ТЕРГОВДАГИ ХАТО СУДЛАНУВЧИНИ ЯРАШУВ ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛДИ
Маълумки, Президентимиз томонидан 2020 йил 10 август куни имзоланган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон тергов фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш борасида муҳим қадам бўлди. Негаки, ушбу Фармон билан розилик берилаётган таклифлар, ўрнатилаётган тартиблар мамлакатимизда адолатни қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шунинг учун ҳам, ушбу ҳужжатнинг ҳар бир бандига мувофиқ жорий этиладиган янгиликлар эътирофга молик.
Айтиш керакки, Фармоннинг 3-бандига кўра, розилик берилаётган шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми моддаси ёки шу қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш масаласини олайлик.
Эътироф этиш керак, бу янгилик шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи, яъни айбини бўрттириб, ҳаракатини нотўғри квалификация қилиш натижасида шахсни ярашув ҳуқуқидан маҳрум этувчи ҳолатларга барҳам беради.
Шу ўринда мен фикрларимнинг исботи тариқасида, бир жиноят ишига эътиборингизни қаратмоқчиман. Олтиариқ туманида яшовчи Элмурод Жамолов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йил 1 февраль куни туманнинг Повулғон маҳалласида истиқомат қилувчи таниши Исоқжон Ҳикматов билан учрашиб қолади. Шунда Элмурод Исоқжоннинг айни пайтда 2 500 АҚШ доллари пули борлигини ва шунга автомашина сотиб олиб, қолган пулларни бўлиб-бўлиб тўлаш ниятида эканлигидан хабар топади.
Натижада ўзи ижара шартномаси асосида бошқариб юрган, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Улуғбек Нуриддиновга тегишли «Спарк» русумли автомашина ўзиники эканлигини айтиб, уни алдайди. Яъни «Спарк»ни 6 500 АҚШ долларига сотишини, олдиндан ўша 2 500 АҚШ долларини берса, қолган пулларни автомашинани номига ўтказиб олганидан сўнг бериши мумкинлигини айтади. Соддадил Исоқжон эса, унинг гапига лаққа тушиб, 2 500 АҚШ долларини Элмуроднинг қўлига тутқазади. Бироқ орадан икки ой ўтгач, Э. Жамолов автомашинани вақтинча ҳайдаб туриш баҳонаси билан олиб, У. Нуриддиновга бериб юборади. И. Ҳикматовнинг 2 500 АҚШ доллари (1 АҚШ доллари 8 384,94 х 2 500 = 20 962 350 сўм) миқдоридаги пулларини эса, ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлайди. Бинобарин, унга нисбатан Олтиариқ тумани тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а»-банди билан жиноят иши қўзғатилади.
Лекин ушбу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди тергов органи томонидан судланувчининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а»-банди билан нотўғри квалификация қилинган, деган хулосага келди. Негаки, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а»-бандида фирибгарликни анча миқдорда содир этиш назарда тутилган. Жиноят кодексининг 8-бўлимига биноан эса, анча миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордир. Агар 2019 йил 1 августдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўм қилиб белгиланганини инобатга олсак, шундан буён анча миқдор 22 300 000 сўмдан 66 900 000 сўмгача бўлган қийматни ташкил этади. Аммо 2020 йил бошида ўтказилган тергов жараёнида 2 500 АҚШ доллари (1 АҚШ доллари 8 384,94 сўмга тенг) нинг миллий валютадаги қиймати — 20 962 350 сўм анча миқдорни ташкил қилмаслиги инобатга олинмаган. Шу боис, суднинг 2020 йил 18 июндаги ҳукми билан Э. Жамоловнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинди. Қолаверса, суд Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори 2-бандида Жиноят кодексининг 10-моддасида назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи жазо қўлланилиши шартлигини англатмаслиги, шу туфайли судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахсларни Жиноят кодексининг 65, 66, 70, 71-моддаларига мувофиқ жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилиши лозимлиги белгиланганлигини назарда тутиб, кодекснинг 70-моддасига асосан, судланувчини жазодан озод қилди.
Энди ҳақли мулоҳаза туғиладики, агар тергов жараёнида Э. Жамоловнинг қилмиши Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан тўғри малакалаганда эди, ярашув институтига мувофиқ, судланувчини жазодан озод қилиш мумкин бўларди. Чунки Жиноят кодексининг 66-1-моддасига кўра, агар келтирилган зарар қопланган бўлса, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ярашув институтини қўллаш мумкин бўлган доирага тушади. Ярашув институти қўлланганда эса, айбдор судланмаган ҳисобланади. Бошқача айтганда, мазкур жиноят ишини малакалашда терговчи судланувчини ярашув ҳуқуқидан маҳрум қилган. Шунинг учун суд келгусида бундай камчиликларнинг олдини олиш ва амалда бундай хатоликка йўл қўймаслик борасида тегишли чоралар кўриш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, Олтиариқ туман ички ишлар бўлимига юборди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Фармонининг юқорида биз тилга олган хатбошиси амалга киргач, келгусида мисол келтирганимиз каби ҳолатлар бўйича суд жараёнида ярашув институтини қўллаш мумкин бўлади. Умуман олганда, мазкур тарихий ҳужжат қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш борасидаги эзгу ишларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб қолади.
Худойберди ХОЛИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш