МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ 4 ОЙДА 3 МАРТА СУДЛАНДИ
10-синф боласи жиноятга қўл урса ишонгинг келмас экан, аммо… 2004 йилнинг 21 июлида Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида туғилган Ҳалимжон Муҳаммаджонов ҳали Қўқон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида ўқийди. Энг ачинарлиси, бундан аввал ҳам жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг 2020 йил 10 июндаги ҳукмига кўра, 1 йил муддатга озодликдан чеклаш ҳамда жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2020 йил 10 сентябрдаги қарори билан 1 йилу 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайин этилган. Айтинг-чи, одамнинг ишонгиси келадими, ахир мактаб боласи шу йилнинг сўнгги 4 ойида уч марта судланаяпти…
Ҳайратдан ёқа ушлайсиз, ўталмаган жазо муддати 1 йил 1 ой 1 кунни ташкил қиларди, аммо ўсмирнинг яна қайта жиноятга қўл урганини тушуниш қийин. Унинг навбатдаги қинғирлиги 2020 йил 8 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди.
Айблов хулосасида Ҳалимжон Муҳаммаджонов 2019 йил 21 июль куни соат 13.00 ларда шериги Хурсанали Жўрабоев билан Қўқон шаҳар, Форобий кўчасида жойлашган “Музаффар савдо” мажмуаси олдида “Nexia” русумли, давлат рақами 40 716 ТТК автомашинани тўхтатишади. Ундан яшаш хонадонига олиб бориб қўйишини сўрашади. Келишилган кира ҳақига ҳайдовчи рози бўлгач, юкларини машина юкхонасига ортиб, ўзлари машинага ўтиришади. Фуқаро Т. Халилов қараса, машинасида ортиқча йўловчи бор, 5 кишини олиб кетолмаслигини айтиб, уларни машинадан туширади.
Т. Халилов бироз нарироқда турган, икки нафар аёлнинг ҳар биридан 5 000 сўмдан, жами 10 000 сўмга Чархий мавзесига олиб бориб қўйишга келишиб, машинасига олади. Шу орада яна уч нафар аёл бозордан чиқиб келиб, тўғри Т. Халиловнинг ёнига келиб гаплашади. Улар таклиф қилган қимматроқ йўл пулига учган ҳайдовчи машинадаги аёллардан бирини туширади, буни кўриб норизо бўлган, машинадаги иккинчи аёл ҳам тушади. Хурсанали машинадан тушган аёлга қараб: “Опа бу ердан Чархийга 5 000 сўмга олиб бориб қўяди, 6 000 сўмга иккалангиз ҳам бемалол етиб оласизлар”, дейди. Негадир бу гап “Nexia” ҳайдовчисига ёқмайди. Сабаби, у икки аёлнинг биттасини олиб кетишга кўндирмоқчи эди. Бировнинг ишига бурнингни тиқма дегандек, ҳайдовчи Хурсаналига мушт уқталайди. Орага Ҳалимжон ва унинг оила аъзолари тушади. Ўртада даханаки жанжал бошланади.
Х. Жўрабоев фуқаро Т. Халиловнинг юзига қўли билан бир марта уриб, унга тан жароҳати етказади. Даханаки жанжал муштлашишга айланганини кўрган Ҳалимжон дарров ёнидаги “финка” пичоғини чиқариб, Т. Халиловнинг чап елка ҳамда қуймичининг чап томонига, кўкрак қафасининг эса ўнг томон орқа юзаси соҳасига бир-неча маротаба санчади…
Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда мактаб ўқувчилари иштирокидаги жиноий ишлар анчайин кўпайиб бормоқда. Шу ўринда савол туғилади: мамлакатимиздаги айрим мактаблар ўқитувчилари ўқувчининг таълим-тарбиясига етарлича аҳамият бераётибдими? Ота-она, маҳалла аҳли-чи, биринчи навбатда, улар масъул эмасми фарзанд тарбияси учун?! Наҳотки, ўқувчининг мактабда юриш-туриши, хулқ-атвори мактаб маъмуриятини қизиқтирмайди? “Ҳозир пандемия вақти, мактаблар ярим ёпиқ шаклда”, дейсизми? Ахир, юртимизда карантин шу йил март ойи охиридан бошланди, бу бола 10 йилдан буён мактаб ўқувчиси эмасми?! Кейинги пайтларда мактаб болаларининг ёнида пичоқ олиб юриши одатий ҳолга айланиб қолаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Бугун эртамиз эгалари — ўсмир-ёшларга етарли таълим ва тарбия беришда давлатимиз томонидан яратилган улкан имконият бой берилса, эртага жамият мустаҳкамлигига путур етмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.
Элёр ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди судьяси,
Маъруфа СОЛИЕВА,
“Hurriyat” мухбири
(“Hurriyat” газетаси,
2020 йил 4 ноябрь)
Фикр қолдириш