ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ НИЗОЛАРНИНГ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТДА ҚОНУНИЙ ВА АДОЛАТЛИ ҲАЛ ЭТИЛИШИГА ЗАМИН ЯРАТАДИ
Мамлакатимиз ҳаётининг ҳар бир соҳасида бўлгани каби тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, юртимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонларидир.
Конституциямизнинг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ушбу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли. Худди шундай ҳуқуқ Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддаси иккинчи қисмида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Иқтисодий процессуал кодексининг 93-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади.
Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Ушбу қоида Фуқаролик процессуал кодекснинг 105-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Даъвони таъминлаш чораларини кўриш суд ҳужжатининг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодий процессуал кодексининг 93-моддаси учинчи қисмида давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кўра, даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланган.
Худди шундай норма Фуқаролик процессуал кодексининг 105-моддаси учинчи қисмида ҳам кўзда тутилган.
Иқтисодий процессуал кодексининг 94-моддасига асосан қуйидагилар, яъни:
жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;
жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш;
мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;
низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида, жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш;
низоли мол-мулкни учинчи шахсга, демакки, сақловчига ўтказиш мумкин.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда ёки ишни юритиш жараёнида берилади. Шунингдек, даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимоснома даъво аризасида ҳам баён этилиши мумкин.
Иқтисодий процессуал кодексининг 96-моддаси биринчи қисмига асосан, даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.
Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июнда қабул қилинган «Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 18-бандида тушунтириш берилган.
Судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш низони биринчи суд муҳокамасида кўрилгунга қадар бартараф этишга катта ёрдам беради. Шу ўринда суд амалиётига мурожаат қилсак.
Даъвогар — масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) жавобгар — акциядорлик жамиятига (АЖ) нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ундан маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан, 33 000 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.
Шунингдек, даъво аризасида даъвони таъминлаш мақсадида жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларини хатлаш чораларини кўриш сўралган.
Суд ажрими билан даъвони таъминлаш чораси кўрилиб, жавобгарга тегишли пул маблағларининг 33 000 000 сўм миқдорига тенг чиқим қисми, яъни бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ҳамда иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ тўловлардан ташқари қисми иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал қилингунга қадар хатлаб қўйилган.
Ажрим нусхаси жавобгарга хизмат кўрсатувчи банкка ижро учун юборилган.
Суднинг ажрими банк томонидан ижро қилиниб, биринчи суд муҳокамасида жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисобига 33 000 000 сўм тўланганлиги ҳамда низо бартараф этилганлиги аниқланган.
Шу сабабли, суд томонидан даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори ҳамда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш тўғрисида ажрим қабул қилинди.
Кези келганда яна шуни айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодексининг 97-моддасига кўра, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади. Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра, амалга оширилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал этилади. Бу масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ёки алмаштиришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши, протест келтирилиши мумкин. Аммо шикоят ё протест берилиши ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра, бекор қилиниши мумкин.
Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини йўқотмайди.
Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.
Шу ўринда судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини қўллаш бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, Олий суд Пленумининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бу, ўз навбатида, судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўришда суд амлиётини бирхиллаштиришга, низоларнинг белгиланган муддатда қонуний ва адолатли ҳал этилишига замин яратади.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даъвони таъминлаш чораларини кўриш тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Мақсудбек Саидов,
Бухоро вилояти иқтисодий судининг раиси
Фикр қолдириш