ЖАҲЛНИНГ БАДАЛИ
2020 йилнинг 7 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида яна бир жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди: “Давлат Ҳабибуллаевга (исм-шарифлар ўзгартирилган – таҳририят) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин…”
Бугун 31 ёшни қаршилаётган, айни кучга тўлган йигитлик чоғида панжара ортига кирган Давлат Ҳабибуллаев озодликка чиққанида ўрта ёшли, умрининг энг азиз паллаларини бой берган, оила қуриш, фарзанд кўриш ва уни тарбиялаш — оталик бахтидан кечиккан киши қиёфасида бўлади.
Айтишга осон гап. Бу бир инсоннинг ҳаёти издан чиқиб, маъносини йўқотди деганидир. Аммо начора. Бунга ким айбдор?
Жиззах вилоятининг Зарб¬дор туманида туғилиб ўсган, ўрта махсус маълумотга эга Давлат Ҳабибуллаев Тошкент шаҳридаги “Абу-сахий” савдо мажмуасида аравакашлик қилиб, кундалик насибасини топарди.
2015 йилда тирикчилик важидан Россияга кетдию ишлари юришмай қайтиб келди ва яна аввалги юмушини давом эттирди. У Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилиб, анчадан бери шу бозорда тадбиркорлик билан шуғулланувчи Мирза Маматовнинг ҳам юкларини айтган манзилига олиб бориб берар, шу боис улар ўзаро яхши муносабатда эди. Куч-қувватга тўлган йигит сочиқ ишлаб чиқарадиган «Regular Partnership» МЧЖнинг директори Мирза Маматовнинг эътиборига тушади. М. Маматов Қозоғистон Республикасида ҳам ишлаб чиқариш цехи ташкил қилган эди. У вужудидан куч ёғилиб турган йигитга сердаромад иш таклиф қилади: Чимкент шаҳрида жойлашган «Алаш» савдо мажмуасидаги дўконида сотувчи бўлиб ишлашини, барча яшаш шароитига эга уйда туришини, ижара ҳақиниям ўзи тўлашини, иш ҳақини кўнглидагидай беришини, фақат унинг ишончини оқлаши лозимлигини айтади. Ҳар куни оғир жисмоний меҳнат туфайли зўрға кундалик харажатига етадиган пул топаётган Давлатга бу таклиф маъқул тушади ва 2016 йилнинг июль ойида айтилган манзилга бориб иш бошлайди. Мирза эса Қозоғистонга савдодан тушган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш учун ойда бир ёки икки марта борарди.
Аввалига ҳаммаси жойида эди. Аммо Мирза кейинги вақтда савдо-сотиқдан тушган даромад камайиб кетаётгани шубҳаланаётгани ҳақида хотинига нолиб қўяр, аммо хафа қилмаслик учун Давлатга ҳеч нима демасди.
Мирза Маматов 2018 йилнинг 10 ноябрь куни одатдагидай савдо-сотиқ ва ҳисоб-китоб ишларини назорат қилиш ҳамда савдо маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Чимкент шаҳрига жўнайди. Уни Давлат кутиб олади ва одатдагидай ижарага олинган Чимкент шаҳрининг 3-кичик туманида жойлашган хонадонга келишади. Давлат эртаси куни эрталаб соат 700 ларда савдо қилиш учун бозорга кетиш тараддудини кўрар экан, ухлаб ётган Мирзани уйғотмасдан уй эшигини устидан қулфлаб кетади.
Бироздан кейин уйғонган Мирза эшикнинг таш¬қаридан қулфланганини кўриб, иккинчи калитни сўраб Давлатга қўнғироқ қилади. Иккинчи калит йўқолганини эшитиб, жаҳли чиқади, ишлари жуда кўплигини, шошиб турганини, тезроқ келиб эшикни очишини сўрайди.
Давлат эса яна ўз ишини давом эттиради. Қайта-қайта қўнғироқ бўлавергач, соат 11.00 лар атрофида савдодан тушган 250 минг тенге пулларни олиб, уйга келади ва эшикни очиши билан фиғони фалакка чиқиб турган Мирза жаҳл билан: «Нима учун калитни ташлаб кетмадинг, қанча ишларим бор эди!» дея унга бақириб кетади. Давлатнинг айтишича, ҳолатни тушунтирмоқчи бўлганида, М. Маматов уни, онасини ҳақоратлаган, шунда унинг ҳам жаҳли чиқиб, жанжаллашиб кетишади. М. Маматовнинг гавдаси ундан анча кичик ва жисмонан кучсиз бўлганлиги сабабли Давлат уни бўғиб, диван устига йиқитади, ҳануз ҳақоратлашда давом этаётган рақибининг устига ўтириб, бўйнидан бўға бошлайди.
Мирза қанчалик қаршилик кўрсатмасин, унга кучи етмайди ва бир неча сониядан сўнг қимирламай қолади.
Шундан сўнггина Давлат унинг бўйнидан қўлини олади ва бу ишининг оқибатини англайди. Давлатнинг жаҳлга эрк бериши Мирза Маматовнинг ҳаётига якун ясаганди. Бир ёлғон иккинчисига йўл очганидек, бир жиноят ҳам бошқасига бошлайди: Давлат “Тез ёрда씬га ёки жиноятини тан олиб ИИБ ходимларига қўнғироқ қилиш ўрнига ваҳший хатти-ҳаракатларини давом эттиради: М. Маматовнинг чўнтагидан уяли алоқа воситасини олиб ўчириб, диван тагига ташлайди ва эшикни қулфлаб кўчага чиқиб кетади.
Кеч¬қурун келиб, қўни-қўшнилар сезиб қолмаслиги учун майитнинг бошига қора рангли полиэтилен халта-пакет кийдиради ва халта учларини бўйнидан ҳаво кирмайдиган даражада скотч лентаси билан қаттиқ сиқиб боғлайди. Сўнг оёқ-қўлларини бирлаштириб боғлаб, хонадоннинг айвон-балконига олиб чиқади ва шу ердаги сотиш учун мўлжалланган кийим-кечаклар орасига яшириб қўяди. Шундан сўнг шаҳар айланишга чиқиб кетади ва пиво, ароқ олиб келиб ичади. Гўё ҳеч нарса бўлмагандек эртаси куни, яъни 2018 йил 12 ноябрь куни бозорга боради. Бироз савдо қилиб, атрофдагиларга ўзини бамайлихотир ишлаётгандек кўрсатади. Бу орада унга Тошкент шаҳрида яшовчи, Қозоғистон Республикасидан одеял ва кўрпа-тўшак сотиб олиб, Тошкент шаҳрида қайта сотиш билан шуғулланувчи Илҳом исмли таниши қўнғироқ қилиб, ушланиб қолганлиги сабабли у яшаётган хонадонда бир кеча тунаб қолишини сўрайди.
Меҳмон Давлат билан анчагача суҳбатлашиб ўтиради, хонадонда фожеа содир бўлганини сезмайди ҳам.
Аммо Мирза Маматов билан мобил алоқа йўқлигидан хавотирланган хотини, онаси ва синглиси таниш-билишлари орқали уни излай бошлашлари Давлатнинг тинчини бузади. Лекин у сир бой бермай, хўжайинни кечадан бери кўрмаганлигини, Тошкентга кетган бўлиши мумкинлигини айтади. Давлат М. Маматовнинг яқинлари илтимосига кўра мол сақланадиган омборхона эгаси Бейбит билан боғланади, унга қўшилиб, Чимкент шаҳридаги меҳмонхонаю шифохоналардан, ИИБ идораларидан Мирзани “излаб тополмай” ярим кечаси уйга қайтади…
Эрталаб меҳмонни кузатгач, Андижондан Мирзанинг яқинлари келишаётганини эшитиб, уларга кутиб олишни ваъда қилади. Сўнгра эшикни қулфлаб, савдодан тушган 250 000 тенгени олиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиш жойи бўлган «ўишт кўприк» чегара постига етиб келади.
Чегара постидан расман ўтгач, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотаниш йигитдан 250 000 «тенге» пулларни 5 500 000 сўмга алмаштириб, Жиззах шаҳрига йўл олади. Киндик қони тўкилган гўшага келадию ўз уйига, яқинлари олдига боролмай, сарсон кезади. “Ота-онам билиб қолса…” деган қўрқув билан шаҳар кўчаларида тентирар экан, тунги соат 02.00 лар чамасида уни ИИБ ходимлари ушлаб, ИИБ биносига олиб келишганида Давлат бўлган воқеани уларга айтиб беради…
Давлат қилган жиноятининг бадалини 14 йиллик умри билан тўлайдиган бўлди. Аммо бундан кимга наф? Бу фақат унинг жиноятига жазо!
Ўзгаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш учун, тинчлигини таъминлаш ва жиноятчига жазо муқаррарлигини, келгусида бошқа жиноят йўлига кирмаслигини қонун йўли билан англатиш, тарбиялаш усули, халос!
Аслида-чи? Наҳотки соғ¬лом инсон жаҳлини жиловлай олмаса, қилаётган ишини англолмаса? “Инсоннинг буюклиги энг майда ишларда кўринади”, деб бежиз айтилмаган. Давлатнинг бир лаҳзалик ғазабига эрк бериши натижасида бир инсон ҳаётдан кўз юмди, унинг хотини бева, фарзанд¬лари етим бўлиб қолди.
Инсоннинг ҳайвондан фар¬қи онгу шуурида эмасми? Йиллар ўтиб Давлат Ҳабибуллаев жазо муддатини ўтаб қайтар. Аммо хатосини англаган киши учун виждон азобидан катта жазо йўқ. Зеро, бировни яшаш ҳуқуқи¬дан маҳрум қилишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Наргиза ҚАСИМОВА,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди судьяси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири
(“Adolat” газетаси,
2020 йил 30 октябрь)
Фикр қолдириш