ХИЁНАТ
Бу иллат турли кўринишда, жумладан, ўзгалар ҳақини ўзлаштиришда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунинг совуқ турқини ғиждувонликлар ҳам кўришди.
1972 йил ушбу туманда туғилган Ғайрат Қутлиев туман Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) лабораторияси мудири лавозимида, бор-йўғи, бир йил-у 10 ой фаолият кўрсатди, айни пайтда ўриндошлик асосида туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли хўжалик ҳисобидаги лабораторияни ҳам бошқарди.
Биласиз, юртимизда бўлажак оналар, туғилажак болажонлар соғлиғи, бардамлиги ҳамиша эътиборда ва шу боис ҳомиладор аёллар фарзанд кўриш олдидан ОИТС муассасасига қон топшириш асносида лаборатория текширувидан ҳам ўтишади. Бу қоидага кўра, пуллик хизмат тарзида амалга оширилади.
Иш бор жойда унинг оғири ҳам, енгили ҳам бор. Ютуқнинг калити эса, ҳалоллик, поклик, фидойилик, муросаю мадорага бориб тақалади. Бунда ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, баҳамжиҳатликка не етсин. Бу алфоздаги меҳнат — жоннинг роҳати. Аммо ҳамиша ҳам шундай бўлавермас экан. Хуллас, лаборатория ходимаси О. Ашурова билан мудир Ғ. Қутлиев ҳамда бош ҳамшира Ҳ. Ҳайдарова ўртасидан «ола мушук» ўтди, ўзаро келишмовчилик юз берди. Бунинг оқибати О. Ашурованинг ишдан кетиши билан тугади. У ишдан-ку кетди, аммо жим турмади. Лаборатория мудири ва бош ҳамширанинг куракда турмас «ўйин»лари хусусида юқори идорага ариза битди. Арз беиз кетмади. Лаборатория мутасаддисининг 2019 йил март ойидан декабрь ойигача бўлган молиявий фаолияти аризага мувофиқ «ғалвир»га солинди, обдан тафтиш этилди. Таассуф, унинг якунлари хунук тугади. Мудир қонун сўровига рўпара келди. Устидан жиноий иш қўзғатилди.
Хўш, ушбу лабораторияда қандай қинғирликлар содир этилганди ўзи?
…Зикр қилинганидек, Ғ. Қутлиев ушбу муассаса раҳбари вазифасида атиги 1 йил-у 10 ой фаолият юритди. Ҳа, оз ишлади. Аммо баён этилган муддатнинг сўнгги 9 ойи мобайнида у бошқарган лабораторияга Ғиждувон туманига қарашли қишлоқ тиббиёт муассасаларидан келиб тушган 2 273 та, қўшни Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасидан келтирилган 2 962 та қон намуналари пуллик хизмат асносида тегишли тартибда текширилиб, таҳлил этилди. Бироқ ажабланарли томони шундаки, кўрсатилган хизматлар эвазига бўлажак оналар томонидан лабораторияга тўланган маблағнинг каттагина қисми ғазнагача етиб бормади. Қандай қилиб, дейсизми? Бу ёғи анча жўн. Ҳар икки тумандаги жами 5 235 нафар фуқародан таҳлил ва текширув учун қон олингани ҳақидаги битиклар тегишли журналга қайд қилинди. Аммо бу ҳолат лабораторияда юритилган бошқа бир расмий ҳужжат — пул тушумларини қайд қилиш журналида бирон-бир тарзда аксини топмади. Бари аён. Лабораториядаги тегишли ҳужжатга қайд қилинмаган пуллар, ўз навбатида, бирлашма ғазнасига ҳам топширилмайди.
Уқтирилганидек, улар ўзга шахс томонидан ўзлаштирилади.
Пировардида ўтказилган тафтиш ва тергов тадбирлари маблағ қай алфозда талон-торож этилганини рўйи-рост кўрсатди. Маълум бўлишича, ҳомиладор аёллар томонидан тўланган пулларни белгиланган тартиб-қоидалар асосида бирлашма ғазнасига элтиб топшириш вазифаси лаборатрияда ҳамшира бўлиб ишловчи М. Ёвқочеванинг зиммасига юклатилган. Лекин у бу вазифани деярли бажармаган. Аниқроғи, ҳамшира гарданидаги юмушни лаборатория мутасаддиси истаган тарзда «қойиллатиб» адо эта олмагани учун ҳам бажармаган. Пул муомаласи билан боғлиқ юмушлар Ғ. Қутлиевнинг хоҳишига кўра, бош ҳамшира Ҳ. Ҳайдарованинг зиммасига юклатилган.
…Ўзбек атамачилигида муносиблик ва мутаносиблик аталмиш иборалар бор ва у бир-бирига ўхшаб кетадиган, мувофиқ келадиган ёки узвий давомийликни англатадиган ҳолатларни ифодалайди. Буни назарда тутсак, мазкур лабораториянинг иккита расмий ҳужжати «Қон намуналарини рўйхатга олиш» ҳамда «Қон текшируви учун тўланган нақд пулларни рўйхатга олиш» китобларидан жой олган ёзувлар, қайд этилган номлар, ҳатто саналар ҳам шу алфозда бир-бирига тамомила мос ва ҳамоҳанг келмоғи даркор. Яъни қон намунасини топширган ва номи шу ҳақдаги махсус журналга қайд қилинган шахснинг исм-шарифи айни вақтнинг ўзида уни текшириш учун пул тўлаш китобига ҳам ёзиб қўйилиши шарт. Ўтказилган назорат-тафтиш тадбирлари чоғи масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар иккала китобдаги ёзувларнинг ўзаро мувофиқлиги ва мутаносиблиги синчиклаб ўрганилди. Чувалган калаванинг учи айни шу жараёнда топилди. Исм-шарифи қон топширувчи сифатида рўйхатга олинган ғиждувонлик 2 273 нафар, шофирконлик 2 962 нафар бўлғуси онанинг номи ушбу тадбир учун пул тўлаганлар рўйхатидан ҳарчанд изланса-да, топилмади. Лаборатория мутасаддилари ноилож қолишди.
Шунинг важидан мижозлар тарафидан пул тўланганлик ҳолатини инкор этишмади, уларнинг номи шу юзадан юритилган журналга атайлаб қайд этилмаганини очиқ тан олишди. Аслида, тўланган ва хатга тушмаган пуллар охир-оқибатда бир киши — лаборатория мудири томонидан ўзлаштирилгани ана шу аснода аён бўлди. Тафтиш жараёнида қон таҳлили учун мижозлар тарафидан тўланган, аммо тегишли тартибда қайд қилинмаган ва ғазнагача етиб бормаган пулларнинг миқдори аниқ-тиниқ ҳисоблаб чиқилди. Маълум бўлишича, ўиждувон тумани қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан олиб келинган 2 273 та қон намунаси учун тўланган 37,2 миллион, Шофиркон тумани тиббиёт муассасаларидан келтирилган 2 962 та қон таҳлили учун нақд санаб олинган 49,1 миллион, жами 87,3 миллион сўм миқдоридаги пул мудирнинг «чап чўнтаги»ни безаган. У атиги иккита тумандан бор-йўғи 9 ойнинг нари-берисида келиб тушган ана шунча миқдор пулни ўзлаштиришдан асло тап тортмади.
Ҳар қандай жиноий қилмиш тўсатдан ёки ўз-ўзидан йўлга кўндаланг чиқмайди. Нияти бузуқларнинг аксарияти бундай қинғирликка ҳадисини олмай туриб ундашмайди. Бу ҳолат Ғ. Қутлиевнинг фаолиятида ҳам кузатилди. У кейинги давомли қилмишлари учун дурустгина пиллапоя бўлган машъум қилмишни хамир учидан патир қабилида 2019 йилнинг май ойида ўзгалар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда амалга оширди. Оқибатда М. Бақоева ва Г. Қуловаларнинг қон таҳлили сохталаштирилди. Лаборатория текширувлари улар қонида юқумли «Гепатит-Б» макруҳи (вирус) мавжудлигини кўрсатди. Бироқ бу ҳолат ўзгача талқин этилди. Мудир ҳар иккала мижознинг қонида аниқланган хасталикни шифо-муолажа чоралари баробарида эмас, балки оддийгина қоғоз қоралаш йўли билан йўққа чиқарди. М. Бақоева ва Г. Қуловаларнинг қони хавфли макруҳдан холи эканлиги ҳақида маълумотнома битди. Ушбу қилмиш оқибатида ана шу юқумли касаллик чор-атрофга тарқаб, ўзгалар ҳаёти ва соғлиғига рахна солишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмади. Оқибатда бошқаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий путур етди.
Таассуфки, Ғ. Қутлиев бурч ва мажбуриятларини сидқидилдан адо этиш йўлидан бормади. Эл ҳам, қонун ҳам сийлаганни сийлайди. Устомон мудир ўз қилмишларининг ажрини тортди. Қонун олдида ўз қилмишларининг ҳисобини берди. Унинг қилмиши тергов органи томонидан Жиноят кодекснинг 167-моддаси 2-қисми «а», «б», «г» бандлари, 209-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича малакаланди.
Хайрият, қилмишлари устидан ўтказилган суд-тергов амаллари унинг сўқир кўзини мошдай очди. Хатти-ҳаракатлари кўлами, асорати ва оқибатини яққол англаб етди. Қонун ва қилмишидан азият чекканлардан кечирим сўради, айбига тўла иқрорлик ва пушаймонлик билдирди. Ўзганинг ҳаққи бировга буюрмаган. Айбланувчи ушбу ҳаётий ҳақиқатни ҳам аниқ-равшан идрок этди ва тиббиёт бирлашмасига ўзи томонидан етказилган жами 87,3 миллион сўм зарарни қоплади.
Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги сингари тамойилларга суяниш зарурлиги алоҳида уқдирилган. Суд ана шу қоидага риоя этар экан, айбланувчи қилмишига тўла иқрорлик билдиргани, етказилган зарарни тўла қоплагани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни эътибордан четга сурмади. Ишни кўриб чиқиш жараёнида оғирроқ жазони тақозо этувчи ҳолатлар аниқланмади. Бунинг устига судда фуқаровий даъвогар сифатида қатнашган Б. Қиёмов етказилган зарар бартараф қилингани боис, айбланувчига нисбатан даъво важи қолмаганини билдирди. Суд ушбу вазиятда юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 37-бандини ҳам назарда тутди. Унда айбланувчига нисбатан енгилроқ жазо қўллаш имконияти юзага келганида, Жиноят кодексининг шу важга дахлдор 57-моддасини қўллаш лозимлиги баён этилган. Айни пайтда суд муҳокамасига сабаб бўлган жиноий ҳодиса шахснинг касбий фаолияти ва лавозими билан боғлиқ вазиятда содир этилгани ҳам назарда тутилди. Бундай ҳолатларда айбланувчини муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳақидаги масала ҳам муҳокамага киритилмоғи зарур.
Суд ана шулар ҳамда Жиноят кодексининг юқорида зикр қилинган икки моддаси талабларига мувофиқ, айбланувчи Ғ. Қутлиевга нисбатан бир мунча енгил жазо чорасини қўллашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади. У 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. Масаланинг ижтимоий хавфлилик даражаси судланувчига нисбатан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ таъсир чорасини қўллашни ҳам тақозо этади. Суд ушбу муддатни 1 йил қилиб белгилади.
Ўзини билган одам қинғир ишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Номуносиб хулқ ва унга хос ҳаракат кишини, шубҳасиз, кўнгилсиз воқеалар гирдобига элтади. Шундай экан, ножўя қилмишга қўл уриб, сўнгида пушаймон бўлгандан кўра, бу сингари хатарли йўллар, қинғирликларни четлаб юриш минг карра афзал эмасми? Ана шу янглиғ қалтис амаллардан ўзини асраган инсон албатта, шарафга етишади. Башарти, у бошқаларни ҳам эзгуликка, жирканч амаллардан тийилишга чорласа, бу чорлов эзгу амалларга етакласа — абадий шарафга муяссар бўлади. Инсон эканмиз, ушбу ҳикматли чорлов ва эзгу амаллар оғушида яшамоғимиз даркор.
Бобир Умаров,
жиноят ишлари бўйича
Ғиждувон тумани судининг раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш