ФАРЗАНД КАМОЛИ ОТА-ОНА ЗИММАСИГА АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

Оила — муқаддас қўрғон. Уни асраб-авайлаш ҳамда муҳофаза қилиш энг муҳим вазифалардан биридир. Зотан, аҳил ва ҳамжиҳат оилаларда оқил фарзандлар камол топишини эътиборга олсак, оилани аҳиллик ила мустаҳкамлаш ва тотувлигини таъминлаш ҳар бир ота-она зиммасига улкан масъулият ҳиссини юклайди.

Бироқ ҳаётда турли ба­ҳоналарни рўкач қилиб, оилавий муносабатларга совуқчилик туширадиган, ҳатто қўй­ди-чиқдигача борадиган ёш оилаларнинг бот-бот учраётганлиги, энг ёмони, бунинг жабрини норасида фарзандлар тортаётганлиги ачинарлидир.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Яккабоғ туманида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилди) Шавкат ҳамқишлоғи Гулнозага 2011 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда, тўй-томоша қилиб уйланди.

Аввалига улар бинойидек яшашди. Бу орада икки нафар фарзанд дунёга келди. Аммо кейинчалик ҳам­ма кўрса ҳавас қилгудек бу оилага негадир «кўз тегди». Аниқроқ айтадиган бўлсак, эр-хотин ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликлар келишмовчиликка айланди, табиийки, но­ўрин, беҳуда рашк ва гап-сўзлар боис, ои­ла қўрғонига дарз кета бошлади.

Ахийри, эрининг кунаро бўлиб турган машмашаларидан тамомила безган Гулнозанинг ота хонадонига қайтиб келишдан бошқа чораси қолмади. Қарангки, бу ҳолдан жаҳл отига минган Шавкат фарзандларини Гулнозага бермай, ўзи билан олиб қол­ди.

Бинойидек бир ёш оила ва бегуноҳ фарзандларининг келажагини ўйлаб, уни сақлаб қолиш учун яқин қа­риндошлар, маҳалла кайвониларининг барча уринишлари ҳам зое кетди. Эр-хотин ўртасидаги вазият эса, шу даражага бориб етдики, фарзандларини кў­риш учун эрининг хонадонига бир неча бор келган Гулнозага Шавкат қаршилик кўрсатиб, гулдек болаларини ҳам она меҳридан маҳрум қилди. Шундан сўнг Гулнозанинг эрининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, судга мурожаат қилишдан бошқа чораси қолмади.

Суд ҳайъати эса, даъвогар Г. Сафарованинг даъво аризасини қаноатлантиришни лозим топди.

Бинобарин, Оила кодексининг 75-моддаси 5-қисмига кўра, «ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-онанинг ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан, болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳол­да, ҳал этилади», дея қайд этилган.

Суд юқорида таъкидланган қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, вояга етмаган икки нафар, яъни 2012 йил 18 августда туғилган Нурматов Бунёдбек Шавкат ўғли ва 2015 йил 13 сентябрда туғилган Нурматова Ноила Шавкат қизини онаси, яъни даъвогар Г. Сафарованинг тар­бия­сига мажбурий тартибда олиб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Мухтасар қилиб айтганда, оилада ҳаётимиз давомчилари, жамият келажаги бўлган фазандлар униб-ўсади. Ҳар бир ота-она, энг аввало, комил фарзандларни тарбиялашни ният қи­лар экан, умр йўлларида бунга риоя этсалар, болаларни меҳр ардоғида камолга етказсалар, келгусида, албатта, бунинг ширин маҳсулидан баҳраманд бўлишади. Аксинча, турли баҳоналар билан фарзандлар олдидаги масъулиятни ҳис этмаслик, уларни меҳр-мурувватдан маҳрум этиш эса, инсонга хос бўлмаган ва асло кечирилмас хатодир.

Нодир Гадоев,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккабоғ туманлараро судининг раиси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: