ишончи, Ватанга садоқати, меҳру муҳаббати янада ортгани шубҳасиз.
Масалан, Наманган вилоят божхона бошқармасининг «Нанай» божхона пости инспектори вазифасида ишлаган Анварбек Азизов ҳам ўз вақтида ноҳақликдан азият чеккан ҳамюртларимиздан биридир. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2010 йил 29 сентябрдаги ҳукмида қайд этилишича, А. Азизов «Нанай» божхона пости инспектори, яъни масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда 2010 йил 10 март куни Ю. Эминжонов томонидан Қирғизистон Республикаси Ахси тумани Караван шаҳарчасидаги бозордан сотиб олинган ва «Ахси-Мамай» айланма йўллари орқали божхона назоратини четлаб олиб ўтилган 12 тонна уруғлик картошкани қонуний расмийлаштирмаслик эвазига ундан 100 000 сўм пора олган.
Шунингдек, А. Азизов 2010 йил 15 март куни мунтазам равишда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи Ж. Жўраевнинг 10 тонна пиёз ва турп маҳсулотларини Қирғизистон Республикаси Ахси тумани Подшо-ота қишлоғига божхона назоратини четлаб олиб чиқиб кетишини аниқ била туриб, ушлаш чораларини кўрмаган, ундан 200 000 сўмни пора тариқасида олган.
Орадан 20 кун ўтгач, 2010 йил 5 апрель куни эса, Ж. Жўраев билан 19 тонна лавлаги ва пиёзни Қирғизистон Республикасига божхона назоратини четлаб олиб чиқиб кетиш ҳақида жиноий тил бириктириб, яна 200 000 сўм пора олган.
Бундан ташқари суд ҳукмида А. Азизовнинг 2010 йил 10 апрель куни ҳам пора олганлиги қайд этилган. Аниқроғи, шу куни Янгиқўрғон тумани марказида Ж. Жўраев бошқарувидаги 7 тонна турп юкланган «КамАЗ» автомашинаси тегишли идора ходимлари томонидан ушланади. Сўнг улар маҳсулотни Қирғизистон Республикасига олиб чиқиб кетишнинг олдини олиш мақсадида, А. Азизов ва божхона пости бошлиғи Р. Мамажоновга фуқаро Б. Ҳакимовнинг яшаш хонадонига олиб бориб тушириш ҳақида буйруқ беришади. Бироқ А. Азизов турп маҳсулотини Қирғизистон Республикасига олиб чиқиб кетишга ўзи ёрдам бериши ҳамда бу ҳолатни расмийлаштирмаслик эвазига хонадон соҳибидан 100 000 сўм олган. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд эса, уни Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а”, “г”-бандлари, 210-моддаси 3-қисми «б»-банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 45 ва 59-моддаси тартибида 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан ҳамда 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этган.
Шундан сўнг А. Азизов 3 йилу 3 ой мобайнида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. Кейин эса, қолган жазо муддати ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган.
Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар собиқ божхона инспекторига ҳам катта умид бағишлади. Бинобарин, у ўзининг айбсизлигини тасдиқловчи бир қатор важларни келтириб, кассация шикоятини берди ҳамда оқлов ажрими чиқаришни сўради.
Буни қарангки, кассация суди мажлисида гувоҳлик берган Ю. Эминжонов ва Б. Ҳакимов А. Азизовга 100 000 сўм беришгани ҳақидаги кўрсатма ёлғон эканлиги, ўша пайтда тергов ҳибсхонасида адвокат иштирокисиз бу кўрсатмани тазйиқ остида беришганини маълум қилишди. Қолаверса, «Нанай» божхона пости бошлиғи вазифасида ишлаган гувоҳ Р. Мамажонов 2010 йил 10 апрель куни А. Азизов «КамАЗ» автомашинасига юкланган 7 тонна турп маҳсулотини Б. Ҳакимовнинг уйига туширтириб, хабар бергани, кейин унинг ўзи бу ҳақда тегишли идора ходимларига ахборот берганини қайд этиб кўрсатма берди.
Кўриниб турибдики, жиноят ишида гувоҳ Ю. Эминжонов ва ушбу иш бўйича судланган Б. Ҳакимовнинг тазйиқ остида берган кўрсатмаларидан ташқари А. Азизовнинг пора олганлигини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас. Шундай экан, А. Азизов божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ва пора олганлигига оид бирор-бир далил тўпланмай асоссиз айбланган.
Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасига мувофиқ, жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, суд оқлов ҳукми чиқаради. Кодекснинг 493-моддасида эса, жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб, суд ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек, биринчи инстанция судида кўриб чиқилган далиллар судланувчини айбдор деб топиш учун етарли бўлмаса ва қўшимча далиллар тўплаш имконияти қолмаган бўлса, айблов ҳукмини бекор қилиши ва жиноят ишини тугатиши назарда тутилган.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги (А. Азизовга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган пайтда амалда бўлган) «Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонун нормаларини қўлланилишининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 3-бандида кўрсатмаларнинг, шу жумладан, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатмаларнинг қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар орқали олиниши, маълумотлар тергов ва суд ҳаракати ўтказилмасдан ёки қонунда назарда тутилмаган манбадан, масалан, жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тезкор-қидирув тадбирлари вақтида олинган бўлса, далилларнинг номақбул деб топилишига олиб келиши, Жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилган тарзда олинган бошқа ҳолларда ҳам, далиллар номақбул деб топилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди юқорида қайд этилган асосларга таянган ҳолда ўзининг 2020 йил 18 февралдаги ажрими билан суднинг 2010 йил 29 сентябрдаги ҳукмининг А. Азизовга оид қисмини бекор қилиб, унинг ҳаракатларида жиноий ходиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топди ва оқлади.
Шундан сўнг А. Азизовнинг ҳуқуқлари тикланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги уч ярим йилдан зиёд вақт мобайнида республикамизда 2300 нафарга яқин муқаддам судланган шахслар Президентимизнинг адолатни қарор топтиришга қаратилган оқилона сиёсати туфайли оқланди.
Бу рақамлар ортида неча минглаб, балки миллионлаб ўксик қалбларнинг адолат тантанасига ишончи улғаймоқда. Зеро, донишманд халқимизнинг «Бирники — мингга, мингники — туманга» деган пурмаъно нақлида ҳам ибратга лойиқ воқеликларнинг улуғвор аҳамияти тараннум этилади. Чиндан ҳам, бу ўксик дилларга ёруғлик олиб кирган юксак ижтимоий ҳодисалардир.
Давлатмирза КАМИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Наманган вилояти судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш