ОЛМОҚНИНГ БЕРМОҒИ БОР ЁХУД ҚАРЗНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАШ – ФАРЗ
Одатда, тўлови ваъда қилинган, шу юзасидан бир битимга эришилган ҳолда сотилган ёки бериб юборилган товарнинг ҳақи пировардида ростмана қарзга дўнади. Тўлов мажбурияти харидорнинг, уни талаб қилиб олиш фарзи эса, сотувчининг гарданида қолади.
Таассуфки, бозор муносабатларига дахлдор ушбу тартиб-таомилларга ҳамма ҳам бирдай амал қилаётгани йўқ. Тўлов мажбурияти ва интизоми билан боғлиқ низолар иқтисодий судларда муҳокамага энг кўп сабаб бўлаётган ишлар сирасига киради, десак, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонаси манфаатини кўзлаб, «Ҳазорасп сув таъмир қурилиш» масъулияти чекланган жамиятидан 54,6 миллион сўмлик асосий қарз ва 3,8 миллион сўмлик пеняни ундириб беришни сўраб, Хоразм вилоят иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Даъвогар бу борадаги қонуний талабини қўллаб-қуватласа-да, суд мажлисида иштирок эта олмаслигини билдирди. Ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўради. Судда жавобгар тараф вакили ҳам қатнашмади.
Муҳокама санасидан бохабар бўлишига қарамай судга етиб келмади. Иш Иқтисодий процессуал кодексининг 170-моддаси талабига асосан, тарафларнинг иштирокисиз кўрилди.
Суд даъвогарнинг шикоятини муҳокама этар экан, ўртадаги молиявий низонинг туб сабабларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратди.
Аниқланишича, «Ўзмелиомашлизинг» корхонаси «Ҳазорасп сув таъмир қурилиш» масъулияти чекланган жамиятига шартнома асосида 4 та мелиоратив техника воситаларини лизинг шартномаси асосида етказиб берган. Уни харид қилиб олган тараф йилнинг ҳар чорагида бир маротаба белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олган.
Бироқ жавобгар бу мажбуриятга кўпам риоя этмаган. Оқибатда 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, салкам 55 миллион сўм миқдоридаги муддати ўтган қарздорлик пайдо бўлган. Лизинг берувчи ушбу қарзни тўлашни сўраб, жавобгарга расман мурожаат ҳам қилган. Бироқ сўров жавобсиз ва оқибатсиз қолган.
Фуқаролик кодексининг 597-моддасига мувофиқ, лизинг воситасини олувчи белгиланган тўловларни ўз вақтида адо этиши, харид қилинган мол-мулкдан мақсадга мувофиқ фойдаланиши, уни соз ва тоза сақлаши, асраши, жорий таъмирлаш ва қаров билан боғлиқ бошқа жузъий ишларни ўз ҳисобидан амалга ошириши зарур. Судга тақдим этилган ҳужжатларга қараганда, қарзга мол олган тараф қонуннинг ушбу талабини эътироф этса-да, зиммасидаги бурч ва мажбуриятларга панжа орасидан қараган. Гал харид қилинган техника воситалари тўловига етганида турфа важ-баҳоналарни рўкач этган. Оқибатда тўлов мажбурияти ойлар мобайнида адо этилмаган.
Бинобарин, қарзга сотилган молнинг сўрови бор. Пул тушумлари ва унинг айланмаси барқарор жойда фаолият жонланади, иш бароридан келади.
Лизингга мол олганнинг ҳам ошиғи олчи. Ишига унум энади, даромаду буромади миқёслари ошади.
Низони ҳал қилиш асносида ушбу маром бузилгани, бунга лизинг тўловчининг хатти-ҳаракати сабаб бўлгани рўйи-рост аниқланди. Айни пайтда ўз қонуний ҳақини ундириш борасида лизингга мол сотувчининг ҳам айби аён бўлди. Шу ўринда қонуннинг кўрилаётган ишга дахлдор бир жиҳатини эслатиш зарур. Қарздор шартномада белгиланган мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кредиторга тўлаши шарт бўлган пул миқдори Фуқаролик кодексининг 260, 262-моддаларига мувофиқ, неустойка ҳисобланади ва у тўловчидан пеня, яъни устама тарзида ундирилади. Аниқланган ҳолатларга қараганда, лизингга мол сотувчи харидорнинг зиммасида ушбу мажбурият турганлигини унга ўз вақтида эслатмаган, қарзни ундиришга шошилмаган. Тўловни талаб қилиш муддатини пайсалга солган. Бу билан устама тўлов миқдорининг асоссиз ортишига йўл қўйиб берган. Суд ана шу ҳолатни ҳам назарда тутди. Пеня ҳажмини анча камайтирган ҳолда унинг миқдорини талаб қилинган 3,8 миллион сўмдан 1,7 миллион сўмга туширишни мақсадга мувофиқ ҳисоблади. Бу ҳолат суднинг ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди.
«Ҳазорасп сув таъмир қурилиш» масъулияти чекланган жамияти зиммасига талаб қилинган асосий қарз — 54,6 миллион сўм ва муддати ўтказиб юборилган тўлов учун ҳисобланган устама — 1,7 миллион сўмни «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонасига монеликсиз тўлаш мажбуриятини юклади.
Шу сингари суд эшитувлари жараёнида «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамияти зиммасига муайян миқдордаги қарзни тўлаш мажбурияти юклатилди.
…Судга тақдим этилган ҳужжатларга қараганда, 2019 йилнинг 15 июлда даъвогар мақомидаги «Сайман-Сайҳун» ва жавобгар тоифасидаги «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш ва унинг ҳақини олдиндан тўлаш юзасидан 17-сонли шартнома тузилган. Сотувчи — «Сайман-Сайҳун» корхонаси мазкур шартнома талабларига биноан, у расмийлаштирилган куннинг эртасигаёқ харидор — «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамиятига 39,7 тонна, ўша йилнинг 20 сентябрида эса, яна 5,8 тонна цемент маҳсулотини бериб юборган. Етказиб берилган маҳсулотнинг умумий қиймати 29,9 миллион сўмни ташкил этган. «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ушбу қимматли қурилиш «масаллиғи»ни қўшқўллаб қабул қилиб олган, аммо навбат тўловига келганида чўнтагини «қулфлаб олган».
Сотувчи тараф харид қилинган маҳсулотнинг ҳақини салкам бир йил давомида кутган. Шундан сўнг қоидага биноан, ўз ҳақини талаб қилишга киришган. Харидордан орани очиқ қилишни расман талаб этган. Лекин бу натижа бермаган.
…Шу йил июнь ойида иш судга кўчди. Унда масаланинг барча жиҳатлари ўз ечимини топди. Жавобгар даъвони рад этмади. Уни очиқ тан олди. Бироқ даъвогар тарафидан 14,5 миллион сўм миқдорида пеня-устама ундириш юзасидан қўйилган талабни бироз юмшатишни сўради. Суд ушбу ҳолатни ўрганар экан, пеня ҳажмини қисқартириш учун асослар етарли экани, даъвогар юзага келган қарзни барвақт ундириш чораларини пайсалга солгани, устама миқдори айнан шунинг оқибатида ошиб кетганини аниқлади.
Қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, талаб қилинган пеня ҳажми тенг ярмига қисқартирилди, даъвогарга бўлган жами тўлов миқдори 37,8 миллион сўм қилиб белгиланди.
Мақоламиз аввалида молни қарзга бериш билан боғлиқ юмушларни жиддий ва етти ўйлаган ҳолда амалга ошириш зарурлиги эслатилди. Зеро, томонлар низони судгача етиб келишидан олдин обдан ўйлаб, тадбир кўришлари, қонун ва адолат ким тарафда экани хусусида жиддий бош қотириши, ўзаро муросага келиш чораларини кўриши лозим. Аммо масаланинг бундан-да муҳим жиҳати бор: ҳарқалай, оларнинг берарини ҳам ўйлаб иш тутганга не етсин!
Музаффар Бобоназаров,
Хоразм вилояти
иқтисодий судининг судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш