СОХТА ХОДИМ АНИҚ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ
Маълумки, самимий, соддадил ва бағрикенг халқимиз давлат хизматчиларига, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига ҳурмат билан қарайди, уларга ишонади. Негаки, юртимизда тинчлик-осойишталикни ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда ушбу соҳа вакилларининг хизматлари беқиёс.
Китоб туманида яшовчи Фаррух Оқилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг фирибгарлик қилмишини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими сифатида амалга оширганлиги ҳам балки шундандир.
Гап шундаки, дастлаб Ф. Оқилов 2019 йилнинг октябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Зебо Маматова билан учрашиб, ўзининг Тошкент шаҳридан эканини, ДХХ Шаҳрисабз шаҳар бўлимига ишга келганини айтади.
Сўнгра З. Маматованинг Шаҳрисабз шаҳар Фусункор кўчасидаги кўп қаватли уйда жойлашган хонадонини вақтинча ижарага олади. Хонадонга жойлашадию, аёлни алдашга киришади.
— Акам чегарада юз берган отишмада яраланибди. Шунинг учун отам уни даволатишга пул сўраяпти. Илтимос, менга минг доллар бериб турсангиз. Ойлигим чиқиши биланоқ қайтараман, — дейди у.
Бинобарин, хонадон соҳибаси унга ишониб, 9 428 150 сўмга тенг бўлган 1 000 АҚШ доллари миқдорида пул беради. Аммо Фаррух қарзини қайтармай, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Кейин — 2020 йил 10 январь куни эса, Зебо Маматованинг куёви, яъни синглисининг хўжайини Отабек Бобоқуловга ойлик маоши кечикаётганлигини айтиб, 800 АҚШ доллари қарз олади. Бироқ бу пулни ҳам қайтариб бермайди.
Бундан ташқари фирибгар яна бир фуқаро — уяли телефон савдоси билан шуғулланувчи Алижон Маҳмудовни ҳам ДХХ Шаҳрисабз шаҳар бўлимида ишлашини айтиб, лақиллатади.
— Манави телефонингиз менга ёқди, шуни берсангиз, — дейди дўкондаги мобил қурилмалар ичидан «Redmi 6 PRO» русумли, нархи 150 АҚШ доллари бўлган телефон аппаратини олиб. — Фақат уч-тўрт кунда ойлик оламан, шунда пулини бераман.
У шундай деб уяли телефонни олиб кетадию, лекин пулини бериш «хаёлидан кўтарилиб» қолади.
Шундан сўнг Ф. Оқилов жиноий ҳаракатини Китоб туманида давом эттиради.
Аниқроғи, Тошкент шаҳридан қайтаётиб кеч қолиб кетганлигини билдириб, туманнинг Дўрмон қишлоғида яшовчи таниши Шоҳимардон Худойқуловникида бир кеча тунаб қолади. Шунда Шоҳимардоннинг 2017 йил 6 февралда берилган ҳарбий гувоҳномасини билдирмай олиб қўяди. Кейин яна ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, ана шу гувоҳномани гаровда қолдириб, Китоб туманидаги «Омад сервис қурилиш» масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо дўкони сотувчиси Сардорбек Хайруллаевдан 1 600 000 сўмлик турли эркаклар кийим-кечакларини олиб кетади.
— Шоҳимардон бизнинг хизматга ишга киряпти. Отасининг мендан қарзи бор. Шунинг учун беш-олти кунда бир миллион олти юз минг сўм ёки уч юз доллар бериб, сиздан ҳарбий билетини қайтариб олади. Бўлмаса, ўзим ойлигимдан тўлайман, — деб қўшиб қўяди кетаётиб.
Аммо айтилган муддатда Ш. Худойқулов ҳам, ўзи ҳам келмайди. Бинобарин, орадан 40 кун ўтгач, С. Хайруллаев ҳарбий гувоҳнома эгасини телефон орқали қидириб топади ва дўконига чақиртиради. Бироқ дўкондорнинг гапини эшитиб, Шоҳимардон тутақиб кетади. Сўнгра Фаррухдан ҳеч қандай қарзи йўқлигини, аксинча, у ҳарбий гувоҳномасини ўғирлаб кетганлигини билдириб, ҳужжатини қайтариб олади. Шу боис Сардорбек мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Шаҳрисабз шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилади.
Лекин «қаҳрамон»имизнинг қилмишлари шу билан якун топмайди. Аксинча, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йилнинг апрель ойида Касби тумани Чулқувар қишлоғида яшовчи Ҳумоюн Эватовни ҳам чув туширади.
Маълум бўлишича, Ф. Оқилов Ҳумоюн билан 2020 йил 22 апрель куни — тоғаси Орифжон Ботировнинг туғилган кунида танишади. Ўзини ДХХ ходими деб таништирар экан, Фаррух Х. Эватовни сафарбарлик чақирув резервига — 1 ойлик ҳарбий хизматга юбориши ҳақида қуюқ ваъда беради. Фақат бунинг учун йигитнинг фуқаролик паспорти ва шартнома тўлови учун 4 500 000 сўм беришни айтади. Натижада соддадил тоға шу куниёқ унга 1 500 000 сўм, эртаси куни эса 3 000 000 сўм беради. Лекин ҳарбий хизмат Ҳумоюнга насиб этмайди. Боиси, фирибгар олган пулларини ўз ҳамёнига уради. Бу ҳам етмагандек, Ҳ. Эватовнинг фуқаролик паспортини йўқотиб юборади.
Фаррух Оқилов ҳатто ўзи ейдиган гўштнинг пулини ҳам бермай фирибгарлик қилади.
— Чегара қўшинлари хизматига бошлиқ бўлиб келдим. Ака-ука бўлиб кетамиз насиб қилса. Шунинг учун менга бир ярим-икки кило гўшт берсангиз. Ойлик олишим заҳотиёқ пулини бериб кетаман, — дейди Нишон туман деҳқон бозорида гўшт сотувчи Акмал Чориевга.
Шунга кўра, қассоб йигит 2020 йил 9 май куни унга 70 000 сўмлик гўшт тортиб беради. 2020 йил 13 май куни эса, Фаррух А. Чориевдан 400 АҚШ доллари миқдорида қарз сўрайди. Аммо пул ундиролмайди. Бинобарин, Акмалжонни авраб, яна 100 000 сўмлик гўшт олиб кетади. Бироқ гўштнинг пули «туя гўшти ейди».
Хуллас, шу тариқа фирибгар Нишон туманидаги озиқ-овқат дўкони сотувчиси Дилноза Дўстқобиловани 3 000 000 сўм, деҳқон бозори сотувчиси Салимжон Юлдашевни 535 000 сўм, туманнинг Байналминал маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳафиза Собировани 1 000 000 сўм, киракаш ҳайдовчи Омон Ҳамроевни 120 000 сўмга чув туширади. Бундан ташқари ўзини ДХХ ходими сифатида таништириш ва шу орқали ўзгаларнинг ишончига кириш учун ҳарбий кийим сотиб олиб, хизмат гувоҳномасини сохталаштиради. Оддий фуқароларни қўя турайлик, ҳатто у Нишон туман ИИБ профилактика инспектори Ж. Омоновга ҳам ўзини ДХХ ходими сифатида таништиради.
— Бошлиғимиз сизларга нисбатан маълумот йиғишни топширганди. Лекин мен сизлар учун эркакчилик қилиб, унинг топшириғини бажармадим. Шунинг учун Нишон туман бўлимидан чегарага ўтиб кетдим, — деб аввалига унга нисбатан товламачилик қилмоқчи бўлади. Ҳушёр инспектор эса, турли баҳоналар билан тутқич бермайди. Бинобарин, сохта ходим кейинги галда қарз сўрашга ўтади. Лекин барибир ниятига етолмайди. Энг муҳими, жабрланувчиларнинг мурожаати, кўрсатмаси ҳамда бошқа тезкор хабарлар асосида Ф. Оқилов қўлга олинади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Ҳужжатларнинг судга оид техник-криминалистик экспертизасининг 2020 йил 10 июндаги хулосасида фирибгар томонидан хизмат гувоҳномасининг ички қисми ва ёзувлари рангли пуркагичли принтер ёрдамида тайёрлангани қайд этилган.
Қисқаси, фирибгар Ф. Оқилов жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг шу йил 3 сентябрдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди, 227-моддаси 2-қисми «а»-банди, 228-моддаси 1-қисми ва 3-қисми билан айбдор деб топилиб, узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қолаверса, айбдордан жабрланувчиларга етказилган 29 351 500 сўмлик зарарни ундириш ҳам белгиланади. Дарвоқе, «қаҳрамон»имиз фақатгина ДХХ Шаҳрисабз шаҳар бўлимига мурожаат қилган жабрланувчи Сардорбек Хайруллаевга етказган 1 600 000 сўм зарарини қоплаган, холос.
Хулоса ўрнида айтар сўзимиз шуки, ҳамюртларимиз ким нима деса, ишонавермасдан, аввал сўраб-суриштиришса, Ф. Оқилов сингари шубҳали ва сохта ходимлар хусусида эса, ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Балки шунда юз беражак жиноятларнинг олди олинардими?!
Лазиза РАСУЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Шаҳрисабз шаҳар судининг раиси
Фикр қолдириш